@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Давлат дастури ижроси юзасидан жамоатчилик мониторингини амалга ошириш учун махсус онлайн платформа яратилди

 2021-02-17 18:38:02   |     Просмотров: 210

Жорий йилнинг 17 февраль куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати билан ҳамкорликда Президентнинг 2020 йил 29 декабрда Парламентга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган асосий вазифалар ҳамда 2021 йил 3 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган маслаҳат учрашуви ташкил этилди.

Маслаҳат учрашувида Олий Мажлис Сенати қўмиталари раислари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Давлат раҳбари томонидан Мурожаатномада Давлат дастури ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назоратини кенг йўлга қўйиш, жумладан, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизими жорий қилиш юзасидан топшириқлар берилган эди.

Шу билан бирга, 2021 йил 18 январь куни Президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам қарорлар ижросини назорат қилишнинг энг самарали воситаси – жамоатчилик иштироки ва назорати эканлиги таъкидланди. Шунингдек, 10 февраль куни 2021 йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга бағишланган селектор йиғилишида ҳам масъулларга бир қатор вазифалар юклатилди.

Ушбу маслаҳат учрашувида “жамоатчилик мониторинги”ни ташкил этиш, масъул идоралар томонидан маълумотлар тақдим этилиши ва уларнинг очиқлиги бўйича кузатилаётган муаммолар тўғрисида сўз юритилди.

Жумладан, масъул вазирлик ва идоралар томонидан Давлат дастури ижро муддатларига амал қилинмаслиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилгандан кейин қабул қилинмасдан қолиш ҳолатлари, ижро муддатлари узайтирилганлиги тўғрисида ахборот берилмаслиги, жамоатчилик олдида ҳисобдорлик маданияти шаклланмаганлиги ёки қабул қилинган ҳужжатларнинг лозим даражада ижро этилмасдан қолаётганлиги, шунингдек, амалга оширилган лойиҳалар, уларга сарфланган маблағлар ва бошқа маълумотлар расмий веб-сайтларда эълон қилинмаслиги танқид қилинди.

Бу борада фаолиятни самарали ташкил этиш мақсадида Ҳаракат томонидан  Давлат дастури ижроси юзасидан жамоатчилик мониторингини амалга ошириш бўйича яратилган махсус онлайн платформа тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда платформанинг ишлаш тартиби, унинг имкониятлари ва келгусида такомиллаштириб борилиши тўғрисида батафсил ахборот берилди. Жумладан, давлат идораларига ва фуқароларга ушбу платформа орқали Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларнинг ижро ҳолати, улар доирасида қабул қилинган ҳужжатлар тўғрисида маълумотларга эга бўлишлари тушунтирилди. Платформанинг яна бир қулайлиги бу – фойдаланувчиларнинг ўз изоҳларини қолдириш имкониятига эга экани айтилди.

Бундан ташқари, Давлат дастури ижроси юзасидан Олий Мажлис Сенати, Ҳукумат таркибига кирувчи давлат идоралари иштирокида ҳар ҳафта жамоатчилик эшитувлари ва брифинглар ташкил этиб бориш, ушбу тадбирларни бевосита ҳудудларда ҳам амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати