@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида сув мавзусида экологик дарслар ўтказилди

 2020-10-09 17:08:37   |     Просмотров: 2031

2020 йилнинг 7-10 октябрь кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда UzWaterAware лойиҳаси доирасида сув ва сувни тежовчи технологиялар мавзусига бағишланган экодарслар ўтказилди. 


Мазкур тадбирлар Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ) томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг кузги сайёр тадбирлари дастурининг бир қисмига айланди. Ушбу ҳудудларда болалар ва ўқитувчилар учун экологик дарслар ҳамда учрашувлар “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.


Сувни тежашга қаратилган экологик дарсларга Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги ўнга яқин мактаб ва 100дан зиёд ўқитувчилар қамраб олинди. Лойиҳа сув ресурслари тўғрисидаги маълумотларнинг енгил ва ранг-баранг тақдимотига  эътибор қаратди, ҳар бир тадбир доирасида болалар ва катталар учун маърифий анимацион роликлар намойиш этилди. Яхлит экодарс шаклида тақдим этилган бешта видеороликнинг ҳар бири сув ресурслари мавзуси ва улардан оқилона фойдаланиш муҳимлигини алоҳида очиб беради.


Коронавирус инфекциясининг мамлакатда ва дунё миқёсида тарқалиши билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда, лойиҳа ва ҳамкорлар томонидан ижтимоий масофани таъминлаш учун барча чоралар кўрилди. Бундан ташқари, айнан Covid-19 профилактикаси мавзусига алоҳида эътибор берилди.


—    UzWaterAware лойиҳаси доирасидаги ҳар бир тадбир сув ресурслари чекланган ҳудудларда Covid-19 профилактикаси мавзусидан бошланади, - дея таъкидлади МОМЭМнинг Ўзбекистондаги филиали директори Шаҳноза Умарова. — Ўқувчиларга тиббий ниқоб ва антисептик воситаларини  топширишдан ташқари, биз иштирокчилар билан суҳбатлашамиз, уларга болалар ва катталарга мўлжалланган сув ва қўл ювиш орқали бажариладиган одатдаги гигиена ҳар доим ҳам бўлмайдиган шароитда коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилиш чоралари экани ҳақида ранг-баранг махсус эслатма буклетлар тарқатамиз. 

Сайёр тадбирлар доирасида, шунингдек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати кўмагида маҳаллий ҳокимият вакиллари, маҳаллалар, жамоат фаоллари, “Ободонлаштириш бошқармаси”нинг ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хизматлари ходимлари, ёшлар ташкилотлари иштирокида сувдан оқилона фойдаланиш мавзусида экологик учрашувлар ҳам ўтказилмоқда.


—    Бу бизнинг МОМЭМ билан ҳамкорликдаги биринчи тадбиримиз эмас”, - деди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси ўринбосари Шерзод Сапаров. — Биз 2019 йилнинг кузида ҳам биргаликда экологик дарслар ўтказдик ва Ўзбекистоннинг бир неча ҳудудларида дарахт кўчатларини экдик. UzWaterAware лойиҳаси ўшанда “Юксалиш” УМҲга “Бир миллион дарахт” ташаббусини киритган эди. Ушбу ташаббус келгусида сув ҳажмини деярли 50 %га камайтирадиган рационал суғориш, айнан сувни тежайдиган “гидрогел” технологияларидан фойдаланиш имконини беради. Бу сафар биз UzWaterAware форматидаги қизиқарли ва ноодатий экодарслар ўтказиш учун яна бирлашдик. Сурхондарё вилоятида кўпроқ болаларга эътибор қаратилди, Қашқадарё вилоятида эса 4 та тадбир доирасида вилоятнинг турли мактабларидан 100 дан ортиқ ўқитувчилар қамраб олинди. 

Экологик дарсларда қатнашган ҳамда лойиҳада маърифий материалларга эга бўлган, экодарс ўтиш методикасини ўрганган ўқитувчилар келгусида олган билимларини ўз ўқувчиларига очиқ дарслар ёки синфдаш ташқари машғулотлар вақтида ўргатадилар. 


Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта сувни тежашга қаратилган экодарслар ва UzWaterAware эко учрашувлари Нукус шаҳри ва туманидаги 4 та мактаб ва муассасаларда бўлиб ўтди. Ушбу хизмат сафарлари доирасида UzWaterAware Қорақалпоғистон Таълим вазирлигига 5000 нусха “Бебаҳо сув ҳақида қимматбаҳо билимлар” номли болалар тўплами топширилди. Тўплам республика мактаблари орасида бепул тарқатилиши учун қорақалпоқ тилига махсус таржима қилинган.

Маълумот учун: “Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳитни барқарор ривожлантириш бўйича хабардорлик ва шериклик муносабатларини ошириш. Компонент 3 (ёки UzWaterAware)” МОМЭМ томонидан Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан 2016 йилдан бери амалга оширилмоқда ва “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида сувни барқарор бошқариш” дастурининг бир қисмидир.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати