@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Қаршида маҳаллий ҳокимлик органлари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди

 2021-03-28 16:38:12   |     Просмотров: 1368

1 апрель куни Қарши шаҳрида ҳудуддаги давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини бир майдонга жамлаган “Маҳаллий ҳокимлик органлари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.


Тадбир доирасида “Фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳокимлик органлари ўртасидаги инновациялар ва ҳамкорлик орқали шаффоф ва инклюзив бошқарувга эришиш” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Учта пилот ҳудуд — Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида фуқаролик жамияти институтлари ва маҳаллий ҳокимликлар ходимларининг салоҳиятини ошириш бўйича қилинган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ўтган даврда тренингларда 102 нодавлат нотижорат ташкилотининг вакиллари ўқитилганлиги таъкидланди. 15 та нодавлат нотижорат ташкилотлари ва учта вилоят ҳокимликларининг ташкилий диагностикаси ўтказилди.


Қашқадарё вилоятидан “пилот” ННТлар ўз фаолиятларини тақдимот қилди. Улар қаторида — “Istiqbolli Avlod” марказининг Қашқадарё вилояти бўлими, “Умид” ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш маркази, Қарши давлат университети қошидаги “Замон” минтақавий тадқиқот маркази, “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Қашқадарё вилоят бўлими.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида волонтёрлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.


Гуруҳларда ишлаш давомида иштирокчилар турли нуқтаи назар ва қарашлар, яъни давлат ва нодавлат секторлардаги таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва экологияни ривожлантириш каби муаммолар ва масалаларни ҳудудлар кесимида кўриб чиқди. Бундай интерфаол платформа нафақат очиқ мулоқот ва мунозаралар учун имконият яратиб берди, балки томонларга улар умумий фаолият билан шуғулланаётганлигини кўрсатиб берди. 


Давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари ва бизнеснинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали барча тоифадаги фуқароларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган ишлар самарадорлигини сезиларли даражада ошириши таъкидланди.


Давра суҳбати якунида фуқаролик жамияти институтларини Ўзбекистондаги бошқарув ва ривожланиш жараёнларида таъсирчан субъект сифатида кенг жалб этиш, фуқаролик жамияти ҳамда Хоразм, Қашқадарё, Фарғона вилоятларининг маҳаллий ҳокимлик органларида алоқалар, инновациялар ва жамоатчилик кенгашларини ташкил этишга кўмаклашиш орқали уларни салоҳиятини ошириш, шунингдек, давлат идоралари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 


Маълумот учун: давра суҳбати “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ACTED, Франция)нинг Ўзбекистондаги филиали ҳамда Европа иттифоқи молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳокимлик органлари ўртасидаги инновациялар ва ҳамкорлик орқали шаффоф ва инклюзив бошқарувга эришиш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати