Жамоатчилик мулоқоти: ички ишлар органлари тизимидаги ютуқ ва муаммолар, чақирариқл
Жамоатчилик мулоқотини очиқ мунозара, фикрлар ва таклифлар, аниқ танқидлар характерлайди. Мазкур форматдаги илк учрашув коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий-сиёсий вазиятни ва барқарорликни сақлаш масалаларига бағишланган эди.
24 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги мунозара ички ишлар органларининг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга амал қилиши, қийноққа йўл қўймаслик, уларнинг фаолияти бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда ҳуқуқ-тартибот органларининг аҳоли билан ўзаро мулоқотида фуқаролар иштирокини кенгайтириш жиҳатлари муҳокамаларига бағишланди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, ЎзЭОАВМА ва қатор жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбир ННТ вакиллари, Ички ишлар вазирлиги, таҳлил марказлари, парламент аъзолари, ҳуқуқшунослар, журналистлар, блогер ва давлат органлари мутахассисларини бир майдонга жамлади.
Қайд этилишича, сўнги вақтларда ижтимоий тармоқлар ҳамда ОАВларда ички ишлар органлари ходимларининг ноҳақ хатти-ҳаракатлари ҳақидаги хабарлар кўпайиб бормоқда. Хусусан, Андижонда фуқаронинг ҳудудий ички ишлар бўлими биносида бўлгач, калтакланиб вафот этгани жамоатчилик орасида кенг акс-садо берди. Ваҳоланки, қонунчилик нуқтаи назаридан инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам асос яратилган.
Акмал БУРХАНОВ,
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси:
— Тан олиш керак, кўпчилик ҳамюртларимиз ички ишлар органларига ишонмайди, яна кўпчилиги эса улардан қўрқади. Ички ишлар органи ходими деганда, яхши инсонни тасаввур қилиш камдан-кам кузатилади. Афсуски, бугун шиддатли ислоҳотлар амалга оширилаётган Ўзбекистонда бошқа соҳалар каби бу соҳада ҳам катта ислоҳотлар бошланганига қарамай, ички ишлар идоралари имиджи оқсаяпти. Ходимларининг ножўя хатти-ҳаракатлари жамоатчилик ўртасида кескин норозиликка сабаб бўляпти. Бу эса тизимда амалга оширилаётган катта ўзгаришларни бир четга суриб қўяпти. Бизнинг мақсадимиз — мавжуд ҳолатларни таҳлил қилган ҳолда холис баҳо бериш, жамоатчиликка масаланинг асл моҳиятини рўй-рост етказиш, кимда қандай хато ёки камчиликлар бўлса, уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсияларимизни бўлишишдан иборат.
Улуғбек МУҲАММАДИЕВ,
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман):
— Куни кеча давлатимиз раҳбарининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги фармони имзоланди. Фармонда Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” белгиланган. Унга кўра, ушланган шахсни видеотасвирга ёзиш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш ва адвокатни рад этиш тартиби жорий қилинди.
Ушлаб турилган шахснинг яқин қариндошларини, улар мавжуд бўлмаса, бошқа қариндошларини бу ҳақда дарҳол хабардор қилиш мажбуриятини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига юклаш масаласи ҳам киритилган. Андижондаги воқеа мисолида қарасак, фуқаро ИИБга олиб кетилганда ҳеч кимга хеч нарса айтилмаган, қариндошлари унинг қаердалигидан бехабар қолишган. Шундай ҳолат бўлмаслиги керак! Ҳамма жараёнлар ривожланган мамлакатларда бўлгани каби қонуний бўлиши лозим. Яъни фуқаро ушланиб, олиб кетилдими, унинг қаердалиги, нима айб қўйилганидан қариндошлари бохабар қилиниши зарур.
Шохрух ГИЯСОВ,
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг матбуот котиби:
— 2019 йилда хизмат вазифасини бажариш жараёнида 28 нафар ички ишлар ходими вафот этган, 229 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Аҳамият беринг, биргина йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш вақтида 20 нафар ходим ҳалок бўлган, 81 нафари жароҳатланган. Жорий йилнинг 5 ойида эса вафот этган ички ишлар ходимлари 5 нафарни, жароҳатланганлар 73 нафарни ташкил этди. Улар орасида 4 нафар вафот этган ва 31 нафар жароҳат олганлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларидир.
Беҳруз ҲАМЗАЕВ,
“Зиёфорум” ННТ директори ўринбосари:
— Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистон давлат туризм қўмитаси томонидан мамлакатимиз имиджи ва брендини яратиш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Катта маблағлар ҳам сарфланди. Хабарингиз бор, дунёнинг етакчи блогерлари таклиф қилинди. Нуфузли “New York Times” нашрида сайёҳларни Ўзбекистонга ташриф буюришга ундовчи мақолалар чоп этилди. Бу жуда яхши натижа эди. Ундан ташқари, ўтган йили “Economist” журналида Ўзбекистон “Йил мамлакати” сифатида эътироф этилди. “World Bank”нинг “Doing Business” индексида 20 та яхшиланаётган давлатлар қаторига Ўзбекистон ҳам киритилди. Биласизми, бундай натижага эришиш учун кўпчиликнинг меҳнати сингди. Лекин Андижондаги биргина шу воқеа ҳақида бир куннинг ўзида “Reuters”, “Relf”, “New York Times”, “Diplomat” ва бошқа йирик нашрлар ёзиб чиқди. Бу эса шу пайтга қадар мамлакатимизнинг ижобий имиджини яратиш йўлида қилинган шунча саъи-ҳаракатни ювиб кетди.
2017 йил март ойида кучга кирган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, ички ишлар органлари ўз фаолиятини фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш орқали амалга оширади. Шунингдек, қонунда ички ишлар органи ходимига қийноққа солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш тақиқланиши, ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шартлиги белгиланган.
2017 йил 10 апрель кунидаги Президент Фармони (https://www.lex.uz/docs/3159827 ) билан ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш кўзда тутилган. Ҳужжат билан ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланган, уни амалга ошириш бўйича ички ишлар вазири бошчилигида махсус комиссия ташкил этилган. Ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишларидан бири ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан “Халқ манфаатларига хизмат қилиш”ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш белгиланган.
Бундан ташқари, 2018 йил 4 апрель куни давлат раҳбари томонидан суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун имзоланган. Ушбу ҳужжатнинг энг муҳим ўзгаришларидан бири ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомалада бўлганлик учун жавобгарлик чораларининг кучайтирилиши бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартиби жорий этилиши белгиланган эди. Яна шу кундан бошлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари зиммасига улар томонидан шахс ушланганидан сўнг унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзоларидан бирини, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларини ёки яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбурияти юкланиши белгиланган эди.
Бироқ амалдаги қонунчиликдаги барча нормалар ҳам амалиётда самарали қўлланилмаяпти, шу жумладан, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятида касбий очиқлик ва шаффофлик етишмаяпти, жамоатчилик ҳамда парламентнинг тўлақонли назорати, замонавий технологиялар (хусусан, республикадаги барча ички ишлар органларида тергов фаолиятига аудио ва видеоёзув тизими) жорий этилиши суст даражада.
Айни пайтда мулоқот иштирокчилари ички ишлар органларининг бутун бир тизимини камситиш керак эмас, деб ҳисоблайди. Масалан, ўтган йилнинг август ойида “Жаслиқ” колониясининг ёпилиши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари мажбуриятларидаги муҳим қадам бўлди. 1 100 кишилик жойга эга колония ёпилган вақтда 395 маҳбус сақланган, улардан 10 фоизи диний экстремизм учун жиноий жавобгарликка тортилган эди.
Жиноят содир этганликда гумонланувчи шахсларни қамоқда ушлаб туриш муддати сезиларли даражада қисқартирилди (72 соатдан 48 соатга), эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш муддати камайтирилди (12 ойдан 7 ойгача). Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш жиноий жазо тизимидан чиқарилиб, мажбурий жамоат ишлари билан алмаштирилиши ёндашуви шаклланди.
Хизмат бурчини бажараётганда жароҳатлаш, ўлим хавфларини ёдда сақлаш муҳимдир. Танганинг иккинчи томони ҳам бор — фуқароларнинг мажбуриятларга ҳамда ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилиши. Бинобарин, фуқароларнинг карантин талаблари ёки бошқа кўрсатмаларга амал қилмаганлик ҳолатлари ҳам кам эмас.
Иштирокчилар хавфсизлик ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масалалари нафақат жамиятдаги кайфиятга, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсига, бир қатор халқаро рейтингларда ўз мавқеини сақлаб қолишга ҳам бевосита таъсир кўрсатишни таъкидладилар.
Жамоатчилик мулоқоти натижаларига кўра, ички ишлар органлари ходимларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларини такомиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ишининг самарадорлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини оширишга фуқаролик секторни кенг жалб қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати