@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Президент нутқи: Ўзбекистоннинг таклиф ва ташаббуслари

 2020-09-25 19:30:30   |     Просмотров: 1639

Жорий йилнинг 25 сентябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан “БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуслари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда халқаро, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари бевосита иштирок этди.


Тадбир давомида давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида илгари сурган ташаббуслари, глобал тенденциялар, жумладан, қашшоқликни камайтириш, экология, инсон ҳуқуқлари, минтақавий ҳамкорлик ва хавфсизлик соҳаларидаги таклифлари халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва экспертлар иштирокида муҳокама қилинди. 


      Хорижий экспертлар ва сиёсатшунослар Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан сўзлаган нутқини, аввало, Ўзбекистон тажрибасини дунёда ва Марказий Осиё минтақасида, нисбатан қисқа вақт ичида амалга оширилган барча соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнларини оммалаштириш сифатида қайд этишди. Иқтисодий кўрсаткичлар ўсиб бормоқда, хусусан, 2019 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2018 йилга нисбатан 3,1 дан 4,2 миллиард долларга ошди, экспорт қарийб 28 фоизга ўсди. Ўтган йили сўнгги 10 йил ичида биринчи марта Ўзбекистоннинг позицияси Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг кредит хатарлари рейтингида яхшиланди. Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” рейтингида Ўзбекистон энг яхши ислоҳотчи-мамлакатлар қаторига киради. “The Economist” журнали Ўзбекистонни йилнинг энг яхши мамлакати деб топди.


Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари ислоҳотларининг устувор йўналишлари сифатида белгиланади, барча трансформациялар мамлакат фуқаролари фаровонлигини оширишга қаратилди. Президент Шавкат Мирзиёев БМТдаги нутқи давомида таъкидлаганидек: “Биз биринчи марта қашшоқликни камайтиришга қарор қилганимизни очиқ эълон қилдик. Бунга биз тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, замонавий инфратузилмани қуриш, одамларга янги касб ва кўникмаларни ўргатиш ҳамда манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали эришмоқдамиз"


Иқтисодий ислоҳотларни ижтимоий-сиёсий ва институционал ўзгаришсиз амалга ошириш мумкин эмас. Давлат раҳбари демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган даражада тус олганини таъкидлади. Инсон ҳуқуқлари ва унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида вазият сезиларли яхшиланмоқда. Мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди ва шу йилнинг ўзида 50 минг юртдошимиз Ўзбекистон фуқаролигини олди. Гендер тенглик масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланади. Буни аёлларнинг давлат бошқарувидаги ролини кучайтириш мисолида кўриш мумкин: Олий Мажлисда аёл депутатлар сони икки баравар кўпайди.


БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлаш, ЮНEСКО билан ҳамкорликда БМТ Бош Ассамблеясининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисида махсус резолюцияни қабул қилиш. 2021 йилда Хивада "Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" Халқаро форумини ўтказиш, БМТ Бош ассамблеясининг Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш тўғрисида махсус резолюцияни қабул қилиш. 


Муҳокама чоғида жамоат фаоллари, экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ушбу ташаббусларнинг Ўзбекистон, Марказий Осиё минтақаси ва бутун дунё учун аҳамияти ҳақида сўз юритдилар, уларни амалга ошириш жиҳатларига ҳам давлат идоралари, ҳам жамоатчилик, халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш жиҳатларига эътибор қаратдилар. 


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати