@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Мактабларни очиш керакми ёки йўқ?

 2020-09-14 12:00:47   |     Просмотров: 32

Жойларда жамоатчилик фикрини инобатга олиб қарор қабул қилиш зарур

Айни вақтда жамиятимиз ва ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчиларининг анънавий шаклда таълим олишни бошлаши бўйича қарорни қабул қилиш ваколатига ким ҳақлироқ экани юзасидан баҳслар бўлмоқда.

Шу муносабат билан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратишни мақсадга мувофиқ деб билади:

Биринчидан, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга (https://lex.uz/docs/112170) мувофиқ, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими ваколатлари сифатида фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофаза этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўриш, табиий офатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолларда тегишли ишларни ташкил этиш белгиланган.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга (https://lex.uz/docs/2732587) кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади. Яъни вилоят (туман, шаҳар) маъмурияти раҳбарлари ҳудудларда санитария-эпидемиологик осойишталикни, аҳолининг саломатлигига хавф солмайдиган шароитни, шу жумладан болаларнинг мактабда таълим олишини  таъминлашга масъул.

Иккинчидан, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, тегишинча соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, туман марказий кўп тармоқли поликлиникалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий ваколатларига киради. 

Бинобарин, сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилувчи маҳаллий Кенгаш депутатлари сессияларда соғлиқни сақлаш вилоят бошқармаси раҳбарининг ҳудуддаги санитария-эпидемиологик вазият, мактаблардаги таълим жараёнида хавфсиз шароитлар билан таъминлаш соҳасида мавжуд имкониятлар ва муаммолар ҳақидаги ҳисоботини эшитишга ҳақли. Эшитув натижаларига кўра депутатлар мактабларни очишга рухсат бериш керак ёки керак эмаслиги бўйича қарор қабул қила олади.  

Учинчидан, 2017 йил 8 сентябрдаги Президент Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ, республика давлат бошқаруви органлари ваколатларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, вилоятдан туман (шаҳар) давлат ҳокимияти органларига ўтказишни назарда тутган ҳолда, давлат бошқарувини босқичма-босқич номарказлаштириш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, айниқса, халқ депутатлари Кенгашларининг ижро этувчи ҳокимият органлари ҳудудий бўлинмалари фаолиятини назорат қилиш бўйича роли ва масъулиятини ошириш кўзда тутилган.

Таъкидлаш керак, жойларда ҳақиқий ҳолатни ўрганиш учун Халқ таълими вазири бошчилигида вазирликнинг махсус штаби ҳам ташкил қилинган. Штаб аъзолари айни пайтда ҳудудларни кезиб чиқмоқда. Бироқ уларга республикамиз харитасидаги ҳар бир нуқтани қамраб олиш учун имконият ва вақт қанчалик етарли?  Бундай коронавирус пандемиясидек фавқулодда вазиятда ҳудудларда мавжуд ҳолат ва тафсилотларни ҳисобга олиб жойида қарор қабул қилиш муҳимдир ва ушбу ҳолатларда депутатлар етакчи роль ўйнаши мумкин. Бунда, албатта, жамоатчилик билан маслаҳатлашиш зарур. Маҳаллий Кенгаш депутатларининг, аҳоли фикрини ўрганиб, кўпчиликнинг розилигини олиб бамаслаҳат қарор чиқариши салбий оқибатларнинг, шу жумладан фуқаролар норозилигининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.  

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати