@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раислигига Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов сайланди

 2020-07-27 12:40:00   |     Просмотров: 494

Жорий йилнинг 27 июль куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати таъсисчилари йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан янги раис сайланди. Унга кўра, Парламент қуйи палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси Бобур Бекмуродов Ҳаракат раиси бўлди.

Бобур Бекмуродов 1985 йил 5 январда  Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ  туманида туғилган. У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети,  Тошкент молия институтини тамомлаган. 2005—2006 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги “Partnership for Academic development” (“Академик ривожланиш бўйича ҳамкорлик”) дастури тингловчиси, 2018 йилда “The John Smith Trust” (Буюк Британия) менеджмент дастури тингловчиси бўлган.

2017—2019 йиллар мобайнида “Тараққиёт стратегияси” марказида бош координатор, ижрочи директор ўринбосари, “Юксалиш” УМҲда ижрочи директор ўринбосари бўлган.

Жорий йилдан Бобур Бекмуродов “Юксалиш” УМҲда Дастурлар ва ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича раис ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати жамоаси Бобур Бекмуродовни раис этиб сайлангани билан табриклайди ва иш фаолиятида муваффақиятлар тилайди.

Маълумот учун: “Юксалиш” УМҲ Президентнинг 2019 йил 17 январдаги (УП-5635-сонли) Фармони билан ташкил этилган. Ҳаракатнинг асосий фаолияти — Давлат дастурида назарда тутилган ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида фуқаролар, хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар, шунингдек, ННТларни ихтиёрийлик асосида бирлаштиради. Вазифалар:

  • халқ ва бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш;
  • жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш;
  • Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг саъй-ҳаракатлари ва кучларини сафарбар этиш;
  • Давлат дастурлари бажарилишининг тизимли мониторингини амалга ошириш ва уларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши учун қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
  • Давлат дастурида назарда тутилган ислоҳотларнинг амалга оширилиши жараёнини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида муҳокама қилишда фаол иштирок этиш;
  • Парламент палаталари, Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий ахборот ва таклифларни мунтазам киритиш;

Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати