@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Жамоатчилик кенгашлари II-миллий форуми бўлиб ўтди

 2021-02-11 19:08:16   |     Просмотров: 335

11 февраль куни Тошкент шаҳрида Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали доирасида Жамоатчилик кенгашлари II-миллий форуми бўлиб ўтди. Жорий йилдаги чиқиш ва музокаралар “Жамоатчилик кенгашлари — халқ билан мулоқотнинг янги институционал босқичи” мавзусига бағишланди.


Маълумот учун: Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Қозоғистоннинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (ARGO) томонидан  АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида амалга ошириладиган Ўзбекистонда “Инновация учун ҳамкорлик” дастури доирасида ўтказилмоқда.


Ўзбекистонда кенг кўламли трансформациялар даврида фуқаролик жамияти институтларини жамоат ва давлат бошқаруви жараёнларига фаол жалб қилиш, ислоҳотларнинг амалга оширилиши устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Ҳокимиятнинг барча даражаларида аҳоли билан мулоқот тамойили илгари сурилмоқда. Ушбу йўналишдаги муҳим қадам – Жамоатчилик кенгаши институтини жорий этиш бўлди. Жамоатчилик кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади. Унинг фаолиятининг ҳуқуқий асоси Президентнинг 2018 йил 4 июлдаги қарори бўлди. Ҳужжат билан давлат идоралари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги намунавий Низом тасдиқланди.


Жамоатчилик кенгаши нима учун керак? Жамоатчилик кенгаши давлат идораси ва аҳоли ўртасида конструктив мулоқот ўрнатишга ёрдам беради. Фуқароларнинг манфаатларини илгари суриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади. Фуқароларга уларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш усулларини таклиф этади. Асосийси, аҳолининг ҳукуматга бўлган ишончини оширишга кўмаклашади.


Жамоатчилик кенгаши қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва қарорларда жамоат манфаатлари ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш бўйича давлат идоралари ва унинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Давлат ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади, ушбу йўналишдаги ишларни назорат ва таҳлил қилади.


Жамоатчилик кенгашнинг вазифаларидан бири — давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни мониторинг қилиш, унинг фаолияти тўғрисида батафсил ахборот олиш имкониятларини таҳлил қилиш, уларни янада кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдир.


70 дан ортиқ давлат идоралари ва муассасалари ҳузурида Жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди. Уларнинг 2019—2020 йиллардаги фаолиятини таҳлил қилиш учун "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати экспертлари 20 га яқин жамоатчилик кенгашлари томонидан тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилди. Ўрганиш натижаларига кўра, жамоатчилик кенгашлари аъзоларининг сони 5 нафардан (Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши) 136 кишига қадар (Қўқон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши). Кенгаш аъзоларининг бешдан бир қисми аёллар, деярли учдан бири нафақахўр ва давлат идоралари фахрийлари ташкил этади. Шунингдек, жамоатчилик кенгашларининг сифат таркиби таҳлил қилинди. Эьтиборли жиҳати — уларнинг фаолиятига жалб қилинган аъзоларнинг тўртдан бир қисми давлат хизматчилари, деярли яна шунчаси нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари, 14 фоизга яқини тадбиркорлар ва 10 фоизи медиа-ҳамжамият вакилларидир.


Сўровларда иштирок этган жамоатчилик кенгашлари 2020 йилда 61 та қонун лойиҳалари, 75 та Президент фармон ва қарор лойиҳалари, 139 та ҳукумат қарорларининг лойиҳалари, вазирлик ва идоралар, вилоят раҳбарларининг 1 930 та буйруқлари, 18 та халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг қарорларини, 838 та ҳоким қарорларини муҳокамаларида қатнашган ва ушбу ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича тегишли давлат органларига 145 та таклиф киритган.


Жамоатчилик кенгашларини шакллантириш босқичи икки йил олдин бошланган. Ушбу янги тузилмага кўмаклашиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Қозоғистон Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси ва АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлигининг кўмаги амалга оширилаётган “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида бешта пилот жамоатчилик кенгашлари танлаб олинди.


Ушбу дастур доирасида жамоатчилик кенгашларини салоҳиятини кенгайтириш учун уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатилди, халқаро тажриба асосида ташкилий ривожлантирилди. Жамоатчилик кенгашлари таркибидаги нодавлат нотижорат ташкилотларига грантлар ажратилди. Мутахассислар иштирокида тренинглар ва ўқув курслари ташкил этилди.


Ўтган бир йил давомида жамоатчилик кенгашалри қандай натижаларга эришди? Улар ўз олдига қўйган мақсадларни рўёбга чиқара олдими?


Мисол учун, Қўқон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши 2020 йил сентябрь ойида пандемия даврида мактабларда ўқув жараёнлари, масофадан ўқитиш сифати ва ўқувчиларнинг онлайн таълимга жалб қилинишини ўрганилди. Бундан ташқари, кенгаш томонидан аҳолини қийнаб келган қатор масалалар, хусусан, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш, тиббий хизматнинг сифати ва бошқа мавзулар бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказди.


Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши томонидан Сирдарё вилоятида экологик мониторинги ташкил этилди. Ушбу тадбирларга Шурўзак канали, Қалғансир кўли ва «PENG-SHENG» ҚК МЧЖга туташ ҳудудларда экологик вазият ва сувнинг ифлосланиши ҳақида аҳолининг кўплаб шикоятлари асос бўлди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва журналистлар иштирокида пойтахтнинг Юнусобод туманидаги маиший чиқиндилар полигонидаги ҳолат мониторинг қилинди.


Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши томонидан Шофиркон (соғлиқни сақлаш муаммолари бўйича), Когон туманларида (жойларда Давлат дастурининг ижроси юзасидан) ва Бухоро шаҳрида (ички йўлларнинг сифати ва ҳолати) 300 дан зиёд фуқароларни қамраб олган ҳолда жамоатчилик эшитувлари ўтказилди. Натижада, тавсиялар ишлаб чиқилиб, вилоят ҳокимлиги ва маҳаллий халқ депутатлари Кенгашларига киритилди.
Наманган вилояти адлия бошқармаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий объектларда керакли шароитлар мавжудлиги тўғрисида жамоат эшитуви ўтказилди. Натижада, Қурилиш вазирлиги томонидан қурилиш соҳасидаги масъул давлат идораларига 2021 йилдан бошлаб жамоат, бинолари ҳамда иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш (лифт, пандуслар билан жиҳозлаш) ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун автотранспорт сақлаш жойларини мақбул миқдорда кўрилиши бўйича топшириқ берилди.


Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши бюджет маблағларини ташаббус асосида бюджетлаш тўғрисида низом лойиҳасини ишлаб чиқди. Ушбу ҳужжат Тошкентнинг туманларида ташаббус асосида бюджетлаш жараёнларини сезиларли даражада соддалаштириш ва тизимлаштиришга кўмаклашади.


«Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деган янги ғояни амалда рўёбга чиқариш, аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш ҳамда давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш кўзда тўтилган. Унинг асосий вазифаларидан бири давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини кучайтириш, уларга услубий ва бошқа амалий ёрдам кўрсатишдир. 


Жамоатчилик кенгашлари форуми илғор тажрибаларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш, янги ташаббусларни муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун платформа бўлиб, энг муҳими, жамоат кенгашларини янада ривожлантириш, уларнинг давлат идоралари билан ўзаро муносабатлари ва ҳамкорликдаги фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқишга хизмат қилди.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати