@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

150га яқин жамоат ташкилотлари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон номзоди илгари сурилишини қўллаб-қувватлади

 2020-10-11 17:08:23   |     Просмотров: 390

2020 йилнинг 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига уч йил муддатга аъзолик аризасини кўриб чиқиб, ушбу масалада овоз беради. 

Шу муносабат билан "Юксалиш" умуммиллий ҳаракат БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши аъзолигига Ўзбекистон Республикасининг номзоди илгари сурилишини қўллаб-қувватловчи очиқ мурожаат лойиҳасини тайёрлади. Жорий йилнинг 5 октябрь куни ZOOM-конференция шаклида ташкил этилган учрашув давомида 147 нодавлат нотижорат ташкилоти ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Барча фикр ва таклифлар инобатга олинган ҳолда мурожаатнинг якуний версияси тайёрланди.


Қайд этиш керак, сўнгги 3-4 йилда Ўзбекистонда халқаро ва миллий ҳужжатларимизда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари асосларини такомиллаштириш борасида катта ютуқларга эришилди.


Бу соҳада, жумладан, давлат бошқарувининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, болалар, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминот масалалари бўйича сезиларли ютуқларни хорижий экспертлар, сиёсатшунослар ва халқаро ташкилотлар ҳам таъкидламоқда.


Албатта, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги жараёнлар ҳануз камчиликсиз эмас, лекин шу билан бирга идоралар ва ташкилотлар ўртасидаги мувофиқлаштириш сезиларли даражада яхшиланмоқда. Муаммоларни ҳал қилишда давлат органлари ва жамоатчиликнинг биргаликдаги фаолияти кўзга ташланади. Масалан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, 2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан пахта етиштиришнинг барча босқичларида тизимли ва давомли равишда болалар меҳнатидан фойдаланиш ва мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари кузатилмади. 2019 йил йиғим-терим мавсумида 94 фоиз ёлланма ишчилар ихтиёрий равишда иштирок этди, талабалар, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамшираларнинг дала ишларига жалб этилиши эса бутунлай тугатилди.


Шуниси эътиборга лойиқки, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда фаолият юритадиган 150га яқин нодавлат ташкилотлар ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш учун рағбатлантириш соҳасидаги ижобий ўзгаришларни таъкидлайди, 2021—2023 йиллар мобайнида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига Ўзбекистон номзоди кўрсатилиши ташаббусини қўллаб-қувватлайди.


Юз бераётган жараёнлар муқаррар характерга эга, бу ҳақда давлат раҳбари бир неча марта таъкидлаган. Яқинда тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия бунга далилдир. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия — кўплаб халқаро ва жамоат маслаҳатлашувлари маҳсули. Маслаҳатлашувлар давомида билдирилган конструктив таклифлар Миллий стратегиянинг якуний вариантини ишлаб чиқишда инобатга олинди. Хусусан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида халқаро мажбуриятларга амал қилиш бўйича Парламент комиссиясини тузиш, ҳар чоракда Миллий стратегиянинг амалга оширилиши юзасида вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотларини тинглаш тавсия этилди. 


Мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва халқаро мажбуриятларни бажаришга содиқлиги Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам долзарблик касб этди. Буни бир қатор хорижий экспертлар ва сиёсатшунослар аввало, дунёда ва Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон тажрибасини, қисқа вақт ичида барча соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришларни нисбатан оммалаштириш сифатида баҳоладилар. Ушбу ислоҳотлар тажрибаси Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари учун ҳам, дунёнинг бошқа давлатлари учун ҳам, шу жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасида ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.


Сўнгги йилларда ижтимоий-сиёсий маконда катта ўзгаришлар юз берди, бу маконда аҳоли танқидларига ўрин берилди ва танқидлар холис қабул қилинмоқда, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилиши билан боғлиқ ҳолатларга давлат органлари ўз вақтида муносабат билдирмоқда. Ҳукуматнинг, ҳам фуқаролар ва ҳам жамоатчиликнинг ўз мажбуриятларига содиқлиги кузатилаётганини алоҳида таъкидлашни муҳим, деб ҳисоблаймиз.


Эслатиб ўтамиз, 2018 йил Женевада бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 37-сессиясида Ўзбекистон 2021-2023 йиллар мобайнида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида сайланиш истагини илк бор билдирди. Ушбу қарор мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини сифат жиҳатидан яхшилаш, ушбу соҳада Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлигини сезиларли даражада фаоллаштириш бўйича мақсадли ишлар доирасида, шунингдек, республикада амалга оширилаётган ислоҳотларга халқаро ташкилотларнинг ижобий баҳоларини инобатга олган ҳолда қабул қилинди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ненгаши аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикасининг сайланишини таъминлашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиясида ҳам белгиланган.

Мурожаатни юклаш

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати