@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Журналистлар профессионал этикаси намунавий кодекси ишлаб чиқилди

 2019-11-13 15:14:00   |     Просмотров: 2589

Жорий йилнинг 12 ноябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида Журналистлар профессионал этикаси намунавий кодекси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда мутасадди ташкилотлар, ННТлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, хорижий экспертлар иштирок этди.

Тадбир давомида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда журналистика соҳасида халқаро этика стандартларини ривожлантириш” лойиҳасининг дастлабки натижалари сарҳисоб қилинди.

Жумладан, лойиҳа доирасида ҳудудларда фаолият юритаётган босма ва интернет ОАВ вакиллари учун таҳлилий материаллар тайёрлашга бағишланган тренинглар ташкил этилди. Унда жами 120 дан зиёд журналистлар қамраб олинди. Шунингдек, лойиҳа иштирокчилари томонидан 50га яқин таҳлилий мақолалар тайёрланди ҳамда интернет тармоғига жойлаштирилди.

Таъкидланганидек, лойиҳанинг яна бир натижаси бу — соҳанинг тажрибали мутахассислари, хорижий экспертлар ва энг асосийси ОАВ вакиллари иштирокида Журналистлар профессионал этикаси намунавий кодексининг ишлаб чиқилгани. Жорий йилнинг июнь–август ойлари давомида ҳудудларда ташкил этилган учрашувларда журналистларнинг ушбу масала юзасидан фикрлари ўрганилди. Шунингдек, кодекс лойиҳаси жорий йилнинг 25—27 сентябрь кунлари Тошкент вилоятида ташкил этилган якуний тренингларда ҳам муҳокама қилинди ҳамда янада такомиллаштирилди.

Давра суҳбати давомида кодекс лойиҳасининг дастлабки тақдимоти ўтказилди ҳамда яна бир бор соҳа мутахассисларининг фикр ва таклифлари ўрганилди. Эндиликда, Журналистлар профессионал этикаси намунавий кодекси исталган журналистлар ҳамжамияти томонидан фойдаланиш учун ташкилотчилар томонидан уч тилда интернет тармоғига жойлаштирилади.

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати