@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Хориждаги ватандошлари ҳаёти қандай?

 2020-02-14 11:42:13   |     Просмотров: 220

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати дунёнинг турли нуқталарида истиқомат қилаётган ватандошлар ҳаётини ёритишга қаратилган янги лойиҳани амалга оширишга киришди.

Мақсад — хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан мулоқотни ўрнатиш, уларнинг ҳаёти, таълим олиши, профессионал фаолияти, она тилимиз, маданиятимиз ва миллий урф-одатларимизни давом эттириш ҳамда намойиш этиш учун мавжуд имконият ва шароитлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш.

Бу, бир томондан ватандошларимизни, шу жумладан ёшлар, академик доира ва бизнес вакиллари, меҳнат мигрантларини Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг амалга оширилишига, уларнинг саъй-ҳаракатларини ватан равнақи томон йўналтириш учун жалб қилишга хизмат қилса, иккинчидан уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг тўлиқ амалга оширилишига, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларга ечим топишга кўмаклашишга ҳизмат қилади.

Сюжет, репортаж ва бошқа медиамаҳсулотлар қуйидаги йўналишларда (хорижий давлатларга ташриф буюрган ҳолда) тайёрланиши режалаштирилган:

  • “Салом йўллаймиз” дунёнинг турли нуқталарида, шунингдек, Ўзбекистон шаҳарлари билан биродарлик алоқалари ўрнатилган шаҳарларда (“дўстлик кўприклари” ўрнатилган шаҳарларнинг маҳаллий аҳолиси бу шаҳарлар ҳақида билиши, қандай қўшма лойиҳалар ва дастурлар мавжудлиги ҳақида) истиқомат қилаётган, таҳсил олаётган, меҳнат қилаётган ватандошлар ҳаёти ҳақида сюжетлар кетма-кетлиги;
  • Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг ватандошларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, маданий-маърифий, туризмни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳиятини илгари суриш йўналишларидаги фаолияти;
  • Ватандошларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон маданияти ва санъатини, ўзбек тилини ривожлантиришга ҳисса қўшаётган жамоат бирлашмалари, ташаббускор гуруҳлар, ННТлар фаолияти;
  • Хорижда ишлаш, у ердаги шароитлар, ҳукуматлараро келишувлар натижасида яратилган имкониятлар, қийинчиликлар ва муаммолар ҳамда ҳуқуқий жиҳатларга бағишланган меҳнат муҳожирлари ҳикоялари (репортажлар, анимацион роликлар, аноним суҳбатлар);
  • Хорижда турли соҳаларда ижобий натижаларга эриша олган ватандошларнинг (муваффақиятли лойиҳалар ҳамда иқтисодиёт, маданият, илф-фан ва бошқа соҳаларда катта ютуқларга эришган инсонлар) муваффақиятга эришиш тарихи.  

Шу муносабат билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ушбу лойиҳани амалга оширишга ҳайрихоҳ бўлган барчани ҳамкорликка чорлайди. Агар Сиз ўзингиз ёки бошқа ватандошимиз ҳақида юқорида санаб ўтилган йўналишлар бўйича ўртоқлашишингиз мумкин бўлган маълумот, қизиқарли воқеа ёки ўрнак қилиб кўрсатиш мумкин бўлган натижалар мавжуд бўлса бизнинг электрон манзилимизга info@yumh.uz ёки Телеграм-бот (@yuksalishuzb_bot)га ёзишингизни сўраймиз.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матубот хизмати