@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Самарқанд шаҳрида қурилишда ишловчиларнинг меҳнат шароити ўрганилди

 2021-04-30 15:15:22   |   

Жорий йилнинг 29 апрель куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича доимий комиссияси аъзолари, масъул ташкилотлар ҳамда ОАВ вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳридаги қурилиш объектларида бўлди. 


Ишчи гуруҳ томонидан қурилишдаги ишчилар учун яратилган шароитлар, меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ масалалалар, иш берувчи ва ишчи ўртасидаги шартномавий муносабатлар "жамоатчилик назорати" тартибида ўрганилди. 


Сўнгги йилларда Самарқанд шаҳрида қурилишлар кўлами кенгайган. Бу ҳолат, ўз навбатида, ҳудудда қурилиш саноати ривожланишига катта таъсир кўрсатмоқда, минглаб иш ўринлари барпо этилмоқда. Лекин яна бир жиҳат борки, у ўрганишни талаб қилади, яъни ушбу қурилишларда меҳнат қилаётган фуқаролар қандай шароитда ишлаяпти, уларнинг ётоқ жойи қанақа, қишда иссиқ, ёзда салқинми, барча ҳимоя воситалари билан таъминланганми, иш берувчи билан шартномавий муносабатлари қандай йўлга қўйилган, Конституциямизнинг 37-моддасида белгиланганидек, “адолатли меҳнат шароитларида” меҳнат қилишяптими, деган саволларни туғдиради. 


Хорижий давлатларга ишга кетган меҳнат мигрантларининг иш шароитлари, дуч келаётган муаммолари тўғрисида кўп гапирилади. Ўзимизда-чи? Бизда ҳаммаси зўрми? Меҳнат муҳофазаси бўйича барча талабларга риоя қилинмоқдами?


Маълумки, миллий қонунчилигимизда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳнатни муҳофаза қилиниши ҳуқуқига эга. Меҳнатни муҳофаза қилиш дейилганда эса, тегишли қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида амал қилувчи, инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена ва даволаш-профилактика тадбирлари ҳамда воситалари тизими тушунилади. Хўш, бу ҳолат бўйича Самарқандда вазият қандай?


Ўрганишлар давомида Самарқанд шаҳридаги “Elite Story Building” МЧЖ, “Indigo Sand Trade” МЧЖ, “Florensiya Samarqand” МЧЖ, “Темп Строй Торг” МЧЖ, “JAHON KAFOLAT STIL” МЧЖ, “Samarqand Chinor Qurilish” ИТХК томонидан қурилаётган объектларда ишловчиларнинг меҳнат шароитлари талаб даражасида эмаслиги, кўпчилик ишчилар ҳимоя воситаларидан фойдаланмаётгани, газдан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя қилинмаётгани, овқатланиш ва ётоқ жойлари бир хонада ташкил қилингани аниқланди.      


Кўриб чиқилган барча объектлар бўйича маълумотлар умумлаштирилиб навбатдаги вилоят Кенгаши сессияси кун тартибига қурилиш объектларида ишловчи фуқароларнинг меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш бўйича материал киритиш режалаштирилди.


Халқимизда жуда яхши нақл бор: “Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган яхшироқ”. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхоналарда меҳнатнинг соғлом ва хавфсиз шароитларини таъминлаш, бунда иш берувчининг шахсий жавобгарлигини кучайтириш содир бўлиши мумкин бўлган кўнгилсизликларнинг олдини олади.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси