@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Қаршида шаҳар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масалалари юзасидан жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди

 2020-10-06 16:54:31   |     Просмотров: 1925

Қарши шаҳрининг неча фоиз аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланган? Давлат ва инвестицион дастурларда назарда тутилган сув таъминотини яхшилаш бўйича вазифа ва лойиҳалар ўз вақтида амалга ошириляптими? Марказлашган тизим орқали етказилаётган ичимлик суви аҳоли саломатлиги учун қанчалик хавфсиз ва сифатли?  


Мазкур саволлар жорий йилнинг 6 октябр куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Қарши шаҳрида ташкил этилган жамоатчилик эшитуви иштирокчилари диққат марказида бўлди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан бир қаторда, ҳокимлик ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат бошқаруви органларининг жойлардаги вакиллари, экспертлар, ННТ ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. 


Сўнгги икки йилда Ўзбекистонда ичимлик суви билан таъминлаш ва канализация тизимларини ривожлантиришга давлат бюджети ҳисобидан 3,7 триллион сўм маблағ ажратилгани таъкидлаб ўтилди. Республика миқёсида 48 та лойиҳани амалга ошириш учун 1,9 миллиард доллар миқдорида хорижий кредитлар жалб этилди. Бироқ, жорий йилнинг 17 июлида ўтказилган видеоселектор мажлисида Давлат раҳбари таъкидлаганидек, уч йил ичида 3,6 млн кишини ичимлик суви билан таъминлаш ва шу билан боғлиқ барча молиявий масалаларни ҳал этиш режасига қарамай, уй хўжаликларининг атиги 30 фоизи ичимлик суви билан таъминланди.  


Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммоси Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари, жумладан, Қашқадарё вилояти учун ҳам долзарбдир. Масалан, “Қашқадарё сув таъминот” МЧЖ Қашқадарё шаҳар бўлими маълумотларига кўра, шаҳарда аҳолининг 90 фоизи марказий тизим орқали тоза ичимлик суви билан таъминланган. У Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Китоб туманидаги сув тозаловчи қурилмалардан 198 км узунликдаги магистрал трубалар орқали етказилади.  


Ёз мавсумида ичимлик суви таъминотида узилишлар кузатилади, боиси, қатор маҳаллаларда ичимлик сувидан томорқаларни суғоришда фойдаланишади. Бундан ташқари, 595 км лик қувурлар тизимининг 349 км (қувурлар 1960˗1980 йилларда ўтказилган) ўз хизмат даврини ўтаб бўлди, баъзи ҳолларда улар сув босимини кўтаролмай қоляпти, оқибатда линияларда носозликлар юзага келади. Қувурлардаги емирилишлар туфайли транспортировка жараёнида сувнинг 30˗35 фоизи йўқотилади.  


Аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлиги нуқтаи назаридан Қарши шаҳри уч ҳудудга ажратилган: “яшил”, “сариқ” ва “қизил”. “Қизил” ҳудудга сув коммуникациялари назарда тутилмаган 5 маҳалла, “сариқ” ҳудудга қисман сув билан таъминлаган 17 маҳалла киритилган. “Яшил” ҳудудга 41 маҳалла киради. Мазкур маҳаллалар аҳолиси сув билан таъминлаб борилади. 


Масалани ўрганиш давомида аён бўлдики, “сариқ” ва “қизил” ҳудуддаги 20 мингдан ортиқ хонадонни сув билан таъминлаш учун умумий ҳисобда 100 км қувурлар ўтказилиши керак. Марказий сув таъминоти тизими мавжуд бўлмаган маҳаллаларга сув махсус сув ташиш машиналарида етказилади.  
Инвестиция дастури доирасида 2020 йилда Қаршида амалдаги объектларни реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш ишлари бошланди. Хусусан, янги коммуникацияларни ўтказиш ҳисобига бешта микрорайонда аҳолини ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш ҳамда «Мустақиллик» ва «Ислом Каримов» кўчалари бўйлаб ўтган қувурларни реконструкция қилиш режалаштирилган.  


Шу билан бирга, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамкорлигида Қарши шаҳрининг оқава сувлар тизимини модернизация қилиш кўзда тутилган. 60 миллион долларлик лойиҳа 2020˗2024 йилларга мўлжалланган. Натижада суткасига 60 минг кубометр қувват билан ишлайдиган сув тозаловчи қурилма, 126 км қувур ва 12 та оқова сув учун насос станциялар қурилади ва реконструкция қилинади.  


Қатор дастурларда қурилиши ва реконструкция қилиниши назарда тутилган объектлар борлиги, бироқ ҳалигача фойдаланишга топширилмагани ҳам айтилди. Мисол учун, «Ўзбекистон» кўчасидаги қувур ва ҳар бири 500 кубометр ҳажмли икки қудуқ. Уларнинг қурилиши 2017 йилда бошланган, аммо фойдаланишга ҳали топширилгани йўқ. “Обод маҳалла” дастурига киритилган “Шайхали” маҳалласида 2018 йилда сув тозалаш қурилмаси ва 2,4 км канализация қувурлари қурилиши бошланди. Ушбу объектлар қуриб битирилмади, керакли ускуналар ўрнатилмади.  


Тадбир доирасида иштирокчиларга бир неча жойларда транспортировка ва сув тозалаш қурилмаларидан олинган ичимлик суви намуналарининг лаборатор таҳлиллари натижалари тақдим этилди.  


Мажлис якунида шаҳар аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш, унинг сифатини яхшилаш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Хусусан, маҳаллий Кенгаш депутатларининг жойларга бориб инфраструктуравий лойиҳаларни ўганишлари муҳимлиги, уларни амалга оширилиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, кичик энергосамарали лойиҳаларни қўллаб˗қувватлаш зарурлиги айтилди. Иштирокчиларнинг фикрича, гидроқурилмаларнинг замонавий сув ўлчаш ускуналари билан, истеъмолчиларнинг ˗ сув ҳисоблагичлари билан таъминланиши, шунингдек, ичимлик суви сифатининг доимий равишда назорат қилиниши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Таклифлар орасида ˗ соҳага хусусий секторни фаол жалб этиш, бизнес субъектларга субсидиялар тақдим этиш ва шароитлар яратиш орқали унинг жозибадорлигини ошириш. 
Жамоатчилик эшитуви хулосалари юзасидан аналитик материаллар тегишли давлат идораларига топширилади.  


Жамоатчилик эшитуви Халқаро ривожланиш бўйича АҚШ Агентлиги молиявий кўмагида “Юксалиш” Умуммиллий ҳаракати, “АРГО” фуқаролик жамиятини ривожлантириш Ассоциацияси томонидан Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида ташкил этилди.

 
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати