@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлашнинг муҳим омиллари

 2021-02-10 14:35:14   |   

Давлат органларининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари қандай роль ўйнайди? Очиқлик ва шаффофлик тамойиллари илгари сурилганда нималарга эътибор бериш керак? Ушбу йўналишда хорижий тажриба нима дейди? 


Шу ва бошқа бир қатор саволлар жорий йилнинг 10 февраль куни Фаол фуқаролар фестивали доирасида бўлиб ўтган “Давлат идоралари фаолиятининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлашнинг муҳим омиллари” мавзусида жамоатчилик муҳокамаси иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, унинг ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, ННТ вакиллари, маҳаллий ва халқаро экспертлар таъкидлаганларидек, давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлигини, аҳоли олдида ҳисобдорлигини таъминлаш борасида муҳим қадамлар ташланган. Хусусан, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмоқда, очиқ маълумотлар порталлари ташкил этилди.


Акмал Бурҳанов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори:  
—    Очиқлик-ошкоралик бўлмаган жойда давлат органлари ва мансабдорларнинг жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини таъминлаш ёки жамоатчилик назорати унсурларини амалга ошириб бўлмайди. Бугунги кунга келиб амалдорларнинг фуқаролар билан очиқ мулоқотга киришиши янгилик бўлмай қолди. Ҳамма одатий қабул қилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятида ҳам шаффофликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Агентлик ҳузурида яқинда Жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Унинг ташкил этилиши ҳам очиқ, ошкора танлов асосида бўлиб ўтди. Кейинги йилларда давлат харидлари соҳасида ҳам бу борадаги ишлар жадаллаштирилди. Жумладан, 2018 йилда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонунга асосан очиқлик ва шаффофлик асосий принциплардан бири сифатида белгиланди.  Шунга асосан, харидлар тўғрисида эълонлар, уларнинг режа-жадвали, электрон савдо натижалари ва бошқа маълумотлар d.xarid.uz сайти орқали жойлаштириб борилмоқда. Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш — коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали усули. Давлат идоралари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш уларнинг ҳисобдорлигини оширади. Ўзбекистонда бу борадаги бошлаган ишларни янада жадаллаштиришда албатта, фаол фуқароларнинг ўрни муҳим ҳисобланади.

Таъкидланишича, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига оид ахборотни тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий қилиш зарурати белгиланган. Аҳоли ва давлат идоралари ўртасидаги муносабатни шакллантириш учун Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхоналар, ҳар бир ташкилот ҳузурида фуқаролар қабулхоналари ташкил этилди. Шунингдек, фуқароларнинг Президентга мурожаат қилиш ҳуқуқи яратилди.


Мамлакатимиз Конституциясига мувофиқ, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ҳамда қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. 


Бугун рақамли технологиялардан кенг фойдаланилган ҳолда data.gov.uz, my.gov.uz, regulation.gov.uz, d.xarid.uz ва бошқа онлайн платформаларда маълумотлар очиқ эълон қилинмоқда, бу эса давлат идораларининг жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини оширмоқда.  Ҳар бир вазирлик ва идора маълумотлар очиқлиги фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, ўзининг веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълумотларни мунтазам жойлаштириши ва янгилаб бориши амалиёти йўлга қўйилди. Унда ўз фаолиятига оид маълумотлар, ташкилотларнинг бюджет маблағларининг сарфланиши, тендерлар тўғрисидаги эълонлар, бўш иш ўринлари сингари маълумотлар эълон қилиб борилмоқда. Шу ва бошқа ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни эгаллади.  


Президент Олий Мажлисга Мурожаатномасида бундан буён барча давлат харидлари жамоатчилик ва Парламент назоратида бўлади, ташқи қарз ҳисобидан ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳалар бундан буён маҳаллий кенгашлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади, деб таъкидлади. Шунингдек, қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назорати кенг йўлга қўйилади. Жумладан, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизими жорий қилинади. Бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар ҳам фаол жалб этилади. 


Ушбу ташаббус ва вазифаларни амалга ошириш орқали нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш жараёнларига кенг жалб этилади.


Шу ўринда таъкидлаш лозимки, айни вақтда 70 дан зиёд давлат идоралари ҳузурида Жамоатчилик кенгашлари ўз фаолиятини бошлади. Давлат идоралари фаолиятида шаффофлик ва ҳисобдорликни ривожлантиришдан биринчи галда жамоатчиликнинг ўзи манфаатдор ҳисобланади. Шундай экан, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни ҳамда уларнинг халқ олдидаги ҳисобдорликни таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари фаол позицияда бўлиши керак. Уларнинг иштирокисиз, аниқроғи фаол иштирокисиз ҳаққоний очиқлик ва ошкораликни таъминлаб бўлмайди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистонда илк бор ташкил этилаётган “Антикоррупция лабораториялари” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Минтақавий мулоқот” (Словения) халқаро нодавлат ташкилоти кўмагида амалга оширилмоқда. 


Лойиҳа саккиз босқичда олиб бориладиган йирик антикоррупцион тадқиқотларни ўз ичига олади. Якуний мақсад — таълимнинг барча босқичларида, яъни мактабгача таълимдан олий таълимгача имкон қадар кўпроқ коррупция ҳолатларининг тўлиқ манзарасини ҳосил қилиш.


Таълим аксарият фуқаролар ҳаёти давомида у ёки бу ҳолатда туташадиган соҳалардан биридир. Ота-оналар болаларини энг яхши мактабда сифатли таълим олишларини таъминлашга интилади, бироқ яхши мактаблар ҳамма хоҳловчиларга ҳам етмаслиги мумкин. Таълим тизими — ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бири. Айнан шунинг учун антикоррупция лабораторияларини ташкил қилиш лойиҳасининг таянч нуқтаси сифатида ушбу соҳа танлаб олинди.


Коррупция хатарлари ўтказиладиган сўров натижалари, статистик маълумотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва молиявий назорат органлари, шунингдек, мобил дастурлар орқали юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари асосида баҳоланади. Маълумотларни тўплаш ва коррупция хатарлари таҳлили доимий равишда ўтказилади, тегишли чоралар эса ҳар уч ойда ишлаб чиқилади.


Жамланган маълумотлар натижалари асосида ушбу тажрибани таълимнинг бошқа йўналишларида қўллаш режалаштирилган. Бунда ўқитувчиларни ишга қабул қилишда, дарс соатлари, синф раҳбарлигини тақсимлашда, мактаб ва синф фондига пул йиғишда, умумий таълим соҳасида давлат харидлари, абитуриентларни олий таълим муассасаларига қабул қилишда, ўқитувчи ва талаба ўртасида порахўрлик каби долзарб муаммолар инобатга олинади.
Тадқиқотга Ўзбекистон бўйича, шу жумладан вилоят, туман, шаҳар, қишлоқлардаги 114 та мактаб қамраб олинади.


Тўпланган, таҳлил қилинган ва умумлаштирилган маълумотлар коррупция хатарлари бўйича кенг қамровли ҳисобот кўринишида таълим тизимида шаффофликни таъминлаш ва мутаносиб тавсиялар билан тақдим этилади. Шунингдек, бу каби лабораториялар соғлиқни сақлаш ва қурилиш каби бошқа соҳалардаги муаммоларга ечим топиш учун ҳам ташкил этилиши кутилмоқда. 


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати кенг жамоатчилик ҳамда ОАВларни коррупция ҳолатларини аниқлашда, тадқиқот натижалари бўйича қабул қилинган қарорларни мониторинг қилишда, волонтёрларни сўровлар ўтказишда фаол иштирок этишга чақиради.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати