@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Самарқанд вилоятида жамоатчилик мониторинги амалга оширилди

 2020-11-06 10:53:00   |     Просмотров: 2954

Жорий йилнинг 4-5 ноябрь кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мутахассислари ва ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ҳамда Инвестиция дастурининг ижроси бўйича жамоатчилик мониторингини ўтказди.

Самарқанд шаҳри ва Жомбой туманларида ташкил этилган тадбирлар давомида ижтимоий инфратузилма объектларининг барпо этилиши ва Давлат дастурининг 142, 164, 171, 192, 204 ва 210-бандлари ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

Жумладан, ишчи гуруҳ Давлат дастурининг 142-банди бўйича Самарқанд шаҳрида қурилаётган IT-паркда бўлди. IT-парк майдонини кенгайтириш ва янги инфратузилма объектларини қуриш, ҳудудий филиални яратиш минтақада жорий Давлат дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да ҳамда давлат раҳбарининг 2020 йил 28 апрелдаги Қарорида кўзда тутилган эди. Мониторинг давомида қурилиш ишлари режага мувофиқ амалга оширилаётганлиги қайд этилди.

Давлат дастурининг 171-бандида назарда тутилган вазифалар – янги профессионал таълим муассасаларини ташкил этиш, уларга ўқувчиларни қабул қилиш, ўқитиш ва яшаш шарт-шароитларини яратиш бўйича  Самарқанд шаҳридаги 1 680 ўринли 81-сонли умумтаълим мактаби ва 120 ўринли 50-сонли мактабгача таълим муассасасининг қурилиш жараёни ҳам мониторинг қилинди.

Мактаб қурилиши учун қарийб 31,3 миллиард сўм,  МТМга эса 2,9 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

Шу билан бирга, ишчи гуруҳ янги касб-ҳунар таълими муассасаларини ташкил этиш, абитуриентларни қабул қилиш жараёни, талабаларга дарс бериш, шунингдек, ётоқхоналарда улар учун яратилган шароитлар билан танишди. Масалан, Президент Фармонига мувофиқ, Самарқанд енгил саноат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи жойлашган бинода касб-ҳунар таълими муассасаси қайта ташкил этилди. Бу эрда кадрлар 9-синф битирувчиларидан умумий таълим ва ихтисослик фанлари бўйича икки йиллик интеграл дастурлар асосида тайёрланмоқда.

2020/2021 ўқув йили учун қабул квотаси тасдиқланган — 240 ўрин. Автобиллар чилангарлари, компьютер дизайни ва графикаси операторлари, электр газ пайвандловчилари, сартарошлар, назоратчи-кассачилар, тикувчиларни тайёрлаш режалаштирилган. Таълим олувчиларни БҲМнинг бир баравари миқдоридаги бир марталик стипендия ҳамда кунига уч маҳал овқатланиш билан таъминлаш режалаштирилган.

Самарқанд тиббиёт коллежи Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумига айлантирилди. Ушбу ўқув йилида 600 та талабани қуйидаги ихтисосликлар бўйича қабул қилиш режалаштирилган: ҳамширалик, стоматология, дорихона, фельдшер-акушер, фельдшер-лаборант ва даволаш-профилактика ишлари.

Маълумот учун: 2020 йилда вилоят бўйича 74 та профессионал таълим муассасалари ташкил этилган бўлиб, шундан 37 таси касб-ҳунар мактаби, 15 таси коллеж ва 22 таси техникум ҳисобланади.

Давлат дастурининг 204 ва 210-бандларига биноан қийин турмуш шароитида бўлган ва ногирон аёлларни арзон уй-жой билан таъминлаш кўзда тутилган. Самарқанд вилоятида йил охирига қадар 114 нафар аёлни имтиёзли шартларда уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган. Ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳри ва Жомбой вилоятидаги аёллар ва масъул тузилмалар билан суҳбатлашди, уйлар қурилиши, ушбу гуруҳ аёлларига тақдим этиладиган уй-жойларнинг шароитлари билан танишди.

 Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
12 апрелдаги “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлар учун қулай шароитларга эга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш” ҳақидаги 285-сонли қарорига мувофиқ, 2020 йилда самарқандлик 114 нафар хотин-қизга уй-жой ажратилиши кўзда тутилган, шундан Самарқанд шаҳрида 6 та. Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига оғир турмуш шароитидаги аёллар 420 нафарни ташкил этган.

Мониторинг гуруҳига тақдим этилган маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳри Қорасув массивида қурилган уй-жойлар мазкур бандлар ижросини таъминлаш мақсадида барпо этилган. Дастурда оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларга арзон уй-жойлар ажратилиши кўзда тутилган бўлса-да, мазкур уйларнинг ҳар квадрат метри 4,5 млн. сўмни ташкил этади. Шунингдек, ажратилган кредит фоизлари бўйича ҳам ҳеч қандай имтиёзлар назарда тутилмаган. Агар мазкур уй-жойлар ҳақиқатдан ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга ажратилган бўлса, келгусида кредит фоизларини тўлаш учун ҳам муаммолар вужудга келтириш эҳтимолини пайдо қилади. Аҳоли билан суҳбат жараёнида ижтимоий аҳволи оғир бўлмаган инсонлар ҳам кредит тўловларини тўлашда қийинчиликларга дуч келаётганлигини билдиришди.

Иш билан банд бўлмаган аҳолини, айниқса ёшлар ва аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш сифатини кескин ошириш ҳамда ушбу тизимга World Skills стандартларини кенг жорий этиш бўйича Давлат дастурининг 192-бандида белгиланган вазифалар ижроси ўрганилганида, “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, Самарқанд шаҳри Боғибаланд маҳалласида ташкил этилиши белгиланган касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти йўлга қўйилмагани Давлат дастурининг мазкур банди тўлиқ бажарилмаётганлиги маълум бўлди.

Жамоатчилик мониторинги ва аҳоли билан учрашувлар натижалари бўйича умумлаштирилган таҳлилий маълумотлар тегишли давлат органларига тақдим этилади.

Тадбирлар Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати