@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Коронавирус синовлари меҳрибонлик ва ҳамжиҳатликка тўсиқ бўлолмайди

 2020-03-20 19:18:03   |     Просмотров: 624

COVID-19 коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият ва ўқув муассасалари ҳамда қатор ташкилотларда эълон қилинган карантин Ўзбекистон аҳолиси орасида турлича муносабатларни келтириб чиқарди. Аксарият фуқаролар маълумотни ваҳимага берилмай адекват қабул қилиб, шифокорлар кўрсатмалари ва тавсияларига риоя қилишга ҳаракат қилмоқдалар ва бу муҳим. Кўчаларда ва жамоат жойларида тиббий ниқоб таққан одамларни кўплаб учратиш мумкин.

Шахсий гигиена ва ҳимоя воситаларига, шу жумладан антисептикларга, бир марталик тиббий ниқоб ва қўлқопларга бўлган эҳтиёж дорихоналарнинг ҳақиқий имкониятларидан сезиларли даражада ошиб кетди. Фурсатдан фойдаланган баъзи “ташаббускор” фуқаролар тиббий ниқоблар ва бошқа товарларнинг нархини сунъий ошириш орқали пул ишлаб олишга уринмоқдалар.

Бироқ, баъзи дорихоналар талаб юқори маҳсулотлар нархларини оширганлари йўқ, айримлар эса тиббий ниқобларни мутлақо бепул тарқатмоқда. Тадбиркорлар ва бефарқ бўлмаган фуқаролар жараёнларни четда томошабин сифатида кузатганлари йўқ. Мисол учун, Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида яшовчи Анваржон Раупов барчага бир метрдан дока мато тарқатди. Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги “Боғобод” маҳалласида истиқомат қилувчи Ойдинхон Ҳошимова ўз ҳисобидан минг метр дока мато сотиб олиб, тиббий ниқоб тикиб, муҳтожларга тарқатмоқда. Фарғона вилояти Данғара туманидаги Аюбхон Техтил хусусий корхонаси раҳбари Дилшода Усмонова ва унинг тикувчилик цехи ходимлари ҳар куни 10 мингга яқин ниқоб тикмоқдалар. Уларни сотмай, улгуржи тарзда дорихоналарга топширмай, аксинча туман аҳолиси орасида бепул тарқатмоқдалар.

Савоб ишлар фақат шу билан чекланиб қолгани йўқ. Хусусан, Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси, Самарқанд вилояти ва бошқа қатор вилоятлар ҳокимликлари, тадбиркорлар ва бефарқ бўлмаган фуқаролар томонидан карантин сабаб бир гуруҳ талабаларни Тошкентдан уйларига етиб олишлари учун бепул транспортлар ташкиллаштирдилар. Мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги Бош консули Юсуп Кабулжанов эса рейсдан қолиб кетган йўловчиларга — Ўзбекистон фуқароларига кечки овқат олиб борди. Пойтахтда фаолият юритувчи “Havoqand People Group” компаниялар гуруҳи («Les Ailes», «Chopar Pizza» ресторанлар тармоғи) асосчиси Аҳмад Мелибоев Соғлиқни сақлаш вазирлиги штаби вакиллари, Call-маркази операторлари ва туну кун тиббий муассасаларда навбатчилик қилаётган ва инфекцияланганлар ҳолатини доимий назорат қилаётган шифокорларга 1 апрелга қадар кунига уч маҳал бепул таом етказиб бериш ташаббуси билан чиқди.

Бу каби мисоллар шуни кўрсатяптики, ушбу мураккаб вазиятда ўзбекистонликлар бир-бирларига меҳр-мурувватли бўлишни, хайрли ишлар қилишни унутганлари йўқ, аксинча муҳтожларга ёрдамлашишга ҳаракат қилмоқдалар. Улар ҳаётда доимо жасорат кўрсатиш мумкинлигини яна бир бор тасдиқладилар. Қаҳрамонлар — комикс ва эртакларда эмас, турли синовларга қарамай елкаларини тутишга, ўзларининг вақт ва моддий ресурсларини бошқаларнинг манфаати йўлида қурбон қилишга тайёр бўлиб, ишларини сидқидилдан бажарадиган оддий одамлардир. Коронавируснинг тарқалиши одамларнинг эътиборини ўзгаларга ёрдам қўлини чўзишга, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик каби умуминсоний қадриятларнинг қанчалик муҳимлигига қаратди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ушбу мураккаб жараёнларга бефарқ бўлмаган, ўзларининг ҳаракатлари билан атрофдагиларга ўрнак бўлаётган инсонларга миннатдорлик билдиради. Уларнинг барчаси “Орамиздаги қаҳрамонлар” ижтимоий лойиҳаси аъзосига айландилар! Хайрли ишлар асло мукофотсиз қолмайди!

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати