@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали якунланди

 2021-02-12 16:52:30   |     Просмотров: 2591

Жорий йилнинг 8 февраль куни Ўзбекистон бўйлаб старт олган Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали беш кун давомида финишга етиб келди. 


Фестиваль “Юксалиш” умумиллий ҳаракати ташаббуси билан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Қозоғистоннинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (ARGO) ва қатор ҳамкорлар кўмагида ташкил этилди. 


8—12 февраль кунлари мобайнида нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимлик органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, жами 2 мингдан зиёд иштирокчилар қамраб олинди. Республиканинг 8 та йирик шаҳрида 20 дан ортиқ тадбирлар — экология, инклюзив бошқарув, жамоатчилик назорати, давлат ижтимоий буюртмаси, волонтёрлик фаолияти, жамоатчилик кенгашлари, ижтимоий ҳимоя ва инклюзив таълим соҳаларига доир  3 та конференция, 3 та давра суҳбати, 4 та жамоатчилик мулоқоти, 4 та тренинг, 6 та тақдимот ва бошқа тадбирлар ўтказилди.


Жумладан, “Президент Мурожаатномаси — фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг янги босқичи” халқаро конференцияси, “ННТ мактаби” ҳамда “Антикоррупция лаборатория” лойиҳалари тақдимотлари бўлиб ўтди. Фарғона давлат университетида “Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маркази” ташкил этилди, унда соҳа экспертлари иштирокида талабалар учун илк мулоқот дарси ўтказилди.
Яна бир муҳим йўналиш – Халқ билан мулоқотнинг янги институционал босқичи жамоатчилик кенгашлари II — Миллий форуми ўтказилди.


Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Бухоро вилоят ҳокимлиги, Қўқон шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Наманган вилояти адлия бошқармаси ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик кенгашлари фаолияти тақдимоти ўтказилди.


Муҳокамаларни бевосита онлайн ва офлайн режимда 3 мингдан ортиқ жамоатчилик вакиллари кузатиб бордилар. Тадбирлар реал вақт режимида ўзбек, рус ва инглиз тилларида ҳамда сурдотаржимон ёрдамида жамоатчиликка етказилди. Шунингдек, тадбирлар 7 та давлат ва нодавлат телеканаллари, 8 та маҳаллий телеканаллар, 3 та радиоканаллар ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали ёритилиб, жами 50 мингдан зиёд аудитория қамраб олинди.
Фестиваль якунида “Орамиздаги қаҳрамонлар” акциясининг 14 нафар ғолиблари, 30 нафар волонтёр-психологлар ва 7 та фаол нодавлат нотижорат ташкилотларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 


Умуман, Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали ислоҳотлар жараёнларининг барча иштирокчилари учун конструктив мулоқот майдони бўлиб, уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилди. 


Маълумот учун: Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Қозоғистоннинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (ARGO) томонидан  АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида амалга ошириладиган Ўзбекистонда “Инновация учун ҳамкорлик” дастури доирасида ўтказилмоқда.


 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати