@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Марказий Осиё: Минтақавий ҳамкорликдан барқарор тараққиёт сари

 2021-04-08 17:47:35   |     Просмотров: 2603

Марказий Осиё ноёб геостратегик жойлашувга эга. Минг йиллар давомида минтақа Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлайдиган ўзига хос кўприк вазифасини ўтаб келган. Бу ерда улкан энергия ва минерал ресурслар тўпланган, бой маданий-тарихий меросга ва, энг муҳими, катта инсон салоҳиятига эга. Шу билан бирга, минтақада етакчи глобал кучларнинг рақобатдош манфаатлари кесишади.


Марказий Осиё қанчалик барқарор бўла олади? Минтақавий ҳамкорлик қандай ривожланади? Коронавирус пандемиясидан кейинги даврда мамлакатларни қандай умумий таҳдид ва чақириқлар кутмоқда? Шу ва бошқа масалалар Тошкент халқаро мунозара клубининг навбатдаги сессияси иштирокчиларининг диққат марказида бўлди. Бу галги сессия Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш масалаларига бағишланди.


Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, АҚШнинг Жон Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раҳбари Фредерик Старр, Россия ТИВ Москва давлат халқаро алоқалар институтининг Халқаро тадқиқотлар маркази директори Иван Сафранчук (Россия), Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Санат Кушкумбаев ва бошқа етакчи хорижий ва миллий “ақл марказлари”, академик ҳамжамият, вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Маълумот учун: Содиқ Сафоев Тошкент халқаро мунозара клуби раиси бўлди.


Мутахассисларнинг фикрига кўра, сўнгги вақтларда Марказий Осиё ижобий ривожланиш динамикасини намоён этмоқда. Минтақавий ҳамкорлик барча соҳаларда мустаҳкамланиб бормоқда. Хавфсизлик, давлат чегаралари ва сувдан фойдаланишнинг минтақалараро энг долзарб муаммолари мунтазам равишда ҳал қилинмоқда. Ўтган вақт давомида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккита маслаҳат учрашувлари бўлиб ўтди. Минтақа давлатларининг ҳукумат раҳбарлари ва ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг учрашувлари мунтазам ўтказилмоқда.


—    Марказий Осиёда ҳам минтақани, ҳам ўз ҳудудини глобал бошқаришга  қизиқиш бор, - дейди россиялик мутахассис Иван Сафранчук. — Марказий Осиё давлатлари асосий савдо йўлларидан узоқда, Евроосиёнинг тубида қамалиб қолишдан манфаатдор эмас. Аммо уларга тўлақонли очиқлик ҳам керак эмас. Мутлақ маънода бутун минтақа, глобал иқтисодий тизим нуқтаи назаридан жуда кичикдир. Тўсиқларнинг тўлиқ олиб ташланиши давлатларга иқтисодий суверенитетни йўқотиш хавфини туғдиради, қуруқлик транзити ягона майдонга айланади ва энг аввало, элита ихтиёрига тушадиган, даромад келтирадиган баъзи йирик инфратузилма ва энергетика лойиҳалари ижарага олиб келинади. Минтақада узоқ муддатли ижтимоий барқарорликни қўллаб-қувватлаш учун иш ўринларини ташкил қилишда қайта саноатлаштириш, кенг иқтисодий ривожланиш зарур. Объектив равишда бунга глобаллашув ҳам, минтақалаштириш ҳам ёрдам бериши мумкин. Асосийси, хавфсиз мувозанатни аниқлаш.


Фредерик Старр фикрича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сайланиши билан Марказий Осиё минтақасида ҳамжиҳатлик пайдо бўлди. Ўзбекистон минтақадаги трансформация жараёнларига, саъй-ҳаракатларга бошчилик қилмоқда, мамлакатларни бирлаштирмоқда. Мамлакатдаги тўрт йиллик муваффақиятли эволюцион ўзгаришлар муносиб ишонч ва етакчилик мавқеини берди. Бир томондан бу Қозоғистон ютуқларини ҳар қанақасига ҳам камайтирмайди. Иккинчи томондан эса Қозоғистоннинг ўз муаммолари ва ташвишлари бор, шунга қарамай мамлакат катта садоқат билан ёндашади ва тўлақонли шерикка айланади, ҳаттоки бошқарувда ҳам ҳамкор бўла олади. Аммо биринчи одимлар Ўзбекистон томонидан ташланиши керак. 


“Ҳамкорликка институционал ифода берган ҳолда томонлар ягона платформа яратиши мумкин. Бунинг ягона йўли – соҳаларни қамраб олувчи мунтазам минтақавий учрашувларни ташкил қилишдир”, - дея таъкидлади Старр.
Сўнгги йилларда юз берган муҳим ўзгаришлар қаторига Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсий мулоқотларга, кўп томонлама тадбирлар ва лойиҳаларга жалб этилиши киради. Мамлакат минтақавий жараёнларнинг органик қисми сифатида қабул қилинмоқда, бу Афғонистонда тинчлик жараёнини ривожлантириш учун янги имкониятларни очади.


Таҳлилчилар қайд этишича, ҳал қилинмайдиган муаммолар деярли йўқ, уларни ҳал қилиш учун фақат сиёсий ирода зарур. 2016 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг минтақавий сиёсати "нозик масалалардан узоқлашмаслик, балки оқилона муросага интилиш" тамойилига асосланганлигини аниқ айтган эди.


—    Чегара ва сув-энергетика муаммоси каби нозик масалаларни ҳал қилишда мисли кўрилмаган натижаларга эришилди, - дейди Элдор Арипов. — Қозоғистон билан Ўзбекистон демаркация босқичига ўтди. Қирғизистон билан чегара ҳудудларининг деярли 100 фоизи келишилган. Тожикистон билан ҳам чегараларнинг аввал ажратилмаган қисмларининг 99 фоизи келишилган. Марказий Осиёда ягона энергетик ҳалқанинг тўлиқ ишлашини бошлаш учун амалий чоралар кўрилмоқда. Бугун бизда мавжуд вазиятни ўзгартириш, нафақат минтақа ичида, балки унинг ташқарисида ҳам ривожланиш тенденцияларини аниқлаш учун ноёб имкониятлар мавжуд. Шу боис жорий йилда Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигига бағишланган халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган.


Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар билан ҳамкорлиги аслида стратегик шериклик хусусиятига эга эканлиги, савдо-иқтисодий алоқалар анча фаоллашгани таъкидланди. Минтақадаги барча мамлакатлар ҳамкорликнинг ўсиб бораётган суръатларидан ҳақиқатан фойда кўрмоқда. Минтақавий ўзаро таъсирни кучайтириш объектив, барқарор ва ортга қайтариб бўлмайдиган тенденциядир. У минтақадаги барча мамлакатларнинг кучли сиёсий иродасига асосланган ва чуқур тарихий заруратларга эга.


Минтақа мамлакатлари транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича ўзларининг Давлат дастурларини амалга ошириб, транспорт харажатларини камайтириш ва ўз ҳудудлари орқали транзит оқимларни жалб қилишда, одатда, ўхшаш манфаатларга эга. Шу билан бирга, улар асосан, Хитойдан келадиган транспорт йўналишларини диверсификация қилишга интилмоқда. 


Санат Кушкумбаевнинг сўзларига кўра, муқобил транспорт коридорларини топиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар транспорт харажатларининг паст бўлишига интилиш кўрсаткичидир. Модернизациялашган транспорт тизими Марказий Осиё мамлакатларининг ўзига хос рақобатбардош устунликларига эга бўлишига имкон беради, масалан, “Бир макон, бир йўл“ лойиҳасининг денгиз йўллари билан таққослаганда ва шунга мувофиқ, мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ва халқаро савдо кўрсаткичларини оширишга имкон беради. Ўзбекистон Президентининг "Марказий Осиё давлатларининг транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгаш ташкил этиш” таклифи муҳим аҳамиятга эга.


Мунозара якунида иштирокчилар сўнгги йилларда Марказий Осиёда ишонч, ўзаро таъсир ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ижобий тенденция ривожланиб бормоқда, деган якдил фикрга келишди. Умуман олганда, вазият 2016 йилгача бўлган вазиятдан анча яхшилангани эътироф этилди.


—    Бу улкан умумий муваффақият, бу барча мамлакатларнинг ҳиссаси, - дея яқайд этди Тошкент халқаро мунозаралар клуби раиси Содиқ Сафоев. — Ва биз келажакка некбинлик билан қарашимиз мумкин. Бу сўнгги йилларда барча давлатларимиз ташқи сиёсатининг асосий ва улкан ижобий натижасидир. Мазкур қадамлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ташланди. Шу билан бирга, муаммоларнинг фақат биринчи сирт қатлами ечилишига эришилганига ҳамма рози. Кўплаб саволлар ҳали ҳам ечимини кутмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бўшашмаслик керак. Бизнинг умумий вазифамиз эса минтақа давлатлари ўртасида пайдо бўлаётган ишончни мустаҳкамлаш тенденцияларига нисбатан ортга қайтмаслик иродасини кўрсатишдир.


Содиқ Сафоевнинг фикрига кўра, бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик алоқалари учун ҳуқуқий, келажакда эса институционал, шу жумладан тадқиқот тузилмалари орқали база яратиш зарур. Марказий Осиёда мақбул муҳитни ортга қайтариб бўлмайдиган қилишнинг асосий омили ишончни мустаҳкамлаш чораларини кучайтиришдир. Бу декларация ёки умумий мурожаатларга тааллуқли эмас. Бунда нафақат давлат ва нодавлат тузилмаларини, балки бизнес тузилмаларини ҳам ўз ичига олган ишончни мустаҳкамлаш чораларига теранлик киритиш учун принципларни, концептуал асосларни шакллантириш муҳимдир.


Мутахассислар фикрича, Марказий Осиё минтақа тақдири учун жамоавий жавобгарлик тизими ҳақида ўйлайдиган вақт келди. Сув ресурсларини бошқариш, экологик муаммолар каби масалалар нафақат давлатларнинг ҳуқуқларини, балки вазифаларини ҳам шакллантиришни талаб қилади. Чунки биз минтақанинг барқарор ривожланиши, нафақат ҳозирги, балки келажак авлодлар тақдири учун ҳам жавобгармиз.


Тошкент халқаро мунозара клубининг навбатдаги сессияси « “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.


Маълум учун: Президентнинг 2020 йил 2 мартдаги фармонига мувофиқ, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қошиида Халқаро мунозара клуби ташкил этилди. Унинг вазифаларига долзарб ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий масалаларни муҳокама қилиш, турли соҳалардаги тенденцияларни шакллантириш, таклифларни ишлаб чиқиш, экспертлар, шу жумладан хорижий ва халқаро ташкилотлар таклифи билан инновацион ғоялар ва қарашларни тарғиб қилиш киради.


2020 йил 8 июлда Халқаро мунозара клубининг “COVID-19 билан боғлиқ карантин чекловлари: дунёдаги вазият" мавзусидаги биринчи учрашуви бўлиб ўтди. 2020 йил 12 октябрда эса “Пандемия даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини молиявий қўллаб-қувватлаш: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси" мавзусидаги иккинчи учрашуви ташкил этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати