@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган аёлларга ёрдам бериш юзасидан ахборот берилди

 2021-05-01 12:17:00   |   

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижроси юзасидан навбатдаги жамоатчилик эшитуви жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилди. Жамоатчилик эшитуви “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбир давомида Давлат дастурининг 9-банди ва 197-банди ижроси бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси, “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Халқ банки, Агробанк, Микрокредитбанк ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул раҳбарлари бажарилган ишлар юзасидан кенг жамоатчиликка ахборот берди.                                                                            

Малика Қодирхонова, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси:

- Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 тапарламент орасида 37-ўринга кўтарилди. Беш йил аввал 128-ўринда эди. Биринчи марта “Марказий Осиё мамлакатлари раҳбар аёллари мулоқоти” платформаси ишга туширилмоқда. Жорий йилда ушбу мулоқотга Ўзбекистон раислик қилади. Республикамизнинг барча ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг бандлигини таъминлаш, саломатлигини тиклаш, уй-жой билан таъминлаш ҳуқуқи ва бошқа йўналишлар бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди. Хотин-қизларни, шу жумладан ногирон аёлларни фидокорона хизматлари, мамлакат салоҳиятини оширишга қўшаётган ҳиссаси учун давлат мукофоти билан тақдирлаш мақсадида “Тўмарис” орденини таъсис этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. “Йил аёли” танловини ташкил этиш бўйича ҳам режалар тузилган.

Давлат дастурининг 9-бандига мувофиқ, қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган вазифалар қай тарзда ижро этилаётгани бўйича маълумот берилди. Қарорни таъминлаш бўйича нима қилинди?

Гулнора Маъруфова, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари:

- 9-банд бўйича Президент қарорига асосан, Республика Хотин-қизлар Жамоатчилик кенгаши тузилди, унинг таркиби шакллантирилди. Икки марта Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳар бир маҳаллада “Аёллар маслаҳат кенгаши” жамоатчилик тузилмасининг фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқилди ва Ҳукуматга киритилди. 812 нафар отасидан айрилган, ёлғиз онаси қарамоғида бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди, уларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида бошланғич тўловини тўлаб бериш тартиби бўйича Молия вазирлиги билан ҳамкорликда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланди. 1342 нафар махсус жарроҳлик амалиётлари ўтказиш орқали даволанишга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди. Жорий йилнинг шу кунига қадар 61 800 нафарига бир марталик 37 млрд 76 млн 705 минг сўмлик моддий ёрдам берилган.

Шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вакили Давлат дастурининг 197-бандига кўра, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган аёлларга ёрдам бериш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан ахборот тақдим қилди.

Маълум қилинишича, жорий йилда республика бўйича 69 877 нафар хотин-қизларнинг кичик тадбиркорлик лойиҳаларига 2 трл сўм миқдорда кредитлар берилиши режалаштирилган. Уларнинг 50 млрд сўми Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ва 1 трлн 950 млрд сўми тижорат банклари ҳисобидан амалга оширилади. Ҳозирги кунда Халқ банки томонидан 38 682 нафар хотин-қизларга 528 млрд сўм кредитлар берилди.

Жамоатчилик эшитуви давомида Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда жойларда учраётган муаммолар ва уларни бартараф этишда айрим мутасаддилар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар танқид қилинди. Жумладан, “Аёллар дафтари”га моддий таъминоти етарли бўлган, эҳтиёжманд бўлмаган аёллар ҳам киритилгани, улар бепул курсларда ўқиб, сертификатга эга бўлиш ва имтиёзли кредит олиш мақсадини кўзлаганлиги маълум бўлди. Бунда ишлар “хонадонбай” ташкил этилмай, аёлларнинг шароити ўрганилмай, айрим ҳолларда мажбуран дафтарга киритилган ҳолатлар ҳам бўлгани тилга олинди. Ушбу масалалар доимий равишда жамоатчилик назоратида бўлиши билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури жами 273 банддан иборат бўлиб, шу кунга қадар 44 та банд ижроси юзасидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ва ижрога қаратилган. Бу борада батафсил маълумот “Jamoatchilik.uz” платформасига жойлаштирилган бўлиб, унда Дастур ижроси юзасидан фикр-мулоҳазалар қолдириш имконияти яратилган.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати