@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Фарғона вилоятида тадбиркорлик субъектлари билан мулоқот ва жамоатчилик назорати

 2020-06-30 17:27:04   |     Просмотров: 76

Жорий йилнинг 25 — 26 июнь кунлари давомида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари томонидан Фарғона вилоятида жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилди. Хусусан, давлат ва инвестиция дастурлари ижроси ҳолати ўрганилди, жойларда тадбиркорлик субъектлари билан мулоқотлар, ижтимоий соҳа объектлари қурилиши ва бошқа масалалар бўйича мониторинглар олиб борилди.

Жумладан, Фарғона шаҳридаги “Сайқал” хусусий корхонаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳа – тошдан экологик тоза қоғоз ишлаб чиқариш ишлари билан танишилди. Ушбу лойиҳа йирик ишлаб чиқариш объектларининг манзилли дастури асосида амалга оширилиб, жорий йилнинг декабрь ойида ишга туширилиши белгиланган. Лойиҳа қиймати 7 млн. АҚШ долларини ташкил қилиб, унинг доирасида 160 та янги иш ўринлари яратилиши мўлжалланган.

Ҳозирги кунда ишлаб чиқариш учун зарур бино ва иншоотлар қурилиши тугалланиб, Хитой Халқ Республикасидан асбоб-ускуналарни олиб келиш ҳамда ўрнатиш ишларини амалга ошириш лозимлиги ва коронавирус пандемияси туфайли ушбу жараёнлар кечикаётганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, тўғридан-тўғри хорижий сармоя ва кредитларни жалб қилиш бўйича Инвестиция дастурининг амалга оширилиши борасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда KOICA (Корея) ҳамкорлигида 500 ўринга мўлжалланган ўқув маркази қурилиш жараёни билан танишилди. Мазкур объект қиймати 8 млн. АҚШ доллари миқдорида бўлиб, кореялик ҳамкорлар томонидан тўлиқ молиялаштирилиши белгиланган. Марказнинг қурилиш ишлари “Эмдесал инша” қурилиш корхонаси томонидан олиб борилаётган бўлиб, объект йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши лозим.

Бундан ташқари, вилоятда ижтимоий объектларнинг барпо этилиши юзасидан Фарғона тумани “Илғор” МФЙ ҳудудидаги 24-сонли умумий ўрта таълим мактабининг янги қурилган биноси кўздан кечирилди. Ушбу объект Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.01.2020 йилдаги ПҚ-4565-сон ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида республика бюджети маблағлари хисобидан “426-ХГМК” МЧЖ томонидан қуриб битказилган бўлиб, жиҳозлаш ишлари жорий йил 1 августига қадар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Жамоатчилик мониторинги давомида Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалининг реконструкция қилиш ишлари ўрганилди. Инвестиция дастурига мувофиқ, реконструкция ишлари 2020-2021-йиллар давомида “Royal Dizayn loyiha” АЖ томонидан бажарилиши белгиланган бўлиб, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган ва буюртмачи – Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Tibbiyot qurilish injiniring» давлат унитар корхонасига тақдим этилган. Хусусан, 2020 йилда муассасанинг таъмирлаш ишлари учун маҳаллий бюджетдан жами 4 000 млн. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, шундан, I ва II чоракларда 2 160 млн. сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Мониторинг давомида бу борада қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳанузгача бошланмаганлиги, қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 апрелдаги «2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 232-сонли қарори бўйича қурилиш ишларини молиялаштириш тўхтатилганлиги маълум бўлди.

Мутасаддиларнинг маълум қилишича, 2020-2021-ўқув йилида Афғонистон, Покистон ва Саудия Арабистони каби давлатлардан талабалар қабули режалаштирилган бўлиб, бу борада зарур шарт-шароитларни яратиш муҳимлиги таъкидланди. Айниқса, мониторинг давомида талабалар ошхонаси зудлик билан таъмирланиши, бу борада давлат-хусусий шерикчилик тамойилида ишни ташкил қилиш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича фикр билдирилди.

Бундан ташқари, Фарғона шаҳри “1-Ифтихор” МФЙ Мустақиллик кўчаси 101-уйда жойлашган 22-сонли мактабгача таълим муассасасининг янги биноси қурилиш ишлари билан танишилди. Инвестиция дастурига кўра, ушбу объектни қуриш ва реконструкция ишлари учун 6 210 млн. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, “Фарғона саноат қурилиш лойиҳа” МЧЖ томонидан лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрланган ва “Фарғона бинокор мемор” МЧЖ пудратчи ташкилоти томонидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда.  Дастурга мувофиқ, мазкур объект жорий йилнинг III чорагида фойдаланишга топширилиши белгиланганлигига қарамай, тендер танловлари кеч ўтказилганлиги сабабли амалий ишлар графикдан декабрь ойида қуриб битказилиши маълум қилинди.

Шунингдек, Давлат дастурининг 100-банди бўйича республика иқтисодиёти ва аҳолиси эҳтиёжлари учун автомобиль транспорти хизматлари кўрсатишни янада ривожлантиришга оид амалий чора-тадбирларнинг ижроси юзасидан вилоятда 3 та халқаро ва 7 та маҳаллий янги автобус йўналишларини очиш, 2 та автостанция қуриш ва 1 тасини реконструкция қилиш, 15 та оралиқ бекатларни қуриш, 67 та янги автобус сотиб олиш назарда тутилган. Мониторинг давомида “Фарғона-Москва”, “Фарғона-Олмаота”, “Қўқон-Конибодом” халқаро автобус йўналишлари очилиши режалаштирилганлиги, маҳаллий даражада 4 та “Риштон-Ёйилма”, “Риштон-Уйрат”, “Риштон-Сухобод”, “Риштон-Боғдод” йўналишлари очилганлиги, Ёзёвон ва Ўзбекистон туманларида автостанциялар қуриб битказилганлиги ва Қувасой шаҳридаги автостанциянинг реконструкция ишлари давом этаётганлиги, 4 та оралиқ бекатлар қурилганлиги ҳамда бугунги кунга қадар янги автобуслар харид қилинмаганлиги маълум бўлди.

Хусусан, Ёзёвон туманида қуриб битказилган автостанциянинг фойдаланишга топширилганлиги ўрганилганда, ушбу объект “Ёзёвон оқшоми” хусусий корхонаси томонидан қурилганлиги, аммо автостанцияга кириш ва чиқиш йўллари талаб даражасида эмаслиги, бу борада маҳаллий ҳокимият томонидан зарур инфратузилма яратиб бериш ишлари давом этаётганлиги маълум бўлди. Автостанциянинг тез кунларда (август ойига қадар) тўлиқ фойдаланишга топшириш бўйича чоралар кўрилиши ва бу борада жамоатчилик назорати давом эттирилиши маълум қилинди.

Ишчи гуруҳ Фарғона тумани “Миндонобод” МФЙ ҳудудида қуриб битказилган вилоят Эндокринология диспансерига ташриф буюрди. Ушбу диспансер қурилишига жами 14,7 млрд.сўм маблағ жалб этилиб, “Файз бунёдкор Олтиариқ” ҲҚМК томонидан амалга оширилган. Бугунги кунда объект тўлиқ фойдаланишга тайёр ҳолда бўлиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштириш ишлари олиб борилаётганлиги маълум қилинди.

Шунингдек, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, иссиқлик таъминоти даражасини ошириш, канализация хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш чораларини кўришга оид амалий чора-тадбирлар доирасида “Аввал” МФЙ бажарилган ишлар ўрганилди.

Жумладан, 1 та мавжуд ичимлик сув қудуғи реконструкция қилиш, 1 та сув насосини ўрнатиш,      8 км ичимлик сув қувурларини монтаж қилиш, ичимлик сувини биологик тозалаш ускунасини ўрнатиш, янги трансформатор ўрнатиш, 1 та янги сув минорасини ўрнатиш ва 1 та мавжуд сув минорасини реконструкция қилиш каби вазифалар бажарилганлигига гувоҳ бўлинди. Натижада, “Аввал” МФЙ ҳудудида яшовчи 1 850 нафардан ортиқ аҳолини ҳамда 16 та тадбиркорлик субъектларини тоза ичимлик суви билан таъминлашга эришилган.

Фарғона вилояти мутасаддилари ва масъул идораларга Давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар бўйича аниқланган камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш ҳамда белгиланган муддатларга риоя қилиш юзасидан тизимли мониторинг ишлари давом эттирилиши маълум қилинди.

Фарғона вилоятида амалга оширилган жамоатчилик назорати тадбирлари Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.  

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати