@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ёшлар фикри: Коронавирусга оид қандай маълумот манбалари самарали?

 2020-05-05 13:05:26   |     Просмотров: 4544

Жорий йилнинг 5 май куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Ю-Репорт лойиҳасининг ҳамкорлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, БМТ агентликлари билан биргаликда, ОАВ ва мамлакатнинг барча вилоят ёшлар вакиллари иштирокида Ю-Репорт сўровининг натижаларини муҳокама қилиш ва ёшларни коронавирус билан боғлиқ масалалар ҳақида хабардор қилиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни ишлаб чиқишга бағишланган онлайн давра суҳбатини ўтказди.

Жорий йилнинг апрель ойида Ю-Репорт онлайн платформаси орқали ёшлар ўртасида мамлакатда COVID-19 коронавирусига оид маълумотларни олиш, уларни тарқатишда ахборот каналларининг самарадорлиги тўғрисида сўров ўтказилди. Сўровда республиканинг барча ҳудудларидан 11 500 нафарга яқин киши иштирок этди.

Тадқиқот натижалари «Ёшлар фикри: Коронавирусга оид қандай маълумот манбалари самарали?» онлайн учрашуви давомида манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, ёшлар, ОАВ ва блогерлар иштирокида муҳокама қилинди.

Видеоконференция доирасида БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Ҳелена Фрайзер, ЮНИСEФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев ва бошқалар сўзга чиқишди.

Ю-Репорт лойиҳаси раҳбари Жамила Нуржанова (ЮНИСEФ) сўров натижаларини тақдим этди. Хусусан, сўров натижаларига кўра, ёшлар учун COVID-19 тўғрисидаги асосий маълумот манбаи Интернет эканлиги таъкидланди: респондентларнинг 72 %и бу мақсадларда мессенжерлар, ижтимоий тармоқлар ва ОАВдан фойдаланишларини айтишди. Қолган 24% респондентлар учун эса – бу телевизор эканлиги маълум бўлди. 

48% қатнашчилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа давлат идораларининг расмий маълумотларига ишонадилар. Кучли учликка, шунингдек, Телеграм каналлари (15%) ва халқаро ташкилотлар (12%) кирди. Шу билан бирга, Ю-Репортёрларнинг ярмидан кўпи (51%) коронавирус ҳақида маълумот олишда шифокорларга ва тиббиёт ходимларига кўпроқ ишонишларини, 34%и эса давлат органлари вакилларига ишонишларини таъкидладилар.

Сўровда иштирок этганларнинг аксарияти (91%) коронавирус ҳақида олаётган маълумотларига, асосан, ишонишади: респондентларнинг деярли ярми (49%) «ҳа» жавобини танлашган, 42%и асосан ишончли деб билишади, сўровда қатнашганларнинг атиги 6 %и COVID-19 тўғрисидаги олинган маълумотларига ишонмайдилар. Бундан ташқари 79% респондентлар коронавирус ҳақидаги маълумотларни «жуда тушунарли» деб баҳолайдилар.

Ҳар тўртинчи респондент янги вирусга оид ҳамма нарсани билишини айтган. Аммо, вирусга оид афсоналар ҳақида (17%), вирусга шубҳа туғилганда нима қилиш кераклиги ҳақида (16%) ҳамда ҳимоя чоралари ҳақида (12%) кўпроқ маълумот олишни истаганлар ҳам бор.

Сўров давомида ёшлар COVID-19га оид билимларини синаб кўришди, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларини ўрганиш орқали вирус ҳақидаги кўплаб афсоналарни йўқотишди.

Видеоконференция натижаларига кўра, турли тузилмалар мутахассисларининг хулосалари, экспертлар ва ёшларнинг фикрлари умумлаштирилди. Олинган натижалардан ахборот-коммуникация ишларининг самарадорлигини ошириш, шу жумладан ёшларни COVID-19 тўғрисида хабардор қилишда фойдаланиш режалаштирилмоқда.

 

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати