Ўзбекистон бўйлаб 600дан зиёд фуқаролар бепул ҳуқуқий маслаҳат олди
2020 йилнинг 1—7 декабрь кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамкорликда республика бўйлаб бепул “Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акциясини ташкил этди.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ушбу йўналишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик тизимини яратиш, ижтимоий шериклик принципи асосида амалий ишлар ташкил қилиш ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш муҳимдир.
“Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акциясининг асосий мақсади фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, халқ билан ўзаро алоқалар механизмини яратиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Етти кун давомида барча ҳудудлар бўйича 41 нафар Нотариал палатанинг юқори малакали мутахассислари 607 нафар фуқароларга маслаҳат беришда иштирок этди.
Акция доирасида мутахассислар томонидан фуқароларга ҳуқуқий мавзулар ва турли муаммоли масалалар, шу жумладан ер, уй-жой, меҳнат ва оилавий муносабатлар, автотранспорт воситаларини расмийлаштириш, мол-мулкга эгалик қилиш ҳамда ҳадя ва мерос масалалари юзасидан юридик ёрдам кўрсатилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати