@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

14 декабрь куни Республиканинг барча ҳудудларида “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар” миллий акцияси бўлиб ўтади

 2019-12-12 14:26:00   |     Просмотров: 2652

Бугун “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати офисида мазкур акция доирасида ўтказиладиган тадбирлар ҳақида кенг жамоатчиликка ахборот бериш мақсадида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда тадбир ташкилотчилари, ҳамкор вазирлик ва идоралар вакиллари, маданият ва санъат намоёндалари журналистларнинг қизиқтирган саволларига жавоб бердилар.

Маълумки, жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар ўтказилади. Унда барча фуқароларни фаол иштирок этишга чорлаш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар” миллий акциясини ўтказиш ташаббуси билдирилди. Қувонарлиси, ушбу таклиф Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, маҳаллий ҳокимликлар, Халқаро матбуот маркази ва бошқа қатор жамоат ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, 14 декабрь куни соат 14:00да республикамизнинг барча ҳудудларида бир вақтнинг ўзида оммавий тадбирлар ўтказилиши белгиланди. Унинг доирасида таниқлик инсонлар билан учрашувлар ташкил этилади, сайловга тайёргарлик жараёнлари ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида фойдали маълумотлар тақдим этилади ҳамда мусиқий дастурлар ва турли викториналар ўтказилади. Энг асосийси, сайловлар ҳақида барча маълумотлар содда ва тушунарли тилда аҳолига етказилади.

Тадбирлар вилоят, шаҳар ва туман марказларида бўлиб ўтади. Акцияни юқори савияда ўтказиш учун очиқ майдонлар ва хиёбонларда барча керакли техник жиҳозлар ва бошқа қўшимча қулайликлар яратилган. Жумладан, акция Самарқанд шаҳридаги Самарқанд вилояти мусиқали драма театрининг ёзги саҳнасида, Термиз шаҳрида амфитеатрда, Қарши шаҳрида “Мустақиллик” майдонида бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати барча ОАВ вакилларидан “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар” акцияси жараёнларини, айниқса, ҳудудларда бўлиб ўтадиган тадбирларни фаол ёритилишида, тезкор хабарлар ва ёрқин фотосуратлар кўринишида веб-сайтлар ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилиб борилишида ҳамкорликка чорлайди.

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матубот хизмати