@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистонда Барқарор Ривожланишни амалга оширилишининг биринчи мониторинги бўйича Миллий шарҳ лойиҳаси муҳокама қилинди

 2020-05-20 11:24:11   |     Просмотров: 82

Бугун, 19 май куни Ўзбекистонда Барқарор Ривожланишни амалга оширилишининг биринчи мониторинги бўйича Миллий шарҳ лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган онлайн конференция ташкил этилди. Унда 150 нафардан зиёд тегишли вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, ННТ ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида видеоконференцалоқа тизими орқали бўлиб ўтди. 
Инсон ҳуқуқлари, гендер муаммолари, зўравонлик, камситиш, оммавий ахборот воситалари, сўз эркинлигини ҳимоя қилиш йўналишида Ўзбекистонда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар бугунги онлайн конференциянинг асосий мавзусига айланди. Иштирокчилар томонидан мазкур йўналишларда бугунги кунга қадар юртимизда амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар ҳақида фикр ва таклифлар билдирилди.
 Онлайн конференция аввалида БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари - Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг директори Акмал Саидов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурхановлар кириш сўзи билан иштирок этишди.
    Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни кисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти томонидан тайёрланган Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича қўшимча миллий шарҳ лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
    Шунингдек, конференцияда гендер тенглигини ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон бугунги кунда гендер тенглигини ривожлантириш бўйича халқаро келишувлар доирасида қатор мажбуриятларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, 2019 йилда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги каби иккита муҳим қонунлар қабул қилинди. 
Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита ташкил этилди. Олий Мажлис Сенати раиси раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия тузилди. 
    2015 йил билан солиштирганда раҳбар лавозимидаги аёллар улуши 27,7 фоиздан 33 фоизга (2019 йил) ошди. Ушбу йўналишда ижобий ўзгаришлар кузатилаётганига қарамай, ҳали амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар тақдим этилган Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича қўшимча миллий шарҳ лойиҳасида қайд этилди.
    Конференция якунида барча спикерлар, шу жумладан фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, мутасадди вазирлик ва идоралар мутахассислари томонидан билдирилган фикр ва таклифлар миллий шарҳ лойиҳасида ўз аксини топиши билдирилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати