@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистон ҳудудларида ННТлар учун 5 та коворкинг-майдонлари иш бошлайди

 2021-01-15 16:22:24   |   

“Инновация учун ҳамкорлик” дастури доирасида жамоат ташкилотлари томонидан замонавий ресурс марказлари ННТлар учун коворкинг-майдонлари моделини яратиш ва ривожлантириш бўйича билдирилган ташаббуслари қўллаб-қувватланди.  

Фуқаролик фаолларининг салоҳиятини ошириш учун зарур техникалар билан таъминланган иш жойи ва майдон эндиликда бешта пилот ННТ негизида ташкил этилади:

  • “Nihol” ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш маркази (Тошкент вилояти);
  • “Ҳамдард” аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий, тиббий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази (Хоразм вилояти);
  • “Эзгу ният” ННТ (Фарғона вилояти);
  • “Тўмарис” аёллар ва ёшлар маркази (Навоий вилояти);
  • “Тараққиёт” аҳолини қўллаб-қувватлаш ва юксалтириш маркази (Фарғона вилояти).

Ҳудудларда ННТлар коворкинг-марказларини ривожлантириш бўйича грант танлови фуқаролик фаолларининг, ташкилий ривожланиш бўйича ННТларнинг билим ва малакаларини оширишга, мулоқот учун шу каби майдонларни яратиш орқали жамоатчилик тузилмалари ҳамда давлат ўртасида ўзаро фойдали ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Жумладан, “Nihol” ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш маркази гендер таълими бўйича ҳуқуқий-ресурс коворкинг-маркази очишни мақсад қилган. ННТларнинг ҳамкорликдаги фаолияти учун шароит яратиш орқали инсон капиталини тўплашда инфратузилмани барпо қилиш, ижтимоий лойиҳаларни ривожлантириш кўзда тутилган. ННТ ходимлари, психологлар, волонтёрлар учун ташкилий ривожланиш ва стратегик мақсад — оиладаги зўровонликдан жабр кўрганларга психологик ёрдам кўрсатиш бўйича тренинглар ўтказиш режалаштирилган.

“Ҳамдард” ННТ томонидан ташкил этиладиган коворкинг-марказ Хоразм вилоятидаги маҳаллий ННТларнинг билим ва касбий малакаларини оширишга, уларга етарли иш муҳитини яратишга, ўқув ва техник ресурслар билан таъминлашга йўналтирилган. Онлайн ишлашнинг замонавий воситалари (ZOOM платформаси ва бошқалар)дан самарали фойдаланиш бўйича семинарлар ўтказиш режалаштирилган. ННТ ходимлари учун тренинглар ва консультациялар давомида асосий урғу волонтёрларга мотивация бериш, лойиҳа ёзиш ва уларни бошқариш, мақсадли гуруҳлар эҳтиёжини баҳолаш жиҳатлари ҳамда методларига қаратилади.

“Эзгу ният” ННТ Қўқон шаҳридаги ногиронлиги бўлган шахслар ва фуқаролик фаоллари учун муваффақиятли макон яратиш ғоясини илгари суради. Мазкур ННТ мутахассислари ва тренерлари жамоат тузилмалари ходимларига лойиҳа талабномаларини ёзиш, ҳисобот бериш, аудиторлик фаолияти, маблағ йиғиш структураларини ўргатади. Маслаҳатчилар тренинг иштирокчиларига онлайн ва оффлайн равишда  мураббийлик қилади.

“Тўмарис” аёллар ва ёшлар маркази ННТларнинг самарали фаолияти учун коворкинг-майдон яратмоқда. Унинг негизида Навоий вилоятидаги ННТлар ходимлари Интернетдан, шу жумладан ННТлар web-академиясидан, офис ускуналаридан фойдаланиш, шунингдек, ташкилий ривожланиш, хусусан, иш юритиш, молиявий бошқарув, маблағларни бошқариш, маҳаллий ва халқаро ташкилотларга лойиҳалар ёзиш бўйича ваколатларини ошириш  имконига эга бўлади.

“Тараққиёт” ННТ қошидаги коворкинг-марказ эса ичимлик суви таъминоти ташкилотларининг республика ассоциациясини ташкил этиш ғоясини илгари сурмоқчи. Коворкингдан ННТлар салоҳиятини  оширишда, уларнинг фаолиятидаги техник ва ахборот кўмаги кўрсатишдаги муаммоларни ҳал этишда фойдаланилади. Хусусан, ташкилий ривожланиш ва стратегик мақсад, молиявий менежмент ва волонтёрлик бўйича тренинглар ўтказиш режалаштирилган.

Мамлакатимиз ҳудудларида коворкинг-майдонлари сонини кўпайтириш замирида ННТларнинг замонавий ва қулай иш жойига бўлган эҳтиёжини қондириш, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг билимларини сифат жиҳатдан ошириш, ННТлар ҳамда давлат идоралари ўртасида самарали ўзаро алоқаларни ўрнатиш мақсад қилинган.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати