@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Барчаси туризм ҳақида...” Давлат дастурининг 4 та банди ижроси бўйича жамоатчилик эшитуви ташкил этилди

 2021-04-07 17:03:07   |   

Маълумки, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати билан ҳамкорликда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижроси устидан самарали жамоатчилик назоратини ташкил этишга қаратилган жамоатчилик эшитувларини ташкил этиб келмоқда.

Навбатдаги жамоатчилик эшитуви Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси бошчилигида жорий йилнинг 7 апрель куни ўтказилди ва унда Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниб, масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахбороти тингланди.

Туризм — пандемия туфайли энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири бўлди. Маълумотларга кўра, 2020 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган туристлар сони кескин камайган, улар 1,5 млн кишини ташкил қилган. Бу 2019 йилги кўрсаткичга нисбатан қарийб 4 баробарга камдир. Пандемиядан ўтиш даврида соҳани тезроқ ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тадбиркорларга қўшимча қулайлик, имтиёзлар яратиш мақсадида Президент ва Ҳукумат томонидан қатор Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ички ва зиёрат туризмини, туризм инфраструктурасини ривожлантириш чоралари белгиланди. Соҳага тегишли қатор вазифалар Давлат дастурига ҳам киритилди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат дастури 273 та банддан иборат бўлиб, шундан 1 апрель кунига қадар жами 63 та банд бўйича вазифалар ижроси кўзда тутилган.

Жумладан, Дастурнинг 99-бандида зиёрат туризми ва ички туризмни ривожлантириш, салоҳиятли туризм бозорига эга мамлакатлардан мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш, айрим давлатлар учун виза тизимини соддалаштириш, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш тартибини ишлаб чиқиш ва харажатларнинг бир қисмини қайтариш вазифаси белгиланган эди. Бунда бир неча маҳаллий авиа ва темир йўл қатновларини субсидиялаш назарда тутилган. Ушбу банд ижроси юзасидан Туризм ва спорт вазири ўринбосари Абдулазиз Аккулов ахборот берди:

Ички ва зиёрат туризминин ривожлантиришга қаратилган Ҳукумат қарори белгиланган муддатда тасдиқланди. Қарорга кўра, муайян ички авиақатновларни амалга оширувчи резидент авиакомпанияларга харажатларининг 25 фоиз қисмини бюджет ҳисобидан субсидиялаш белгиланди. Шунингдек, агарда саёҳатлар туроператорлар томонидан ташкил этилса, авиақатновлар ҳамда темир йўл харажатларининг 15 фоизи туроператорларга қайтарилади. Бундан ташқари, саёҳат давомида меҳмонхоналарга жойлаштиришда кўрсатилган хизматларнинг 10 фоиз миқдори қайтарилиши белгиланди. Шу мақсадларда субсидиялар ажратиш учун бюджетдан тегишли маблағлар ажратилган. Аввалги тартиб бўйича меҳмонхона хизматини кўрсатувчилар учун умумий тушумнинг 10 фоизи қайтарилган бўлса, эндиликда тўғридан-тўғри саёҳатни ташкил этилиши, туроператорларнинг ҳаракатлари ҳисобига бошқа соҳа вакиллариининг ҳам иш билан таъминланишини инобатга олиб, туроператорларга 10 фоиз субсидия қайтариладиган бўлди.

 Қайд этилишича, Ўзбекистондаги 22 та йирик маданий мерос объектлари, зиёратгоҳлар ободонлаштирилиши билан бирга, уларнинг тарғиботига бюджетдан 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Шунингдек, Яна 5 та мамлакатга виза режими соддалаштирилди, ҳозирда Ўзбекистонда визасиз ҳаракатланиши мумкин бўлган давлатлар сони 90 тага етди.

Зиёрат туризми йўналишида, “Умра+” дастури бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?

Маълум қилинишича, айни вақтда зиёрат туризми ҳамда “Умра+” дастури бўйича Малайзия, Индонезия давлатлари орқали туристларга хизмат кўрсатиш масалалари республикамиздаги, қолаверса, айрим хориж мамлакатларидаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб тўхтатилиб турибди.

Малайзия ва Саудия Арабистондаги эпидемиологик вазият “Умра+” дастурини амалга оширишга имкон бермаяпти, - дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари Музаффар Комилов. Малайзияда ҳозир пандемия сабабли карантин эълон қилинган, Саудия Арабистонида ҳам кундан кунга касалланиш ҳолатлари ошиб боряпти. Жидда шаҳридаги консулликда Ҳаж ва Умра ишлари бўйича алоҳида атташе фаолият кўрсатади. Биз Умра масаласида улар билан ёзишмалар олиб боряпмиз. Кеча олган маълумотимизга кўра, агар вазият бироз барқарорлашса, 17 майдан  зиёратларга рухсат берилиши мумкин. Бунда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хулосасига таянган ҳолда иш кўрилади.

Давлат дастурининг 101-бандига мувофиқ, Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳамда Тўдакўл кўллари ҳудудида туристик инфратузилмани ривожлантириш, 102-бандига мувофиқ эса Жиззах вилоятида замонавий туристик-рекреацион зонаси фаолиятини ҳамда халқаро умуммавсумий тоғ-чанғи курортини ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Туризм ва спорт вазири ўринбосари Абдулазиз Аккуловнинг маълумот беришича, Жиззах вилоятидаги замонавий туристик-рекреацион зонаси  Зомин туманидаги тоғли ҳудудда қурилиши режалаштирилган. Уни барпо этишда хориж тажрибаси ўрганилди. Туркия, Австрия ва Франция сингари мамлакатлардан экспертлар жалб қилинди. Шулардан келиб чиққан ҳолда ҳудудни ривожлантириш бўйича алоҳида концепция ва алоҳида дастурни қабул қилиш кўзда тутилган. Хусусан, логистикани яхшилаш, зарур инфратузилмани барпо этиш, энг муҳими, табиий экологик муҳитни сақлаб қолишга эътибор қаратилмоқда. Тегишли қарор қабул қилингач, Бош режа ишлаб чиқилади ва шу асосда ишлар ташкил этилади.

Шунингдек, жамоатчилик эшитуви давомида Давлат дастурининг 104-бандига мувофиқ, Бухоро ва Хоразм вилоятларининг туризм салоҳиятини пандемия шароитидан сўнг тиклаш ва янада ривожлантириш масалалари бўйича бажарилган ишлар тўғрисида ҳисоботлар тақдим этилди.

Эшитув давомида Дастур ижроси бўйича кузатилаётган муаммолар, хусусан, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, соҳадаги хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, пандемиянинг салбий таъсирини юмшатиш бўйича масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, зиёрат туризми ва маданий мерос объектларига олиб борувчи йўлларнинг талаб даражасида эмаслиги, туризм объектлари тўғрисида тарғибот ишларининг сустлиги, айрим ҳудудларнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланилмаётганлиги танқид қилинди.

Жамоатчилик эшитувига қадар ҳудудларда туризм соҳасининг ривожланиши борасида олиб борилган ўрганишлар давомида қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди:

  • Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаментининг маълумотлар базасида 828 та маданий мерос объектлари рўйхати шакллантирилган, шулардан 385 тасининг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас;
  • Пандемия шароитидан келиб чиқиб тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитларни қайтариш муддатини 18 ойдан 24 ойгача узайтириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, Бухоро вилоятида 19 та тадбиркор субъектларига аввал  берилган кредитлар бўйича асосий қарз тўлови 18 ойдан 24 ойгача узайтириш тартиби қўлланилмаганлиги маълум бўлган;
  • Қашқадарё вилоятида зиёратгоҳларда хорижий давлатлардан ташриф буюрувчилар учун аудиогидлар ўрнатилмаган, таржимон гидлар етарли эмас, айрим туризм объектларида ахборот марказлари йўқ, борларида ҳам маълумотлар, тарқатма материаллар етарли эмаслиги ҳолатлари мавжуд.

Давлат дастурининг ижроси мунтазам равишда жамоатчилик эътиборида бўлиши, бу борада жамоатчилик назорати тадбирлари доимий давом эттирилиши қайд этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати