@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Онлайн-мулоқот: давлат даражасидаги қарорлар қабул қилиш жараёнига ёшларни жалб қилиш 

 2020-06-30 13:01:27   |     Просмотров: 117

Ёшлар куни арафасида “Ёшларни жорий ислоҳотлар ва қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб этиш” мавзусида онлайн-мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда парламент аъзолари, БМТ агентликлари раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва барча ҳудуд ёшлари иштирок этди.

Суҳбат иштирокчилари давлат ва ёшларнинг ҳамкорликдаги фаолиятларига оид бир қатор масалаларни муҳокама қилдилар. Хусусан, U-Report платформаси орқали Ўзбекистондаги давлат органлари ва ёшлар ўртасидаги мулоқотлар натижалари, ёшларнинг фикр ва мулоҳазалари асосида давлат органлари томонидан амалга оширилган амалий тадбирлар натижалари муҳокама қилинди. Ёшлар ҳаётига оид масалаларнинг ечимини биргаликда топишда ҳукумат ва ёшларни бир-бирларига яқинлаштиришда U-Report платфомрасининг тутган ўрни эътироф этилди.

Сўзга чиққанлар жорий ислоҳотларни амалга оширишга оид қарорларни қабул қилишда ёшларнинг овози муҳим эканлигини таъкидладилар. Жумладан, Адлия вазирлиги, Инноватсион ривожланиш вазирлиги, “Оила” маркази, “Юксалиш” УМҲ ҳамда бошқа давлат ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари сўзга чиқдилар. Улар U-Report сўровлари жараёнида ёшларнинг билдирган фикрлари асосида амалга оширилган ишларнинг натижалари тўғрисидаги маълумотлар билан ўртоқлашдилар. 

Онлайн-мулоқот “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва U-Report лойиҳасининг мамлакатдаги ҳамкорлари томонидан ташкил этилди.

Маълумот учун: U-Report лойиҳаси Ўзбекистонда 2018 йилнинг октябрь ойида ишга туширилди. Мазкур платформа 81 мингдан зиёд ёшларни бирлаштиради ва улар ўз ҳаётларига оид масалалар хусусида фикрларини баён этадилар. U-Report лойиҳасига @UReportUzbBot Телеграми боти (агар интернет алоқаси бўлмаса – 1122 қисқа рақамига СТАРТ сўзини ёзиб СМС йўллаш) орқали уланиш мумкин.

Танзила НАРБАЕВА, Олий Мажлис Сенати раиси:

— Жорий йилда барча ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолаш бўйича ягона кўрсаткичлар ишлаб чиқилиб, ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекси жорий этилмоқда. Бундан ташқари, “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепцияси тайёрланиб, унда маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказишнинг амалий чора-тадбирлари белгиланади.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш юзасидан ҳар йили қабул қилинадиган Давлат дастурларида ёшлар масаласида бир қатор муҳим чора-тадбирлар бегиланиб борилмоқда. Жумладан, бу йилги давлат дастурига мувофиқ мамлакатимизда биринчи марта Олий Мажлис Сенати ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этилди.

Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти ёшларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини юксалтириш, қонунчилик жараёнидан ёшларни хабардор қилиб бориш, ёшларга оид масалалар ва муаммолар юзасидан тегишли таклифларни давлат органларига, қонунчилик ташаббуси субъектларига кўриб чиқиш учун киритиш борасида фаолият олиб боради.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни амалга оширишда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлайди, инновацион ғояларини рўёбга чиқаради, уларда нотиқлик маҳорати каби кўникмаларни шакллантиради.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати