@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Фарғонада Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маркази очилди

 2021-02-09 15:34:19   |   

9 февраль куни Фарғона давлат университетида Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маркази очилди.


Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали доирасида ташкил этилган очилиш маросимида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ёвропа Иттифоқи, Гернманиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғарма вакиллари, маҳаллий ҳамжамиятлар ва ёшлар, миллий ва хорижий экспертлар иштирок этди. 


Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ушбу Марказ Фарғона водийсидаги чегара олди ҳудудлар салоҳиятини оширишга қаратилган турли тадбирлар ўтказиш учун майдон сифатида фойдаланилади, шунингдек, ёшлар ва соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, янги билимлар бериш ҳамда мулоқот ва мунозара муҳитини яратиш учун хизмат қилади.


Марказ Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик йўлида трансчегаравий ва соҳалараро мулоқот” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Мазкур лойиҳа  Конрад Аденауэр номидаги жамғарма бошчилигидаги консорциум билан учта мамлакатдаги ҳамкорлари — “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати (Ўзбекистон), “BIOM” экологик ҳаракати (Қирғизистон) ҳамда “Гендер ва тараққиёт” жамоат ташкилоти (Тожикистон) томонидан амалга оширилмоқда. 


Лойиҳа Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон аҳолиси ўртасида кўп томонлама чегаралараро мулоқотга кўмаклашишга, бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатликни рағбатлантиришга, радикаллашувнинг олдини олиш, зўравонликнинг илдизлари тўғрисида фуқаролар хабардорлигини оширишга ҳамда чегарадош ҳудудларда фуқаролик жамияти салоҳиятини оширишга қаратилган. 


Ушбу лойиҳанинг амалга ошириш босқичи мақсадли мамлакатларнинг чегараолди минтақаларидаги учта университетда Бағрикенглик марказларини ташкил этишни ўз ичига олади. Марказларда мақсадли гуруҳлар ва манфаатдор томонлар ўртасидаги мулоқотни осонлаштириш учун ижодий ва қулай норасмий макон яратилиб, техник жиҳатдан жиҳозланган бўлади. Марказлар фаолияти доирасида, шунингдек, мамлакат ичкарисида ва ташқарисида ҳамда давлатлар ва бошқа жамоат аъзолари, ёшлар ўртасида фикр алмашиш платформаси ва механизми сифатида муҳокамалар форматини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Турли баҳс-мунозара тадбирлари асосида медиаконтент ишлаб чиқиш ва уни интернет-нашрлари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш кўзда тутилган.

 

Маълумот учун: Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Адлия вазирлиги ташаббуси билан АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, “ARGO” фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (Қозоғистон) ва бошқа ҳамкорлар кўмагида амалга оширилмоқда.

 

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати