@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“САЛОМ, САРДОБА, БИЗ БИРГАМИЗ!” АКЦИЯСИ ДОИРАСИДА ТЎПЛАНГАН МАБЛАҒЛАР ТАҚСИМОТИ БЎЙИЧА МАХСУС КОМИССИЯ ЙИҒИЛИШИ ЎТКАЗИЛДИ

 2020-08-19 18:23:31   |     Просмотров: 844

Бугун, 19 август куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” акцияси доирасида тўпланган хайрия маблағларини белгиланган йўналишлар бўйича манзилли тақсимлаш юзасидан учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси Сирдарё вилояти бўлинмаси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мутасаддилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ вакилларидан иборат Махсус комиссия аъзолари  иштирок этди.

Таъкидланганидек, ўтган вақт давомида акция ташкилотчилар томонидан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида ўрганишлар олиб борилди. Жойларда фуқаролар билан учрашувлар ўтказилиб, эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилди. Улар орасида ногиронлиги ёки сурункали хасталиги бўлган, ижара асосида истиқомат қилаётган ва офат натижасида барча мол-мулкидан ажраган, таълим олиш учун маблағга муҳтож, боқувчиси йўқ оилалар танлаб олинди.

Кун тартибидаги асосий масала – акция доирасида очилган ҳисоб рақамига йиғилган  маблағларни уч йўналиш бўйича манзилли тақсимлаш бўлди.  Жумладан, моддий ёрдам сўраган 33 нафар фуқароларга 2,5 млн сўмдан маблағ ажратиш, мактаб ўқув ёшидаги ногирон фарзанди бор оилаларга компьютер тўплами тақдим этиш ва Оқолтин туманидаги умумтаълим мактабларининг кутубхонасини 20 млн сўмлик зарур китоблар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Комиссия аъзолари тўпланган маблағларни манзилли тақсимлашда ҳақиқатдан муҳтожларга етказиш масаласини муҳокама қилди.

Учрашув якунида ташкилотчилар томонидан мазкур оилалар билан яна бир бор шахсан суҳбатлашиш ҳамда ногиронлиги ёки хасталиги бўлган болаларнинг уйда таълим олишида айнан нималарга муҳтожлигини  аниқлашга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойи бошида “Сардоба” сув омборида юз берган техноген фожиа натижасида талофат кўрганларга кўмак кўрсатиш мақсадида “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси старт олган эди. Жорий йилнинг 17 июль куни акция доирасида Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларида яшовчи 30 оилага моддий ёрдам кўрсатилди, 90дан зиёд оилага мебель жиҳозлари ҳамда ногиронлик аравачалари олиб берилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати