@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати: 2020 йил қанчалик самарали бўлди?

 2020-12-31 18:46:11   |     Просмотров: 2336

 

Йил якунига етмоқда, демак, сарҳисоб ва кейинги йилга режалар тузадиган вақт келди. Ҳа, 2020 йил синовлар йили бўлди. Бироқ бу синовлар одамларни синдирмади, аксинча, қадриятларни қайтадан баҳолаш, ҳаётий мақсадларни ўзгартириш учун имкон берди.  

 

Юзага келган мураккаб вазиятларда, айтайлик, COVID-19 пандемияси ва карантин чекловлари, Сардоба сув омборидаги техноген офат даврида фуқаролар меҳр-мурувват, раҳмдиллик, саховатпешаликни унутмадилар, бир-бирларига, муҳтожларга ёрдам қўлини чўздилар. Халқ бошига келган мусибат ҳаммани жипслаштирди.

 

Хайрия ва аҳолига манзилли ёрдам

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати жамоаси хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўша олгани, ўзгаларнинг ҳаёти, саломатлиги учун қийинчиликларга қарамай, елкама-елка туриб, ўз вақтини, моддий ёрдамини аямаган волонтёрлар, фаол фуқаролар ва минглаб бефарқ бўлмаган инсонларнинг улкан ҳаракати бир қисми бўла олганидан мамнун.

Мисоллар билан айтадиган бўлсак, апрель ойида фаоллар жамоаси, жумладан «NIHOL» ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш маркази, Ўзбекистонда «Инновациялар учун ҳамкорлик» дастури жамоаси, қатор психологлар, волонтёрлар қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларга бепул психологик ёрдам кўрсатадиган Телеграм-бот ва канални ишга тушириш ташаббуси билан чиқди. «Юксалиш» УМҲ ушбу хайрли ишни қўллаб-қувватлади ва бор имкониятларни ишга солиб, ҳамкорларни жалб қилишга киришди. Телеграм-бот ишлаган вақт мобайнида республикамизнинг турли ҳудудларидан минглаб инсонлар психологик ёрдам олди.

Коронавирусга қарши курашишда фидойилик кўрсатган Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳаси ходимларига миннатдорлик билдириш мақсадида «Юксалиш» УМҲ «Ўзбекистан шифокорларига раҳмат!» флешмоб-акцияси ўтказиш ташаббусини билдирди. Мавзуга оид роликлар республиканинг барча ҳудудларида, телевидение ва ижтимоий тармоқларда намойиш этилди.

Шунингдек, ушбу акциянинг мантиқий давоми сифатида спортчилар ҳам шифокорларга миннатдорлик билдирилди. 3 сентябрь куни Ўзбекистон ва Тожикистон футбол жамоаларининг ўртоқлик учрашуви олдидан ўйинчилар «Раҳмат!» (ўзбек ва тожик тилларида) ёзуви туширилган футболкаларда майдонга чиқишди.

Коронавирус профилактикаси, унинг белгилари, реабилитацияси ҳақида аҳолини хабардор қилиш учун бир нечаа ўнлаб инфографикалар ва ахборот материаллари тайёрланди. Мавзули плакатлар, брошюралар 50 мингдан ортиқ нусхада чоп этилиб, аҳоли ўртасида, ҳатто энг чекка туманларда тарқатилди.

«Юксалиш» УМҲ Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда Президент халқ қабулхоналари кўмагида «Салом Сардоба, биз биргамиз!» хайрия акциясини амалга оширди. Акция доирасида 5 мингдан зиёд киши қамраб олинди. Уларга махсус ҳисоб рақамига келиб тушган 561 млн сўм эвазига манзилли моддий ва молиявий кўмак кўрсатилди. Натижада 111 оилага 2,3 ва 5 млн сўм мабалағи бор банк пластик карталари, уйда таълим олувчи ногиронлиги бўлган болаларга 49 та компьютер жамланмаси, 10 та ўқув мебеллари, 2 та рассомлик тўплами, велосипед, эшитиш мосламлари ва махсус тренажерлар тақдим этилди. 250 оилага 22,3 млн сўмлик озиқ-овқат тўпламлари тарқатилди. Бундан ташқари, Сирдарёнинг талофат кўрган туманларига инсонпарварлик ёрдами ортилган 23 та юк машинаси юборилди, ҳомийлар ва ҳамкорлар томонидан 167 оилага мебеллар берилди.

Қурилиш материаллари ва гуманитар юкдан иборат 100 млн сўмга яқин ёрдам кучли шамол оқибатида зарар кўрган Бухоро вилоятининг туман ва шаҳарларига жўнатилди.

Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш

Карантин чекловлари пайтида нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини ошириш, фаол фуқароларни муҳим қарорлар қабул қилинишига жалб этиш бўйича ишлар давом этди. Онлайн инструментлар ННТ вакиллари билан доимий мулоқотда бўлиш, консультациялар, тренинглар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни масофавий ўтказишда қўл келди.

 «Юксалиш» УМҲ фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасидаги инновациялар тарафдори. Шундай ташаббуслардан бири Тошкентда ўтказилган илк хакатон – «Ижтимоий аҳамиятли мавзуларда онлайн курсларни ишлаб чиқиш» лойиҳаси бўлди. Икки кун давомида 30 га яқин иштирокчилар тўртта мавзули гуруҳларда ишлашди. Улар ахборот бериш, жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш бўйича ННТлар, ОАВлар вакилларининг малакасини ошириш, жамоат ташкилотларининг самарали менежментини шакллантириш, давлат ижтимоий буюртмасини олиш ҳамда муаллифлик таълим дастурларини ишлаб чиқиш мақсадларига қаратилган мультимедиа дастурларини ишлаб чиқишди. Онлайн-курслар ННТлар учун вкб-академия платформаси (http://studyorg.uz/)га жойлаштирилган.

Ўзбекистон инновацион фестиваль ва «Ривожланиш тарихи: ичкаридан назар» XI халқаро конференциянинг бир бўлагига айланди. Мамлакатимизнинг қатор ҳудудларида туркум тадбирлар ташкил этилди. Масалан, «Самарқанднинг тарихий ёдгорликларига йўл» мавзусидаги волонтёрлар акцияси ва давра суҳбати ногиронлиги бўлган шахсларга шароит яратиш, инклюзия муаммоларига бефарқ бўлмаган барча инсонларни бирлаштирди. Акция доирасида айрим тарихий объектларга пандуслар ўрнатилди.

Тошкентда етакчилик ва волонтёрлик бўйича мунозара клуби учрашуви ўтказилди. ННТлар, давлат идоралари, волонтёрлар гуруҳлари вакиллари ва экспертлар очиқ мулоқот шаклида волонтёрликни ривожлантириш соҳасидаги глобал тенденциялар, тизимли муаммолар ва кўнгилли ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ёндашувлари, етакчилик жиҳатлари ва пандемия даврида волонтёрлик масалаларини муҳоакама қилдилар. Волонтёрлар ва ННТларни бирлаштирувчи платформа –  unions.uz сайти тақдимот қилинди. Сайтни «Юксалиш» УМҲ грант соҳибларидан бири яратган.

Умуман, 2020 йил давомида 15 та ННТ ва давлат идоралари қошидаги 5 та жамоатчилик кенгашига 1,5 млрд сўмлик грантлар тақдим этилди. Тренинг в маҳорат дарсларида 50 та жамоатчилик ташкилотлари вакилларининг ваколатлари оширилди.

Йилнинг ёрқин ниҳояси сифатида сўнгги беш йилда илк бор Ўзбекистон ННТлар мактаби ташкил этилганини таъкидлаш мумкин. 15 нафар фаол фуқаролар маърузавий кичик сессиялар, амалий машғулотлар ва маҳорат дарслари форматида етакчилик ва стратегик бошқарув, дастурлар ва хизматлар сифатини назорат қилиш, молиявий менежмент ва барқарорлик, жамоатчилик билан мулоқот ва коммуникация жиҳатларини кўриб чиқдилар. ННТлар вакиллари, шунингдек, зарур ҳужжатлар, қоидалар ва амалиёт учун тайёр қўлланмага (инструмент) эга бўлди.

 

Барқарор ривожланиш мақсадлари ва БМТнинг 75 йиллиги

«Юксалиш» УМҲ республика аҳолисини шахсан ва рақамли маконда имкон қадар кўпроқ қамраб олиш мақсадида глобал мулоқот — «UN75» кампанияси тарғиботига катта ҳисса қўшди. Ўзбекистон https://un75.online платформаси орқали сўровномани тўлдирган кишилар сони бўйича Топ-10 таликда бормоқда (34 мингдан зиёд).

 Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича миллий шарҳ лойиҳасининг муҳокамаси, “БМТнинг 75 йиллиги: келажакка назар” тадбирлари доирасида 50 га яқин онлайн мулоқот ва мотивацион учрашувлар, мамлакатимизда COVID-19га қарши курашаётган тиббиёт соҳаси вакилларига миннатдорлик билдириш учун “Шифокорларга раҳмат!” акцияси ташкил этилди. ОАВда кенг тарғибот ишлари олиб борилиши натижасида ушбу тадбирларга турли ёш ва касбдаги 2 млнга яқин инсонлар жалб этилди.

Бундан ташқари, Ҳаракат билан ҳамкорликда фаолият юритадиган 150га яқин ННТлар ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш учун рағбатлантириш соҳасидаги ижобий ўзгаришларни алоҳида таъкидлаб, 2021—2023 йиллар мобайнида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига Ўзбекистон номзоди кўрсатилиши ташаббусини қўллаб-қувватлади.

 

Конструктив мулоқот ва жамоатчилик назорати 

2020 йил давомида 329 та акция ва тадбирлар, шу жумладан 200 дан зиёди ҳудудларда ўтказилди. Масалан, Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ҳамкорликда 1—7 декабр кунлари республика бўйлаб бепул Ҳуқуқий маслаҳатлар куни акцияси ташкил  этилди. Унда 42 та нотариуслар қатнашди, мамлакат бўйича 600 дан зиёд фуқаролар беминнат ҳуқуқий ёрдам олди.

Давлат дастурининг ижроси мониторингги мунтазам ўтказилди. Бунда назорат нафақат ижрога масъул давлат идораларига сўров юбориш ва маълумотларни умумлаштириш йўли билан, балки жойларга бевосита чиққан ҳолда ҳам олиб борилди. Ўтган давр мобайнида 300 та жамоатчилик назорати тадбирлари ҳам ўтказилди. Хусусан, Ҳаракат мутахассислари Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман), Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили ҳамда қатор ННТлар иштирокида Ўзбекистоннинг 6 та ҳудудида шундай тадбирлар бўлиб ўтди. Ишчи гуруҳ Давлат ва инвестициялар дастурларида кўзда тутилган объектларга ташриф буюриб, таъмирлаш ва қурилиш ишлари билан танишди.

Жамоатчилик назорати якунлари ва аҳолини қийнаётган бошқа долзарб масалалар бўйича Президент Администрацияси, ҳукумат ва парламентга 40 дан ортиқ таклиф ва тавсиялар киритилди. Ҳаракатнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари воситачилиги билан Халқ депутатлари Маҳаллий кенгашлари сессияларига аҳоли муаммолари бўйича 20 та сўров киритилди.  

Маҳаллий ва хорижий экспертлар, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ёшлар ва ОАВ иштирокида муҳокамали мавзуларда 40 дан зиёд давра суҳбатлари ва очиқ мулоқотлар ўтказилди.

 

2021 йил режалари

2020 йилда халқаро ва хорижий лойиҳалар портфели 1.5 млн АҚШ  долларини ташкил этди. Қайд этиш керак, мазкур лойиҳалар ва ташаббуслар «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан амалга оширилди. Булар фаол фуқаролар, маҳаллий ҳокимликлар, вазирликлар, ННТлар, халқаро ҳамкорлар, хусусан Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси, Халқаро ривожланиш бўйича АҚШ фонди (USAID), «Минтақавий мулоқот» ХННТ (Словения), Буюк Британия элчихонаси, Европа Иттифоқи каби ва медиа уюшмалари вакилларининг ҳаракатларини бирлаштириш натижасидир.

Ҳаракат бошлаган фаолиятини янада ривожлантириш, янги ташаббуслар ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ниятида, асосийси, фуқароларни мамлакатдаги ислоҳотларни амалга ошириш йўлида бирлаштиришга ҳаракат қилади.

   

Жумладан, 2021 йилда қуйидагилар режалаштирилмоқда:

– Мурожаатнома ва Давлат дастури ижроси очиқ бўлишини таъминлаш. Фуқароларга у ёки бу вазифалар ижросини электрон платформалар орқали кўриб бориш имкониятини яратиш;

– Давлат дастури ижроси юзасидан нодавлат ташкилотлари билан биргаликда соҳалар кесимида ҳар ойда очиқ жамоатчилик эшитувлари ва брифинглар ўтказиб бориш;

– ННТ мактабларида 100 дан зиёд ННТ вакилларига таълим бериш;

– Медиа мактаб ташкил этиш, уларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 100дан зиёд ёш блогер ва журналистлар малакасини ошириш;

– эҳтиёжманд оилалар вакилларига 2 млрд сўмдан зиёд тўғридан-тўғри моддий ёрдам кўрсатиш;

– қишлоқларда 12 та кичик инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштириш;

– ижтимоий масалалар бўйича 8 та миллий тадқиқот ўтказиш;

– ҳар чоракда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан  ўзбек, рус, инглиз ва немис тилларида ахборот бюллетенларини чоп этиб бориш.

 

 «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати