@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Свердловск вилояти жамоатчилик палатаси раиси билан учрашув

 2021-04-06 18:20:00   |     Просмотров: 1334

Жорий йилнинг 6 апрель куни “Юксалиш” умумиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Россиянинг Свердловск вилояти жамоатчилик палатаси раиси Александр Левин билан учрашди. Томонлар жамоатчилик назоратини амалга оширишда ҳамкорлик, ўзаро амалиёт ва тажриба алмашиш истиқболларини муҳокама қилди.


Маълумот учун: Свердловск вилояти жамоатчилик палатаси  Россия Федерациясида, унинг ҳудудида яшовчи фуқароларни ва жамоат бирлашмаларининг Свердловск вилояти давлат органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро алоқаларини таъминлайди. Бундан мақсад — ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини муҳокама қилиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш, жамоат бирлашмалари ҳуқуқлари ва Свердловск вилоятида фуқаролик жамиятини ривожлантириш.


А.Левиннинг сўзларига кўра, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Свердловск вилояти жамоатчилик палатаси кўплаб алоқа нуқталарига эга. Масалан, Палата ҳам Ҳаракат каби ижтимоий-иқтисодий соҳадаги янги ғояларни ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш билан шуғулланади ва ҳужжатлар ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Бундан ташқари, минтақада жуда катта ўзбек диаспораси яшайди, бу ҳам ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликнинг янги қирраларини очади.


А.Левин таъкидлаганидек, Свердловск вилояти жамоатчилик палатаси ижтимоий лойиҳалар ва жамоат ташаббусларини амалга оширишда ва волонтёрларни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, “Юксалиш” УМҲ билан шериклик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантиришдан манфаатдор. Икки томонни қизиқтирган долзарб масалалардан бири бу — жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини жорий этиш.


Свердловск вилояти жамоатчилик палатаси раиси Тошкентга ташрифи доирасида пойтахт ҳокимлиги, Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси ва бошқа жамоат тузилмалари қошидаги жамоатчилик кенгашлари вакиллари билан ҳам учрашди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати