@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Санкт-Петербургда Ўзбек маданий маркази очилиши мумкин

 2020-12-25 17:44:01   |     Просмотров: 1375

Жорий йилнинг 25 декабрь куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати офисида Ҳаракат раҳбарияти Санкт-Петербург шаҳар муниципал тузилмаси депутати Равшанбек Қурбонов билан учрашди. Томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, Петербургда Ўзбек маданий марказини очиш лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.


Маълумот учун: ватандошимиз Равшанбек Қурбонов Хоразм вилоятида туғилган, ҳозирда Санкт-Петербург шаҳар муниципал тузилмаси депутати, Ленинград вилояти губернатори қошидаги Миллатлараро муносабатлар кенгаши аъзоси.


Қайд этилишича, айни вақтда Санкт-Петербургда ҳамда Ленинград вилоятида 140 дан зиёд миллат вакиллари яшайди, улар орасида ўзбеклар кўпчиликни ташкил этади. Рухсатнома патенти билан минглаб меҳнат муҳожирлари муваффақиятли фаолият олиб бормоқда, мингдан зиёд ўзбекистонлик талабалар ҳудуддаги олий таълим муассасаларида ўқимоқда. Равшан Қурбонов Россияда биринчи Ўзбек маданий марказини очиш зарурлигини таъкидлади. Унинг айтишича, ушбу ташаббус Санкт-Петербург шаҳрида ҳамда Ленинград вилоятида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар ва фаоллар томонидан ҳам билдирилган. 


Учрашув якунида Ҳаракат ва Санкт-Петербургда яшайдиган ватандошлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга келишиб олдилар.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати