@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Жамоатчилик эшитуви: Давлат дастурининг учта банди бўйича ахборотлар тингланди

 2021-03-26 19:05:27   |   

Кафолатланган пакет нима? Ижтимоий контракт кимлар билан тузилади? Ёшларнинг илмий лойиҳалари молиялаштириладими? “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган навбатдаги жамоатчилик эшитувида ушбу саволларга жавоб берилди.

2021 йил 3 февралдаги Президент фармони билан тасдиқланган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида 273 та банддан иборат бўлиб, шундан февраль ойида 7 та банд, март ойида 34 та банд бўйича вазифалар ижроси кўзда тутилган бўлиб, 19 та банд ижроси таъминланган.

Режага кўра, жорий йилнинг 26 март куни Давлат дастурининг ижроси юзасидан навбатдаги жамоатчилик эшитуви ташкил этилди. Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Инновацион ривожланиш, Молия, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари ҳамда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси вакиллари амалга оширилган ишлар бўйича батафсил ахборотлар тақдим этди.

Давлат дастурининг 150-бандига мувофиқ, давлат маблағлари ҳисобидан ишсиз фуқаролар, камбағал оила аъзоларига уларнинг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун берилаётган моддий ёрдам ва субсидиялар самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий контракт тизимини жорий этиш белгиланган. 

Адиба Нуриддинова, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи:

— Қатор давлатлар тажрибасида бу тартиб кўп йиллардан бери амалда ва ўз самарасини берган. Ўтган йили давлат раҳбари Ўзбекистонда ҳам уни жорий қилиш ташаббусини илгари сурди. Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган субсидия, грант ва ёрдам пулларини экспериментга киритиш мақсадга мувофиқ деб топилди. Ҳозирда жисмоний шахсларга бериладиган 10 дан зиёд субсидиялар мавжуд. Қолаверса, банд бўлмаган фуқароларга ишсизлик нафақаси ҳам берилмоқда. Ушбу маблағларнинг тўғри, манзилли сарфланишини таъминлаш мақсадида эндиликда ижтимоий контракт тизими йўлга қўйилади. Тизим жорий йилнинг 1 декабрига қадар республиканинг 28 та ҳудудидаги битта туман ва битта шаҳарда апробациядан ўтказилади. Бугунги кунда норматив ҳужжат лойиҳаси тайёрланган. Буларнинг бари энг аввало, юртимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган.

Ижтимоий контракт тизими қандай ишлайди? У бекор қилиниши ҳам мумкинми? Маълум қилинишича, фуқароларнинг маҳалладаги меҳнат инспектори ёрдамчисига субсидия сўраб қилган мурожаати 3 кун ичида кўриб чиқилади ва ўзаро ижтимоий контракт тузилади. Бир ойдан сўнг инспектор ёрдамчиси мониторинг қилади. Бунда агар ажратилган субсидия ташқи омиллар  сабабли натижа бермаса, уни бошқа йўналишга йўналтириш таклиф этилади. Агар самарали фойдаланмаслик фуқаро томонидан йўл қўйилган бўлса, шартнома бекор қилиниши мумкин. Бу давлат маблағларининг мақсадсиз сарфланишининг олдини олади.     

Маълумот учун: Ўтган йилнинг январь-февраль ойларида 10 минг фуқарога ишсизлик нафақаси белгиланган. Бу йил мос даврда 33 минг нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланган.

Давлат дастурининг 166-бандига мувофиқ, ҳудудларда илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, илм-фанга кенг жалб қилиш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш, соддалаштирилган тартибда ёшларнинг илмий ва стартап лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида илмий дастурни амалга ошириш белгиланган. Шундан келиб чиқиб, ҳозирда “Ёшларнинг илмий лабораториялардан жамоавий фойдаланиш бўйича механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун 16 февралда Адлия вазирлигига киритилган.

Олимжон Тўйчиев, Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари:

— Ёшларни тизимли равишда илм-фанга жалб қилиш масалаларида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил қилинди. Лекин шунга қарамасдан ёшларни илм-фан билан қамрови мавжуд салоҳиятдан бирмунча паст даражада қолмоқда. Вазият таҳлили шуни кўрсатдики, ёш олимларимизнинг илмий-тадқиқот фаолиятини, стартап лойиҳаларини молиялаштиришга қўйиладиган талаблар бир неча йиллардан буён мазкур фаолият билан шуғулланиб келаётган тажрибали олимларга қўйилган талабларга жуда яқин. Шундан келиб чиқиб, ёш олимларга қўйиладиган талаблар уларнинг имкониятларига монанд равишда қайта кўриб чиқилиб, диверсификация қилинди. Давлат дастурининг мазкур банди Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда олимларнинг ўртача ёшини мақбул даражага келтиришга қаратилган. Яъни бугунги кунда Ўзбекистонда олимларимизнинг ўртача ёши 50 ёшдан баланд бўлиб, жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан бирмунча баланд ҳисобланади. Ушбу вазифани бажариш мақсадида Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда 3 та - “Академик ҳаракатчанлик” дастурини шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги, “Бўлажак олим” танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги ва Ёш олимларни етакчи илмий ташкилотларда қисқа муддатли илмий стажировкалар ўташ тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаларини тасдиқлаш назарда тутилган.

Таъкидланишича, магистратурага ажратилган квоталар миқдорини 30% даражада белгилаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу орқали 130 дан ортиқ олий таълим муассасалари ва республикамиз иқтисодиётига зарур бўлган илмий кадрларни етказиб бериш имкони пайдо бўлади.

Давлат дастурининг 184-бандига мувофиқ, аҳолига давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари билан кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатиш тизимини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш белгиланган.

Қайд этилишича, кафолатланган бепул тиббий хизматлар пакетига тез тиббий ёрдам, санитар авиация, бирламчи тиббий-санитария ёрдами, оила шифокори йўлланмаси ва тор соҳа мутахассислари кўрсатмасига мувофиқ кўрсатиладиган консультатив-диагностик ёрдам, кундузги стационарда кўрсатиладиган (шифохона ўрнини босувчи) ёрдам, стационар ёрдам, тиббий кўрсатмага асосан қон ва унинг компонентлари билан таъминлаш, тиббий реабилитация, аҳолининг айрим қатламларига кўрсатиладиган паллиатив ёрдамлар киради.

Зоҳид Эрматов, Давлат тиббий суғурта жамғармаси директорининг биринчи ўринбосари:

— Бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети аҳоли соғлиғини сақлаш мақсадида давлат томонидан тасдиқланади. Давлат тиббий суғурта жамғармаси Сирдарё вилоятидаги тиббиёт муассасалари билан шартнома тузиш орқали кафолатганган пакетга киритилган тиббий хизматларни сотиб олади. Унинг истеъмолчиси эса аҳоли ҳисобланади.

Жорий йилда Сирдарё вилоятида эксперимент тариқасида электрон соғлиқни сақлаш тизими жорий этилмоқда. Бунда ҳар бир беморга тиббий карталар очиш, хизмат кўрсатиш электрон тарзда бўлади. Бу мақсадларга бюджетдан 28 млрд сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Давлат дастурининг ижроси мунтазам равишда жамоатчилик эътиборида бўлиши, бу борада жамоатчилик назорати тадбирлари доимий давом эттирилиши қайд этилди.

Маълумки, Давлат раҳбари томонидан Ўзбекистон халқи ва Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида қонун ҳужжатлари ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назоратини кенг йўлга қўйиш, жумладан, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизимини жорий қилиш юзасидан топшириқлар берилган эди. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Jamoatchilik.uz” платформаси ишга туширилди.

"Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати