Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастурининг маҳаллийлаштирилиши унинг барқарорлигини таъминлайди
Жорий йилнинг 11 декабрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти ва “АРГО” Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (Қозоғистон) ўртасида онлайн тарзда Ўзбекистонда "Инновациялар учун ҳамкорлик" дастурини маҳаллийлаштириш тўғрисида уч томонлама меморандум имзоланди.
Дастурнинг Ўзбекистонда амалга оширилиши республикадаги нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ)нинг касбий маҳоратини оширишда янги босқични бошлаб бериши таъкидланди. Дастур фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва фуқароларни мамлакат давлат бошқарувига жалб қилишнинг самарали механизмларини жорий этишга, шу жумладан, ННТлар, давлат идоралари ҳузуридаги жамоатлик кенгашларининг салоҳияти ва билимларини оширишга имкон берди. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги ННТлар раҳбарлари ва ходимлари яна бир онлайн ресурс — Веб-академиядан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу бепул масофавий таълим олиш учун мўлжалланган электрон платформадир. Ижтимоий соҳада билимларини оширишни истаган ҳар бир киши ўзи учун қулай вақтда курслардан ўтиши ва тегишли сертификатни қўлга киритиши мумкин.
2021 йил март ойида Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури якунланиши муносабати билан уни келгусида ҳам давом эттириш масаласи юзага келди. Уч томонлама меморандум мамлакатда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлат ва жамият ўртасида самарали мулоқотни ўрнатиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ўзаро алоқаларни таъминлаш бўйича Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасидаги дастурнинг барқарорлигини таъминлаш ва давом эттиришга ундайди. Шундан келиб чиқиб, томонлар кейинги икки йил давомида Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастурини маҳаллийлаштириш ғоясини қўллаб-қувватлади.
- Ўзбекистонда "Инновациялар учун ҳамкорлик" дастурини амалга ошириш жараёнида биз фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида халқаро ташаббуслар ва илғор тажрибаларини илгари суришда катта тажрибага эга бўлдик, — дейди "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов. — Маҳаллийлаштириш нафақат моддий ва интеллектуал ресурсларни сақлаб қолиш, балки икки йил давомида тўпланган билим ва кўникмаларни сақлаб қолиш, мамлакатдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини янада ошириш учун уларни шакллантиришда ва қўллашда ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, икки йиллик Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “АРГО” Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (Қозоғистон) томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) молиявий кўмаги билан амалга оширилмоқда.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати