@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Тупроққалъа тумани ёшлари билан учрашди

 2021-02-24 09:28:24   |     Просмотров: 660

— Ёшлар маркази очилса. Унда ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун инглиз, рус, корейс тилларини ўргатувчи курслар ташкил этилса...

— Туманда кутубхона, театр, маданият марказлари, спорт мактаблари бўлса...

Бу Тупроққалъа тумани ёшларининг таклифлари, орзулари, истаклари эди.

Туман ҳокимлигида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов ана шу ёшлар билан учрашиб, улар томонидан билдирилган 20дан зиёд таклиф ва муаммоларни тинглади.

Тупроққалъа ёшларининг яна қандай истаклари бор? Улар иш билан банд бўлишни, хусусан имконияти чекланган ёшлар бандлиги таъминланишини, тадбиркорлик фаолиятини бошлашларида туман ҳудудида бўш турган бинолардан фойдаланишда, банкдан кредит олишда мутассадилар кўмак беришларини, туман ҳудудида ёки қўшни ҳудудларда ақлий ривожланишдан орқада қолган ёшлар мактаблари ташкил этилишини хоҳлайди.

Давра суҳбатига айланиб кетган учрашувда Ҳаракат раиси “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида белгиланган устувор вазифаларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, барча таклифлар, муаммолар тегишли инстанцияларга етказилишини, керак бўлса, ўрганилиб, давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳал қилинишини билдирди.

Маълумот учун, ҳозирда Тупроқалъа туманида 30 ёшгача бўлган ёшлар 36 242 нафар (64,9 %)ни ташкил этади. “Ёшлар дафтари”га 4 052 нафар ёшлар рўйхатга олинган, уларнинг 2 421 нафари ишсиз, 18 нафари уй-жойга, 210 нафари ижтимоий ҳимояга, 126 нафари тиббий, 336 нафари психологик ёрдамга, 108 нафари истеъмол ва таълим кредити олишга муҳтож. “Ёшлар дафтари”даги ёшлар учун шакллантирилган жамғарма маблағлари 208,1 млрд сўмни ташкил этади.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати