@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Бухоро вилоятида Давлат дастури ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди

 2020-11-08 10:45:00   |     Просмотров: 2893

Жорий йилнинг 6—7 ноябрь кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мутахассислари ва ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ҳамда Инвестиция дастурининг ижроси бўйича жамоатчилик мониторингини ўтказди.  

Жамоатчилик мониторинги давомида Инвестиция дастурига биноан барпо этилган ижтимоий объектлар ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, бино ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш ишларининг боришини ўрганишга урғу берилди.

Жумладан, ишчи гуруҳ Бухоро шаҳридаги инфратузилма объектларининг қурилиши ва реконструкция қилиниши, йўлларнинг таъмирланиши жараёнларини ўрганди. Маълум қилинишича, маҳаллий бюджетдан тежалган маблағларининг бир қисми ичимлик суви таъминотини яхшилашга, шаҳар туманлари ва маҳаллаларида ички йўлларни ва канализация тармоқларини таъмирлашга йўналтирилди. Хусусан, ичимлик суви таъминотини яхшилаш ва Арабон кўчаси бўйлаб йўлларни ободонлаштириш учун 600 миллион сўм ажратилди.  

Шу билан бирга, ишчи гуруҳ янги касб-ҳунар таълими муассасаларини ташкил этиш, абитуриентларни қабул қилиш жараёни, талабаларга дарс бериш, шунингдек, ётоқхоналарда улар учун яратилган шароитлар билан танишди. Президентнинг 2019 йил 6 сентябрдаги Фармонига мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимида ишлайдиган таълим муассасалари тармоғи шаклланмоқда. Унинг таркибига Халқаро таълим стандарти классификацияси даражаларига мос келадиган таълим дастурлари асосида ишлайдиган касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумлар киради. Бухоро вилоятида жорий ўқув йилида 4084 ўқувчи касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилинди. Уларнинг аксарияти пандемия ҳолатида ўқишни онлайн давом эттирмоқда. Бир қатор касб-ҳунар мактабларида махсус фанлардан амалий машғулотлар ўтказиш учун зарур жиҳозлар билан таъминлаш тугалланмаган.

Давлат дастурининг 204 ва 210-бандларига биноан оғир турмуш шароитидаги ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жой билан таъминлаш кўзда тутилган. Бухоро вилоятида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган 72 нафар хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди ва тасдиқланди. Йил охирига қадар уларга имтиёзли шартларда уй-жой берилади. Ишчи гуруҳ хотин-қизлар ва мутассадилар билан суҳбатлашди, уйларнинг қурилиши, яратилаётган шароитлар билан танишди.

Умуман, ҳудудда аҳоли арзон нархда сотиб олиши мумкин бўлган 1700 та квартираларни қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шу жумладан, “Қишлоқ қурилиш инвест инвест” МЧЖ буюртмаси асосида 16 та тўрт қаватли ва 2 та беш қаватли уйлар, “Ўзшаҳарқурилишинвест” МЧЖ  ИК буюртмаси асосида 4 та етти қаватли уйлар қурилмоқда. Қишлоқ жойларда янги буюртмалар асосида 17 та кўп қаватли уйларни (500 та хонадон) ва шаҳарларда 14 та кўп қаватли уйларни (540 та хонадон) қуриш белгиланган. Вилоятнинг қишлоқ ҳудудларида қурилган 16 та тўрт қаватли уйларда (384 та хонадон) коммуникация, сантехника ускуналарини ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Шартномага мувофиқ, уйларни 2021 йил 1 февралда фойдаланишга топшириш режалаштирилган, аммо пудратчилар ўз мажбуриятларини муддатидан олдин — 2020 йилнинг ноябрида бажаришга ваъда беришмоқда.

Жамоатчилик назорати мобайнида ишчи гуруҳ қурилиш ва реконструкция ишларининг бориши ҳамда бир қатор болалар боғчалари ва умумтаълим мактаблари билан танишди. Мониторинг натижалари бўйича умумлаштирилган таҳлилий маълумотлар тегишли давлат органларига тақдим этилади.

 Вилоятга ташриф доирасида фуқаролар, тадбиркорлар ва маҳаллий ННТлари фаоллари билан мамлакатимизда давлат ва ижтимоий қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот бериш, қарорлар қабул қилиш жараёнларига аҳолини фаол жалб қилиш бўйича уларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш, фуқароларнинг, айниқса ёшлар ва аёлларнинг ижодий ва иқтисодий салоҳиятини ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида учрашувлар ташкил этилди.

Жамоатчилик мониторинги ва аҳоли билан учрашувлар натижалари бўйича умумлаштирилган таҳлилий маълумотлар тегишли давлат органларига тақдим этилади.

Тадбирлар Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати