@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистон ва Тожикистон футболчилари COVID-19 билан курашаётган фидойи шифокорларга миннатдорлик билдирди

 2020-09-03 17:46:34   |     Просмотров: 3177

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати (COVID-19)га қарши курашишда фидойилик кўрсатаётган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларига миннатдорлик изҳор этиш учун «Шифокорларга раҳмат!» флешмоб-акциясини ўтказиш ташаббуси билан чиққан эди.  Жорий йилнинг 21 июлидан бошлаб Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар марказларида мавзули тарғибот роликлари намойиши ташкил этилмоқда. 


Челленжни Ўзбекистон футбол Ассоциацияси ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси қўллаб-қувватлади (UN75 — БМТ75 кампанияси доирасида). Шу йилнинг 3 сентябрь куни Ўзбекистон ва Тожикистон миллий терма жамоаларининг ўртоқлик учрашуви олдидан футболчиларнинг махсус дизайнда ишланган ҳамда «Rahmat!» ёзуви (ўзбек ва тожик тилида) туширилган футболкада чиқиш ташкил этилди.


Бу билан спортчилар айни вақтда коронавирус инфекцияси (COVID-19)га қарши курашда олд сафларда туриб «жанг қилаётган» ва ҳар куни ҳақиқий қаҳрамонлар каби жасорат кўрсатиб, беморлар ҳаётини сақлаб қолаётган тиббиёт ходимларига чексиз ҳурмат ва эҳтиром изҳор қилишни мақсад қилган.


Президент Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишлари давомида таъкидлаганидек, «коронавирусга қарши курашишдаги ўзига хос “жанг майдони”да тиббиёт ходимлари биринчи зарбани қабул қилмоқдалар. Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади — касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади, лекин охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди. Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда».


Қайд этиш керак, пандемия даврида тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватловчи бу каби акциялар кўплаб хориж мамлакатларида ўтказилди. Мисол учун, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ташкилотчилар Исо Масиҳ ҳайкалига махсус ёритувчи чироқлар ёрдамида шифокор кийимини кийдиришди ва соғлиқни сақлаш соҳасида меҳнат қилаётган инсонларга «раҳмат» айтишди. Токио-2020 ёзги Олимпиа ўйинларининг ташкилотчилари эса олимпиа боғидаги «Комадзава» биносини кўк рангга бўяшди. Мантиққа кўра, бу бошқа давлатлар билан бирлашиш, тушуниш, қўллаб-қувватлаш рамзидир. Skytree телеминораси ҳам худди шундай рамзий рангга бурканди. Москвадаги Останкино телеминораси шифокорларга миннатдорлик сўзлари акс этган видеолавҳалар билан безатилди. Шунингдек, АҚШдаги Эмпайр-стейт-билдинг, БААдаги Бурж Халифа, Канададаги Си-Эн Тауэр ва бошқа осмонўпар иншоотлар иллюминацияларга бой бўлди. Замонамиз қаҳрамонларига Google компанияси ҳам бир неча дудллари (бош саҳифада акс этувчи суратлар) ёрдамида далда бериб турди. Барча шифокорлар, ҳамширалар, тез ёрдам хизмати ходимлари учун “раҳмат” сўзи ёзилган анимация тайёрланди.


«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати»