@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” ҳаракатининг 2019 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди

 2019-12-26 18:00:00   |     Просмотров: 3892

Янги йил арафаси — ўтган вақтда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда келгуси режаларни тузиш учун энг қулай пайт. 2019 йил қай даражада самарали ўтди? Қандай лойиҳалар ва ташаббуслар амалга оширилди? Келгуси 2020 йилда нималар режалаштирилмоқда?

Бу ва яна бошқа қатор масалалар жорий йилнинг 26 декабрь куни пойтахтимизда ташкил этилган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ҳисобот анжуманида муҳокама қилинди. Тадбирда вазирлик ва идоралар, юртимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг асосий вазифаси фуқаролар, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, бизнес ҳамжамияти вакилларини амалга оширилаётган ислоҳотлар атрофида ихтиёрийлик асосида бирлаштириш ҳисобланади. Ҳаракат ўтган давр мобайнида бизнес ва академик доиралар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар ва кенг жамоатчилик вакилларини амалга оширилаётган жараёнларга фаол жалб қилиш орқали мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи янги ғоялар ва ташаббусларни ишлаб чиқиш ҳамда илгари суривчи ўзига хос майдонга айланди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати 2019 йил давомида маҳаллий ва халқаро ташкилотлар иштирокида 20дан ортиқ лойиҳалар доирасида республиканинг барча ҳудудларида турли форматларда юзлаб тадбирларни амалга оширди. Жумладан, 230 дан зиёд турли даражадаги учрашувлар ўтказилди, 50 га яқин форум ва давра суҳбатлари, жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилди, 17 та ҳамкорлик меморандумлари имзоланди, республиканинг деярли барча вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ҳаракатнинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳаракат ўз фаолияти давомида асосий эътиборни фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг самарали механизмларини жорий этиш ва фуқароларни давлат ва жамият бошқарувига фаол жалб этиш масалаларига қаратди. Хусусан, Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари учун бепул коворкинг маркази очилди, давлат органлари ҳузуридаги 5 та жамоатчилик кенгашлари ҳамда 10 та нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятлари методик жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда.

5 та давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларига ҳамда 10 та ННТларнинг ташкилий жиҳатдан ривожлантириш учун грант маблағлари тақдим этилди. Шунингдек, юртимизда илк бор Жамоатчилик кенгашлари халқаро форуми ўтказилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг жамоатчилик, шу жумладан хорижий ҳамжамиятнинг доимий эътиборида. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бугунги фаол жараёнларни ахборот-таҳлилий жиҳатдан ёритилишига кўмаклашиш мақсадида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг июль—август ойлари давомида интернет ва босма ОАВ вакиллари учун тренинглар ташкил этди. Унда жами 120 дан зиёд журналист, блогер ва матбуот хизмати вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида барча журналистик ҳамжамиятлар эркин фойдалана олиши учун Журналистлар профессионал этикаси намунавий кодекси ишлаб чиқилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фуқаролик жамияти институтларининг вакили сифатида йил давомида “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастурининг ўз вақтида бажарилиши, шунингдек, ҳудудий ва инвестиция дастурларининг жойлардаги ижроси устидан жамоатчилик мониторинги тадбирларини ўтказди.

Жамоат ташкилотларидан иборат ишчи гуруҳ 13 та ҳудудда, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасида ўрганишлар олиб борди. Тадбирлар давомида асосан ижтимоий соҳа объектларининг, ичимлик суви билан таъминлаш иншоотларининг, ички ва магистрал йўлларнинг қурилиши, таъмирланиши ва реконструкция қилиниши ва бошқа қатор бандларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати доимий равишда аҳолидан таклифлар қабул қилиб борди. Жумладан, аҳолининг кундалик ҳаётида учраётган муаммоларни аниқлаш ва ушбу муаммоларни ҳал қилиш бўйича фуқароларнинг фикрларини ўрганиш мақсадида БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ҳудудларда Маслаҳат учрашувлари ташкил этилди. Октябрь—ноябрь ойлари давомида Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Андижон ва Сирдарё вилоятларида 28 та маслаҳат учрашувлари ўтказилиб, уларда минглаб фуқаролар қамраб олинди.

Бугунги ўзгаришларни таҳлил қилиш, соҳалар ривожига қаратилган янги таклифлар ишлаб чиқиш, халқаро тажрибаларни ўрганиш муҳим масала ҳисобланади. Шу мақсадда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Экспертлик платформаси лойиҳаси доирасида қатор долзарб масалаларга бағишланган муҳокамалар ўтказди. Унда маҳаллий ва хорижий етакчи экспертлар, вазирлик ва идоралар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, парламент аъзолари иштирок этдилар. Лойиҳа доирасида Марказий Осиё, Европа ва Американинг илмий тадқиқот марказларининг 50га яқин экспертлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Жорий йилнинг август ойида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан интернет тармоғида “Jamoatchilik” онлайн-платформаси ишга туширилди. Унинг асосий мақсади фуқаролар ва давлат органлари билан мулоқотнинг самарали механизмларини яратиш, давлат ва жамият бошқарувига жалб қилишга кўмаклашиш ҳамда соҳалар ривожига хизмат қилувчи таклифлар қабул қилиш ҳисобланади.

Платформа орқали долзарб воқеа ва ҳодисалар юзасидан давлат идоралари раҳбарларини тезкор хабардор қилиш, соҳа ва ҳудудларни ривожлантириш ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тақдим этиш имконияти берилди. Ўтган вақт давомида платформага турли соҳалар бўйича 800 дан зиёд таклифлар келиб тушди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати 2019 йилда UNICEF ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда “Ёшлар овози муҳим” лойиҳасини амалга оширди. Унда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фаол ёшлар маҳаллий ҳокимликлар, соҳа мутахассислари ва халқаро мутахассислар иштирокида ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказдилар. Асосий мақсад — ёшлар ва маҳаллий ижро ҳокимияти вакиллари ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйишдан иборат бўлди.

Лойиҳа доирасида бу каби мулоқотлар Нукус, Урганч шаҳарларида ҳамда Мўйноқ туманида ўтказилди. Унда жами 120 нафардан зиёд йигит-қизлар иштирок этди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати экологик муаммоларга бефарқ эмас. Шу боис, қатор маҳаллий ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда дарахтларнинг кесилиши ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш мақсадида илк бор “Бир миллион дарахт” акцияси ташкил этилди. Акция 2019 йил 24 октябрь куни Нукус шаҳрида старт олди ҳамда ноябрга қадар давом этди. Натижада куз фаслининг ўзида республиканинг 8 та ҳудудида бир ярим миллион туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экишга эришилди. Лойиҳа анъанавий тарзда йилда икки маротаба: куз ва баҳор фаслида ўтказиладиган бўлди.

Жорий йилнинг 8 февраль куни Ҳаракат томонидан Фуқаролик ташаббуслари форуми ташкил этилди. Унда ислоҳотларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятидан унумли фойдаланиш, давлат ва жамият бошқаруви ривожига қаратилган янги таклифлар ва ташаббусларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинган эди. Ушбу маслаҳатлашув бесамар кетмади ва йил давомида ўзининг ижобий натижасини берди. Фуқаролар ва жамоат ташкилотлари томонидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатига кўплаб таклифлар билдирилди ва уларни ҳаётга тадбиқ этиш бошланди. Хусусан, туман ва шаҳарларда истиқомат қилаётган, бугунги ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, ўзининг саъй-ҳаракатлари билан жамиятга холис хизмат қилган фуқароларни аниқлаш ва кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида “Орамиздаги қаҳрамонлар” ижтимоий лойиҳаси амалга оширилди.

Бундан ташқари, фуқароларга сайловларга оид фойдали маълумотлар бериш, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” миллий акцияси ташкил этилди. Тадбирлар бир вақтнинг ўзида республиканинг барча вилоятларида бўлиб ўтди. Унда жами 280 мингга яқин аҳоли иштирок этди.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказилган сайловлар арафасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан мунозара клуби ташкиллаштирилди. Унда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, халқаро кузатувчилар, чет эл ОАВ вакиллари ташриф буюриб, долзарб масалалар юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллик байрами арафасида #MenUchunQadrli номли флешмоб ўтказилди. Унда иштирокчилар ўзларининг Ўзбекистон билан боғлиқ фотосуратлари: тарихий бино, жой ёки буюм, қизиқарли воқеа, қўлга киритилган ютуқлар, яқинлари ва яна бошқа турли воқеа ва ҳодисалар акс этган фотосуратлари билан улашдилар. 10 кун давом этган флешмобда Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларида 6 000 га яқин фотосуратлар жойланди.

Бундан ташқари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фуқароларнинг ислоҳотларга бўлган даҳлдорлик ҳиссини ошириш мақсадида қонунчиликдаги ўзгаришларга, парламент ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар жараёнларига бағишланган 200дан зиёд турли инфографикалар интернет тармоғида жойлаштирилди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлис муҳокамалари онлайн тарзда ҳаракатнинг ижтимоий тармоқлари орқали ёритиб борилмоқда.

Айтиш жоизки, мазкур лойиҳалар “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан фаол фуқаролар, маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш натижасида амалга оширилди.

Ҳаракат келгусида ҳам бошланган ишларни жадал ривожлантиришга, ўз фаолияти доирасида янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга ва энг асосийси амалга оширилаётган ислоҳотлар атрофида фуқароларни бирлаштиришга ҳаракат қилади. 

Тадбир Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати