@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ички ишлар органларидаги муаммолар ва чақириқлар ҳақида очиқ ва конструктив

 2020-06-25 17:50:50   |     Просмотров: 98

Жамоатчилик мулоқоти фуқаролик жамияти ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўзаро ҳамкорлигининг янги шаклига айланди. Унинг асосида аҳолини хавотирга соладиган долзарб мавзулар, муҳокамали вазиятлар ётади. Бир томондан, жамоатчилик вакиллари ўртага ташланган саволларга жавоб топишлари мумкин, иккинчи томондан давлат органлари вазиятни аҳолига тушунтириш имкони мавждуд.
Жорий йилнинг 24 июнь куни бўлиб ўтган жамоатчилик мулоқоти жамият, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллари турли соҳалардаги, хусусан, ички ишлар тизимидаги ислоҳотларда иштирок этишга кенг жалб қилинганини кўрсатди. Бу трансформация жараёнида нафақат очиқлик ва шаффофлик таъминланади, балки уларнинг самарадорлиги, фуқароларнинг хабардорлик даражаси ҳамда ҳокимлик органларига ишончини оширади. 
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхановнинг таъкидлашича, мулоқот мақсади — мавжуд ҳолатларни таҳлил қилган ҳолда холис баҳо бериш, жамоатчиликка масаланинг асл моҳиятини рўй-рост етказиш, кимда қандай хато ёки камчиликлар бўлса, уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсияларимизни бўлишишдан иборат.
Мулоқот давомида иштирокчилар фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилгани ҳақида мурожаат қилса, у қанчалик кўриб чиқилиши, бу йўналишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқулари бўйича вакили (Омбудсман) фаолияти, мамлакатдаги ҳодиса Ўзбекистоннинг имиджи ҳамда дунё рейтингларидаги ўрнига салбий таъсир қилиши каби масалаларни кўтариб чиқишди.
Қайд этилишича, ички ишлар органларини ислоҳ қилишда унинг самарадорлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини яхшилаш учун фуқаролик секторини жалб қилиш зарур.  Фуқароларнинг провокацион ҳаракатларида руҳий-жисмоний факторлар кўриб чиқилди. Бунда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг руҳий зўриқишга чидамли қилиб ўқитиш, фуқаролар билан унумли алоқа қилиш аҳамияти таъкидланди.

СЎЗ — ТАДБИР ИШТИРОКЧИЛАРИГА

Улуғбек МУҲАММАДИЕВ,
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман):


— Андижондаги сўнгги воқеадан кейин ички ишлар тизимига жамоатчилик муносабатини кўрдик. Энди истаймизми-истамаймизми, тизим ислоҳга муҳтож. Лекин танганинг иккинчи томони бор: ички ишлар органларига жуда кўп ва ортиқча вазифалар юклатилган. Уларнинг вазифаларини аниқ қилиб белгилаш муҳимдир. Бу тизимда роботлар эмас, инсонлар ишлашини унутмайлик.

Беҳруз ҲАМЗАЕВ,
“Зиёфорум” ННТ директори ўринбосари:

— Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистон давлат туризм қўмитаси томонидан мамлакатимиз имиджи ва брендини яратиш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Катта маблағлар ҳам сарфланди. Хабарингиз бор, дунёнинг етакчи блогерлари таклиф қилинди. Нуфузли “The New York Times” нашрида сайёҳларни Ўзбекистонга ташриф буюришга ундовчи мақолалар чоп этилди. Бу жуда яхши натижа эди. Ундан ташқари, ўтган йили “The Economist” журналида Ўзбекистон “Йил мамлакати” сифатида эътироф этилди. Жаҳон банкининг “Doing Business” индексида 20 та яхшиланаётган давлатлар қаторига Ўзбекистон ҳам киритилди. Биласизми, бундай натижага эришиш учун кўпчиликнинг меҳнати сингди. Лекин Андижондаги биргина шу воқеа ҳақида бир куннинг ўзида “Reuters”, “Relf”, “The New York Times”, “The Diplomat” ва бошқа йирик нашрлар ёзиб чиқди. Бу эса шу пайтга қадар мамлакатимизнинг ижобий  имиджини яратиш йўлида қилинган шунча саъи-ҳаракатни ювиб кетди.

Сайёра ХОДЖАЕВА, 
Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори:

— Ҳақиқатдан ҳам ички ишлар соҳасида муаммолар кўп, тизим ислоҳталаб. Ходимларининг ваколат доирасидан четга чиқиб, бошқа ишларга жалб этилиш ҳолатлари мавжуд. Бир сўз билан айтганда, улар универсал. Масалан, АҚШда икки полициячига минг нафар аҳоли тўғри келар экан. Бизда бир участка нозирига уч минг, ўн минг аҳоли тўғри келяпти. Улар аҳоли билан ишлашда қийналмоқда. Айрим участка нозирлари ваколат доирасига кирмайдиган вазифалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланяпти. 
Мен тушунаман — одамларни тийиб туриш “қуроли” сифатида ҳокимлар уларни ишлатишади, прокурор, ички ишлар ходимларини ёнида олиб юришади. Солиқчилар ҳам аҳоли уйига боришда улардан фойдаланишади, ҳозирда эса ҳатто, қашшоқлик билан курашиш масаласи ҳам зиммасига юкланибди. Қолаверса, маош масаласи ҳам бор. Участка нозири 3 млн ойлик олади, лекин иш вақти тартибга солинмаган — эрталаб уйидан чиқиб кетиб, ярим тунда кириб келади.

Рустам ХАТАМОВ, 
ички ишлар вазирининг ўринбосари:

 — Андижон вилоятида бўлган воқеа, бутун тизим раҳбариятини, барча шахсий таркибни ниҳоятда ташвишга солди. Номаъқул, тизимга тасодифан кириб қолган ходимларни  ишдан бўшатиш чораларини доимий равишда кўриб борамиз. Шуни ҳам таъкидлашни истардим: ички ишлар ходимлари кундалик фаолиятида тез-тез стресс, зўриқиш ҳолатига тушиб қолади. Чунки улар жиноятчилик ҳолатлари билан бевосита тўқнашади. Шунинг учун психологик таъминот ишларини янада кучайтиришимиз керак. Тизимда соғлом фикрлайдиган, ҳалол, пок, виждонли, ватанпарвар ходимларимиз кўпчиликни ташкил этади.
Биз эндиликда ҳар бир туман ички ишлар органларида алоҳида хона тайёрлаймиз, у ерда ҳар бир ички ишлар ходими билан фуқаролар суҳбатлари аудио-видео ускуналари орқали ёзиб борилади. Умуман, калтаклаш, тазйиқ ўтказиш ҳолатларининг олдини олишнинг барча чораларини кўрамиз.

Бобоёр ТЎРАЕВ, 
психолог:

— Ҳуқуқ-тартибот ходимларида жазолаш функцияси бор, яъни уни уришим керак, менинг ҳаққим бор, деган тушунча шаклланиб қолган. Лекин улар шахс сифатида ёмон одам дегани эмас. Тизимда катта ислоҳотлар қилингани билан ходимларнинг ички дунёсида ўзгариш бўлмаса қийин. Шунинг учун, ички ишлар органларига номзодларнинг ишга лойиқлигини, шахсий ҳаётини, руҳий соғломлигини текшириб, кейин ишга олиш жуда муҳим. Яъни фақатгина касбий лаёқатига қараш билан чекланмаслик керак. 
Иш вақтини қисқартириш  ҳақида гапирилмоқда. Буни қўллаб-қувватлайман. Чунки милицияда ишлайдиганлар тез чарчайди.

Эркин НОРГИТОВ, 
ИИВ Фахрийлар кенгаши раиси:

— Ички ишлар тизимига ишга қабул қилишда талабларни кучайтириш ҳақида гапириляпти. Бу масалага эътибор бор, йўқ эмас. Албатта, ҳеч ким милиция бўлиб туғилмайди, у ҳам халқнинг ичидан тарбияланади.  Ўйлайманки, тарбиялашда фахрий ходимлар ёрдамидан кўпроқ фойдаланиш керак. Мана, ҳозирда вазирликнинг ҳар бир вилоят, туман бўлимларида Фахрийлар кенгаши тузилган. Асосий мақсад – ёшларни йўлга солиш, фуқаролар билан муаомала қилганда ҳурмат-иззатда бўлишни ўргатиш, тушунтириш. Уришиш, қўрқитиш керак эмас.  
Фахрий ходимларимизга ҳам айтяпмиз: формангизни кийинг-да, келинглар, ёшлар билан учрашинглар, суҳбатлашинглар, тажрибаларингиз билан ўртоқлашинглар деб. Шунда ёшлар 40-45 йиллаб шу соҳада ишлабдими, демак, унинг юзи ёруғ, ундан нимадир ўрганай деб хулоса қилади. Шуни ўзи ҳам тарбия! Андижондаги бўлган сўнгги воқеа жуда хунук. Тўғрисини айтиш керак, бу каби воқеа олдин ҳам бўлган. Энди бунга йўл қўймаслик керак.

Навбаҳор ИМАМОВА, 
“Америка овози” мухбири:

— АҚШда бўлган норозилик намойишларини ёритар эканман, унинг иккита жиҳати ҳақида ўйладим: биринчиси, адолат бўлмаса барқарорлик ҳам бўлмайди, иккинчиси, ҳар бир инсон ҳаёти бебаҳо. Норозилик намойишларига Америкада яшайдиган турли миллат, дин вакиллари чиқди, яъни бу — биргина қора танлиларнинг бош кўтариши эмас эди. Бир инсон тимсолида ҳар йили полиция қўлида ҳалок бўлаётган юзлаб инсонлар тақдири кўтарилди, бунга ҳам эътибор бериш керак. Лекин мана шу охирги жараёнларга қараб, шундай хулосага келдим: АҚШда халқ ҳамон қонун устувор деб ҳисоблайди, тизимга ва тузумга ишонади. Оммавий сўровларда ҳам 69 фоиз респондентлар полицияга ишонишини айтган. Бу ишончни ушлаб турган омиллар бор. Асосийси, фуқаролар фаоллиги. 
Ўзбекистонда ички ишлар ходимларини тушунишга ҳаракат қилишимиз керак, лекин уларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни қай даражада бажара олаётганликларини ҳам жамоатчилик назорат қилиши зарур.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати