@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Салом, Сардоба, биз биргамиз!” акцияси доирасида тўпланган пул маблағлари тақсимоти муҳокама қилинди

 2020-06-19 20:55:03   |     Просмотров: 1578

Бугун, 19 июнь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” акцияси доирасида тўпланган хайрия маблағларини манзилли тақсимланишини муҳокама қилиш мақсадида учрашув ўтказилди. Унда иштирок этиш учун акция ташкилотчилари, жойларда фуқаролар билан ўрганишлар олиб борган мутасаддилар ва фаол фуқаролар таклиф этилди.

Хусусан, махсус ташкил этилган комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси Сирдарё вилояти бўлинмаси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мутасаддилари, ҳомийлар қилган фуқаролар, жамоатчи фаоллар, нодавлат нотижорат ташкилоти ва ОАВ вакиллари киритилди.

Учрашув аввалида комиссия аъзоларига акция доирасида амалга оширилган ишлар, хусусан, фуқаролар томонидан хайрия қилинган кийим-кечак, озиқ-овқат, гигиена воситалари ва бошқа турдаги гуманитар ёрдамларни жойларга ўз вақтида етказиш бўйича қилинган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Шунингдек, акция учун “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан очилган махсус ҳисоб рақамига саҳоватли инсонлар ва тадбиркорлар томонидан хайрия қилинган 551 722 776 сўм пул маблағлари тўплангани муносабати билан Сардоба сув омборида юз берган офат натижасида жабр кўрганлар оилаларга манзилли ва ҳақиқатдан муҳтожларга етказиш масаласи муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ўтган вақт давомида ташкилотчилар томонидан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларининг қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида ўрганишлар олиб борилди. Жойларда фуқаролар билан учрашувлар ўтказилиб, 105 нафар эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилди.

Комиссия аъзолари уларнинг ҳар бири ҳақидаги маълумотлар билан танишиб чиқдилар ҳамда давлат томонидан жабр кўрган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилишини инобатга олиб, энг эҳтиёжманд (ногиронлиги бўлган ёки сурункали хасталик сабаб мунтазам дори воситаларини қабул қилувчи, ижара асосида истиқомат қилаётган ва офат натижасида барча мол-мулкидан ажраган, таълим олиш учун маблағга муҳтож, боқувчиси йўқ оилалар ва бошқа) фуқаролар танлаб олинди.

Бундан ташқари, йиғилган пул маблағлари ҳисобидан умумтаълим мактабининг кутубхонаси зарур дарсликлар ва китоблар билан таъминланиши ҳамда давлат мактабгача таълим муассасаси биноси таъмирланиши режалаштирилди.

Учрашув якунида ташкилотчилар томонидан мазкур оилалар билан яна бир бор шахсан учрашишга ҳамда нималарга муҳтожлиги батафсил ўрганишга келишиб олинди.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати