@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Норвегия Хелсинки қўмитаси Ўзбекистон делегациясини Норвегияга таклиф қилди

 2019-04-16 17:33:09   |     Просмотров: 4667

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов Норвегия Хелсинки қўмитасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Мариус Фоссум ва “Human Rights Watch” ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вакили Стив Свердлов билан учрашди.

Томонлар нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи ноҳукумат ташкилотлар, маҳбуслар, меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини ошириш масалалари бўйича ҳамкорлик ўрнатиш масалаларини муҳокама қилдилар. Жумладан, Ўзбекистонда ННТларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш, республикада ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Меҳмонларга “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Ҳаракатлар стратегияси доирасида ислоҳотларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиради, шунингдек давлат дастурларини ижроси юзасидан жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириши айтиб ўтилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари йиғилишларида режалаштирилган ислоҳотларнинг амалга оширилиши юзасидан муҳокамаларда иштирок этиши, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича ташаббусларни илгари суриши Ҳаракатнинг асосий йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.

М.Фоссум Ҳаракатнинг давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ватандошлар билан ишлашдаги роли катта эканлигини билдирди. Норвегия Хелсинки қўмитаси Ўзбекистон делегациясини Норвегияга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашиш учун таклиф қилди. Ташриф чоғида парламент вакиллари, суд-ҳуқуқ тизими, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Маълумот учун: Норвегия Хелсинки қўмитаси — нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) инсон ҳуқуқлари бўйича низомига амал қилинишини кузатиб боради ҳамда демократия ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати