@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Пандемия даврида аҳолини қўллаб-қувватлаш:Ўзбекистон ва Германия тажрибаси

 2020-10-13 10:27:23   |     Просмотров: 2572

2020 йил 12 октябрь куни “Юксалиш” умуммиллий  ҳаракати ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Халқаро мунозара клуби доирасида “Пандемия даврида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини молиявий қўллаб-қувватлаш: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзусидаги иккинчи учрашувини ташкил этди.


Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги масалаларига ихтисослашган Европанинг етакчи хорижий экспертлари, бир қатор мустақил экспертлар, парламент, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамиятлари вакиллари коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини молиявий қўллаб-қувватлаш жиҳатларини Ўзбекистон ва Германия тажрибасига асосланган ҳолда очиқ мулоқот шаклида муҳокама қилдилар.


Муҳокама чоғида Германия ва дунёнинг бир қатор бошқа мамлакатлари пандемия пайтида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига молиявий кўмак бериш бўйича тажрибаси ўрганилди. 

Шерзод САПАРОВ, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси ўринбосари:
— Пандемия даврида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини молиявий қўллаб-қувватлаш бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам долзарб масалага айланди. Шундай қийин вазиятда, давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги самарали шериклик намоён бўлмоқда, яъни Инқирозга қарши курашиш жамғармаси, фуқаролик жамияти институтлари, жамоат ташкилотлари бирлашиб, инқирозни енгиб ўтишга ҳаракат қилинмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак бериш мақсадида уларнинг рўйхати, яъни “Темир дафтар” шакллантирилди. Бироқ маҳалла раислари объектив/субъектив сабабларга кўра, муайян ёрдам олувчиларни эътиборсиз қолдирган, одамлар давлат кўмагисиз қолган ҳолатлар ҳам учради. Бундай вазиятда кўпинча инсон омили роль ўйнади, шунингдек, эҳтиёжманд оилаларнинг фаровонлигини баҳолаш мезони стандартлаштирилмагани ва кўп ҳолларда субъектив мезонларга асослангани кўзга ташланди. Масалан, “темир дафтар”га киритиш пайтида маҳалла ходимлари ва секторлар раҳбарлари бир неча йил давомида тўпланган мол-мулк (транспорт воситалари, кўчмас мулк ва бошқалар) асосида моддий аҳволни баҳолашгани, улар оилаларнинг даромадсиз қолганини инобатга олишмаганини айтиш мумкин. 


“Ижтимоий ҳимоя”, “реабилитация” каби атамалар моҳияти янада чуқурлашди. Бу ҳаётимиз ҳолатини тўлиқ баҳолаш, аҳоли билан ишлашда бошқарув тамойилларини ўрганиш, ижтимоий ҳимоя учун масъул бўлган давлат идоралари таркибида олий маълумотли ходимларнинг янги иш услубларни ўзлаштиришни тақозо этади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя билан шуғулланувчи кадрларни 3 та ОТМ тайёрлайди. Ҳар йили 900 дан ортиқ битирувчи дипломга эга бўлади, аммо аксарият давлат идораларида ижтимоий ходимлар штат бирликлари мавжуд эмас. Ваҳоланки, бу давлат идоралари учун кенг инсон ресурси бўлиши мумкин. Мамлакатда муҳтожларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун ижтимоий ходимлар тизимини яратиш керак. Бунда ижтимоий ҳимоя нафақат моддий ёрдам шаклида, балки инқирозга учраган оилаларга патронаж хизмати, ёлғиз кексаларга, етимларга ёрдам ва меҳнат муҳожирлари оилалари билан ишлаш шаклида ҳам бўлиши мумкин.

Илҳом МАМАТҚУЛОВ, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Камбағалликни қисқартириш сиёсатини юритиш департаменти раҳбари:
—  Ҳозирги пандемия даврида ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини ҳимоя қилиш масаласида айрим саволлар ёки маълум бир норозиликлар бўлмоқда. Бу масалада жараённинг шаффофлигини таъминлаш учун ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими ишлаб чиқилди. Яъни ҳимояга олиш онлайн тизим орқали амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, пандемия даврида аҳолини моддий, номоддий қўллаб-қувватлаш мақсадида жойларда ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари қарорлари билан ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг дастлабки рўйхатлари шакллантирилди. Мазкур рўйхатни онлайн тарзда юритиш, мониторинг қилиш мақсадида автоматлаштирилган “САХОВАТ.АРГОС.УЗ” электрон дастури ишга туширилди. Эндиликда ёрдамга муҳтож аҳоли қатламининг рўйхатини мазкур дастурга киритиш, даромад манбаини аниқлаш, маҳнатга лаёқатли қисмининг бандлиги таъминлаш, улар доимий даромадга эга бўлгандан сўнг, “Темир дафтар”дан чиқариш ишлари бевосита онлайн амалга оширилмоқда. 


Камбағалликни қисқартиришда халқаро тажрибадан келиб чиқиб, 3 та воситадан фойдаланиш кўзда тутилган:
Биринчиси, ялпи талабни рағбатлантириш. Пандемия даврида ялпи таклиф имкониятлари чекланди. Вақтинчалик фаолиятини тўхтатган корхоналар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қайта йўлга қўйиши учун давлат томонидан енгилликлар яратилди. Камбағал аҳоли қатламини коопирацияларга жалб қилиш, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерлардан ер ажратиш, субсидиялар бериш орқали уларга дастак (инструмент) берилмоқда. 


Иккинчиси, инсон капиталини ривожлантириш. Аҳолига имтиёзли кредитлар, тўғридан-тўғри молиявий кўмак берилиши бунга мисолдир. Ҳозирда ишсиз фуқаролар турли касб-ҳунарларга ўқитилмоқда, бунинг учун Мономарказлар ташкил қилинди. Юқори малака, олий маълумот талаб этилмайдиган даражадаги ишларга аҳоли кўникмаларни ривожлантириш мақсадида жойларда ўқув курслари очилмоқда. Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида эса  аҳоли тадбиркорликка ўқитилмоқда.


Учинчиси, “Темир дафтар”га киритилган оилаларга тўғридан-тўғри моддий ва номоддий ёрдам бериш. Бунда боғча тўловларидан озод этиш, мактабда таълим олаётган болаларни мавсумий кийим билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда. Президент қарори асосида Қурбон ҳайити байрамида 182 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилаларга қарийб 154 млрд сўмлик моддий ёрдам ажратилди. 


Олдимизда турган асосий вазифалардан бу – иқтисодий ўсиш инклюзивлигини таъминлаш, доимий иш ўринларини яратиш, энг асосийси, инсон капитали даражасини яхшилаш орқали камбағалликни қисқартиришдир. Зеро, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида 2030 йилга бориб Ўзбекистонда камбағалликни икки баробарга қисқартириш масаласи қўйилган.

Мартин ШЕБЕСТА, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг сиёсий маслаҳатчиси, Германия:
— Германияда кичик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда вақтинча ишсизларга нафақа беришга ҳукумат томонидан қарийб 50 млрд евро маблағ ажратилди. 
Шунинг учун ҳам мамлакатда ишдан бўшатишларнинг катта тўлқинини олдини олишга эришилди. Бунда ташкилот ва компаниялар ҳукуматга молиявий муаммоларга дуч келгани, ишчиларга ойлик маош тўлай олмаслиги ва давлат томонидан ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилишади. 


Давлат эса бу мажбуриятни зиммасига олади ва маошларнинг 50-70 фоизини тўлаб беради (корхонанинг фаолият шакли, оила аъзолари сони ҳисобга олинади), бу билан фуқароларнинг ишдан бўшатилишидан ҳимоя қилади. 
Шу сабабли Германияда ишсизлик паст даражада сақлаб қолинди, баъзи фирмалар эндиликда ишчилари маошларининг тўланмай қолган қисмини тўлаб беришмоқда. Бундан ташқари, солиқ имтиёзлари ҳам берилмоқда. Эҳтиёжманд оилаларга ижара тўловини тўлаш кечиктирилмоқда.

Муҳокама натижалари бўйича мамлакат аҳолисини моддий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


Маълумот учун: Халқаро мунозара клуби Президентнинг 2020 йил 2 мартдаги фармонига мувофиқ, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қошида ташкил этилган. Мақсад — экспертлар, хусусан, хорижий ва халқаро ташкилотлар  иштирокида долзарб ижтимоий-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий масалаларни муҳокама қилиш, турли соҳаларда трендларни шакллантириш, таклифлар ишлаб чиқиш, инновацион ғоя ва қарашларни илгари суриш. Халқаро мунозара клубининг медиа формати “UzReport” телеканали томонидан қўллаб-қувватланади.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати