@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

БМТнинг 75 йиллиги: глобал кампаниянинг илк натижалари тақдим этилди

 2020-10-27 18:34:19   |     Просмотров: 283

23 октябрь куни БМТнинг 75 йиллигини нишонлаш ва глобал кампаниянинг натижаларини тақдим этишга бағишланган онлайн мулоқот бўлиб ўтди. Тадбир БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда ташкил этилди.


Унда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Ташқи ишлар вазирлиги, қатор халқаро ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.


Таъкидлангандек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан яқиндан ва узвий ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Бу борада олий даражадаги мулоқотлар мунтазам ўтказилиб, БМТнинг турли майдонларида мамлакатимиз томонидан илғор ташаббуслар илгари сурилмоқда, ислоҳотларни режалаштириш жараёнларида Ташкилотнинг турли тузилмалари билан маслаҳатлашувлар бўлмоқда, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш Ҳукумат эътиборидаги алоҳида масала сифатида қаралмоқда.


Йил бошидан 23 октябрга қадар глобал маслаҳатлашувда барча мамлакатлар ва ижтимоий қатламлардан, шу жумладан Ўзбекистондан миллиондан ортиқ одам иштирок этди.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати республика аҳолисини шахсан ва рақамли маконда имкон қадар кўпроқ қамраб олиш мақсадида глобал мулоқот —“БМТ75” кампанияси тарғиботига катта ҳисса қўшди. Ўзбекистон https://un75.online платформаси орқали сўровномани тўлдирган кишилар сони бўйича Топ-10 таликда бормоқда (34 мингдан зиёд).


Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича миллий шарҳ лойиҳасининг муҳокамаси, “БМТнинг 75 йиллиги: келажакка назар” тадбирлари доирасида 50 га яқин онлайн мулоқот ва мотивацион учрашувлар, мамлакатимизда COVID-19га қарши курашаётган тиббиёт соҳаси вакилларига миннатдорлик билдириш учун “Шифокорларга раҳмат!” акцияси ташкил этилди. ОАВда кенг тарғибот ишлари олиб борилиши натижасида ушбу тадбирларга турли ёш ва касбдаги 2 млнга яқин инсонлар жалб этилди.


Мулоқотлар долзарб мавзулар қашшоқликни тугатиш, иқтисодий ўсишни кучайтириш, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва бандлик, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби долзарб мавзуларда бўлиб ўтди ва унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, шунингдек, жамоатчилик, ёшлар, фуқаролик жамияти ва ОАВ вакиллари фаол иштирок этишди.


Маълумки, 2020 йил 13 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга, яъни 2021—2023 йилларга сайланди. Мамлакатимиз учун БМТга аъзо 193 давлатдан 169 таси овоз берди. Бу сайловда энг кўп овоз берилган давлат Ўзбекистон бўлди.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда фаолият юритадиган 150га яқин нодавлат ташкилотлари ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш учун рағбатлантириш соҳасидаги ижобий ўзгаришларни алоҳида таъкидлади, 2021—2023 йиллар мобайнида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига Ўзбекистон номзоди кўрсатилиши ташаббусини қўллаб-қувватлади.


Сўнгги йилларда ижтимоий-сиёсий маконда катта ўзгаришлар юз берди, бу маконда аҳоли танқидларига ўрин берилди ва танқидлар холис қабул қилинмоқда, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилиши билан боғлиқ ҳолатларга давлат органлари ўз вақтида муносабат билдирмоқда. 


Онлайн мулоқот доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан “Инсон” видео клипи ҳамда БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги вакилллиги томонидан “БМТ75” глобал кампаниясининг илк натижалари тақдимоти бўлиб ўтди.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати