@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Хорижда таҳсил олаётган бир гуруҳ юртимиз ёшлари илк бор ўқув амалиётларини Ўзбекистонда ўтайдилар

 2020-01-29 16:11:00   |     Просмотров: 5022

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати чет элдаги ватандошлар билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш бўйича бир қатор лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишни бошлади. Хусусан, жорий йилнинг 29 январь куни Жанубий Кореянинг Чоннам давлат университети билан у ерда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларни юртимизда ўқув амалиётини ташкил этиш дастурига старт берилди.

Шу муносабати билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати офисида ташкил этилган тадбирда Чоннам давлат университети вакиллари ҳамда 20 нафар университетнинг турли йўналишларида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, келгусида ҳамкорлик доирасида янги лойиҳа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, академик доиралар билан қўшма тадқиқотлар олиб бориш, ўзаро тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш каби йўналишларда музокаралар олиб борилмоқда.

Жумладан, 2019 йилнинг май ойида Чоннам давлат университети делегацияси вакиллари билан Тошкент шаҳрида ўзбекистонлик талабаларни қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинган эди. Ҳамкорлик ва музокаралар натижасида бир гуруҳ фаол талабалар ўз йўналишлари бўйича Ўзбекистонда ўқув амалиётини ўташ ва келгусида ишга жойлашиш имкониятлари билан танишиш имконига эга бўлдилар.

Ўқув амалиёти дастури баҳорги ва кузги семестрлари давомида 15 ҳафта ҳамда ёзги ва қишги семестрлар давомида эса 8 ҳафтани ташкил этиб, талабалар учун жамоат, халқаро, хусусий ва нодавлат ташкилотларида малака ошириш имкони яратилади.

Ушбу дастурнинг илк иштирокчилари жорий йилнинг 29 январь – 2 февраль кунлари юртимиздаги етакчи банклар, девелоперлик компаниялари, давлат идораларига ташриф буюрадилар. У ерда ташкилот фаолият йўналиши ва йўлга қўйилган иш тизими билан танишадилар. Бу эса, аввало, хорижий таълим муассасасининг бўлажак битирувчилари учун Ўзбекистонда муносиб иш билан таъминланиш, амалдаги тизим билан яқиндан танишиш ва тегишли кўникмаларни аввалдан эгаллашга хизмат қилади.

Учрашув якунида Чоннам давлат университети ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра томонлар ўқув амалиёти дастурларини ўзаро келишган ҳолда ташкил этиб борадилар.

Маълумот учун, Чоннам давлат университети 1952 йилда ташкил этилган бўлиб, Корея Республикасининг 10 та энг яхши университетлари рейтингида тўртинчи ўринни эгалалайди. Бугунги кунда таълим муассасасида 35 000 дан зиёд талабалар таҳсил олади. Уларнинг 500 нафардан зиёди ўзбекистонлик талабалар ҳиссасига тўғри келади.

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати