@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акциясига мингдан зиёд фуқаролар қамраб олинди

 2021-03-02 16:36:23   |     Просмотров: 784

2021 йилнинг 22-26 февраль кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамкорликда Адлия вазирлиги кўмагида республика бўйлаб навбатдаги бепул “Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акцияси ташкил этилди.


 Акциядан кўзланган асосий мақсад – фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, халқ билан ўзаро алоқалар механизмини яратиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.


Етти кун давомида барча ҳудудлар бўйича (Тошкент шаҳридан ташқари) Нотариал палатанинг 61 нафар юқори малакали мутахассислари 1166 нафар фуқароларга маслаҳат беришда иштирок этди. Табиийки, мурожаатлар кўлами ҳам кенгайди: мерос, мол-мулк олди-сотдиси, ҳадя, ер, уй-жой, автотранспорт воситаларини расмийлаштириш, ариза, ишончнома тўлдириш, миграция ва ҳакозо. 


Жорий йилги акцияда, шунингдек, 4 та ҳудудда – Тошкент, Фарғона, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида фаолият олиб борувчи “Мадад” хорижий фуқароларни қўллаб-қувватлаш маркази Автоном нодавлат ташкилоти ҳуқуқшунослари ҳам фуқароларга маслаҳат беришга жалб этилди. Улар томонидан меҳнат мигрантларига тегишли саволлар бўйича телеграмм гуруҳ ҳам ташкил этилди. 


 Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ушбу йўналишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик тизимини яратиш, ижтимоий шериклик принципи асосида амалий ишлар ташкил қилиш ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш муҳимдир. “Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акцияси бу борадаги ишларнинг ёрқин мисолидир.

 

Эслатиб ўтамиз, “Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акцияси илк бор 2020 йилнинг 1—7 декабрь кунлари республикамиз бўйлаб ўтказилган эди. Акция давомида барча ҳудудлар бўйича Нотариал палатанинг 41 нафар юқори малакали мутахассислари 600 нафардан зиёд фуқароларга маслаҳат беришда иштирок этди. 

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати