@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Фарғонада тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди

 2020-06-25 18:16:41   |     Просмотров: 115

Айни кунларда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вакиллари ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, давлат ва жамият қурилиши соҳаларида қабул қилинган дастурлар ижросини ўрганиш мақсадида Фарғона вилоятида бўлиб туришибди.

Сафар дастуридан жойларда давлат бошқарув органлари вакиллари ва ишбилармонлар билан маслаҳатлашув учрашувлари, жойларда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида аҳолини хабардорлигини оширишга қаратилган давра суҳбатлари жой олган. Асосий урғу инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш, Фарғона вилоятининг туманларига инвестициялар ҳамда янги технологияларни жалб қилишда мавжуд тўсиқ, муаммо ва камчиликларни ўрганишга қаратилган.

Хусусан, бугун, 25 июнь куни Фарғона шаҳридаги Ёшлар марказида ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашув ташкил этилди, уларнинг фикр ва таклифлари ўрганилди. Жумладан, тадбиркорлар учун кредит тизимини янада такомиллаштириш, бир неча йилга мўлжалланган бизнес-режа доирасида кредитни ўз вақтида тўлаган тадбиркорлик субъектларига келгуси йиллар учун имтиёзлар бериш масаласини кўриб чиқиш билдирилди. Шунингдек, ОАВларда имтиёзли кредитлар ҳақида ахборот берилаётганда солиқ, кредит мажбуриятлари ҳақида батафсил тушунтиришлар олиб борилиши, қонуний тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, бунда соғлом рақобатни таъминланишига кўмаклашиш ҳамда пенсияни ҳисоблаб чиқариш механизмларни аҳолига, айниқса тадбиркорлик соҳасида фаолият юритадиган фуқароларга батафсил тушунтириш каби масалалар бўйича таклифлар ўрганилди.

Шу билан бирга, ишчи гуруҳ вакиллари «Сайқал» номли тошни майдалаб қоғоз ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти, Жанубий Кореянинг KOICA ташкилоти ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган ўқув марказнинг қурилиш жараёни билан танишди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати