@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Давлат дастурининг 231-банди («Yoshlar — kelajagimiz» давлат дастури доирасида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлаш) ижроси мониторинги натижалари

 2019-10-16 09:19:00   |     Просмотров: 1878

 “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 231-банди билан йил давомида “Yoshlar — kelajagimiz” давлат дастури доирасида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлаш белгиланган бўлиб, уни ижро этиш механизмида “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси маблағларидан  2 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратиш орқали 50 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўрсатилган. Мазкур бандни амалга оширишга Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи, Меҳнат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари масъул идоралар сифатида қайд этилган.

“Юксалиш” умумиллий ҳаракати томонидан республиканинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунига асосан Давлат дастурининг юқоридаги бандини ижросини таъминлаш бўйича масъул бўлган идоралар ва ташкилотлар томонидан бажарилган ишлар, эришилган натижалар ва уларнинг самарадорлиги юзасидан ҳудудлардаги фуқаролик жамияти институтлари вакилларини, мутахассис ва экспертларни жалб қилган қилган ҳолда жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилиб, маълумотлар таҳлил қилинди.

2019 йил 31 январда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раислигида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича республика комиссиясининг мажлиси ўтказилиб, ушбу мажлис қарори билан Давлат дастурининг 231-бандига асосан 2019 йилда “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси маблағларидан  2 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратиш орқали 50 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш ва ушбу жамғарма ҳисобидан қўшимча 100.0 млрд сўмни Самарқанд вилоятида Давлат дастурининг ижросини таъминлаш учун ажратиш белгиланган.

Шунингдек, мазкур мажлис қарори билан “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури доирасида 2019 йилда молиялаштириладиган ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларининг манзилли рўйхати ҳамда ажратиладиган молиявий ресурсларнинг ва яратиладиган иш ўринлари режа жадвали тасдиқланган.

Тасдиқланган манзилли рўйхатга кўра, 2019 йилда республика бўйича ёшларга жами 8913 та лойиҳани амалга ошириш учун “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури доирасида 2 098 316.0 млн. сўмлик  маблағлар ажратилиши ва бунинг ҳисобига 66488 та  иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Жамғарма маблағларини молиялаштириш ва тўлиқ шакллантириш, манзилли рўйхатга асосан ўз вақтида кредитлар ажратиш ғоялаор ва лойиҳаларни режа асосида амалга ошириш, белгиланган муддатларда Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш республика комиссиясига ахборот киритиб бориш ва бошқалар бўйича тегишинча “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси, Молия вазирлиги, Марказий Банки, Савдо-саноат палатаси ҳамда тегишли комиссияларга вазифалар юклатилган.

  2019 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 1848 та лойиҳа учун 412.0 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, 7778 та иш ўринлари яратилганлиги ҳақида маълумот тақдим этилган. Бундан кўринадики, 1 686 316.0 млн. сўмлик маблағлар молиялаштирилмаганлиги натижасида республика бўйича ёшларнинг 7065 та ғоялари ва лойиҳалари амалга ошмаганлиги сабабли  58710 та иш ўринлари яратилмасдан қолаётган бўлиб, тасдиқланган манзилли руйхат бўйича маблағларнинг 20 фоизи молиялаштирилганлиги сабабли 19.3 фоиз лойиҳалар амалга оширилиб, режа-жадвалга нисбатан атиги 11.7 фоиз янги иш ўринлари яратилган холос.

 Ҳаракатнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан олинган расмий маълумотларга кўра, тасдиқланган режа-жадвалга нисбатан олганда 2019 йилнинг 1 октябр ҳолатига Қорақалпоғистон Республикасида 75 (13,6%) та лойиҳа учун 20.8 млрд. сўм (13,7%) ажратилиб, атиги 230  (6,3%) та иш ўринлари яратилган, Андижон вилоятида 137 (10,6%) та лойиҳа учун 24.8 млрд. сўм (11,2%) ажратилиб, атиги 168  (6,3%) та иш ўринлари яратилган, Жиззах вилоятида 113 (30,1%) та лойиҳа учун 26.2 млрд. сўм (25,5%) ажратилиб, атиги 243  (7,9%) та иш ўринлари яратилган, Қашқадарё вилоятида 152 (17,4%) та лойиҳа учун 29.6 млрд. сўм (14,6%) ажратилиб, 1146  (17,6%) та иш ўринлари яратилган, Навоий вилоятида 76 (20,8%) та лойиҳа учун 20.0 млрд. сўм (19,3%) ажратилиб, атиги 224 (10,2%) та иш ўринлари яратилган, Наманган вилоятида 85 (14,8%) та лойиҳа учун 26.6 млрд. сўм (16,2%) ажратилиб, 592 (7,9%) та иш ўринлари яратилган, Самарқанд вилоятида 161 (15,5%) та лойиҳа учун 34.3 млрд. сўм (14,5%) ажратилиб, 540  (8,5%) та иш ўринлари яратилган, Сирдарё вилоятида 56 (13,9) та лойиҳа учун 7.3 млрд. сўм (12.5%,) ажратилиб, 166 (7,4%) та иш ўринлари яратилган, Сурхондарё вилоятида 194 (22,2%) та лойиҳа учун 34.9 млрд. сўм (20,8%) ажратилиб, 755  (12,9%) та иш ўринлари яратилган, Тошкент вилоятида 162 (22,3%) та лойиҳа учун 48.9 млрд. сўм (26,2%) ажратилиб, 892 (11,7%) та иш ўринлари яратилган, Фарғона вилоятида 197 (22,7%) та лойиҳа учун 37.5 млрд. сўм (17,9%) ажратилиб, 832 (12,0%) та иш ўринлари яратилган, Хоразм вилоятида 136 (30,7%) та лойиҳа учун 29.4 млрд. сўм (28,5%) ажратилиб, атиги 270  (7,9%) та иш ўринлари яратилган, Тошкент шаҳрида 30 (20,1%) та лойиҳа учун 17.6 млрд. сўм (18,0%) ажратилиб, 556 (20,9%) та иш ўринлари яратилган. (Бухоро вилояти бўйича маълумотлар тақдим этилмаганлиги сабабли таҳлил маълумотлари мавжуд эмас.)

Юқоридагилардан кўринадики, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 231-банди ва унинг ижросини таъминлаш бўйича 2019 йил 31 январда ўтказилган Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича республика комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан берилган топшириқ ва вазифалар уларга бажаришга масъул бўлган идоралар ва мансабдор шахслар томонидан лозим даражада бажарилмасдан келган.

Бунинг натижасида юқоридаги манзилли рўйхатга киритилган лойиҳалар бўйича бир қатор ёшларнинг ишончи сўниб,  улар томонидан имтиёзли кредитларни олиш рад этилган.

Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасида 551 та лойиҳадан 143 (26,0%) таси, Андижон вилоятида 1292 та лойиҳадан 259 (20,0%) таси, Хоразм вилоятида режа-жадвалдаги 442 та лойиҳадан 127  (28,7%) таси, Навоий вилоятида 364 та лойиҳадан 73 (20,0%) таси, Қашқадарё вилоятида 875 та лойиҳадан 304 (34,7%) таси, Жиззах вилоятида 375 та лойиҳадан 68 ( 18,1%) таси, Навоий вилоятида 364 та лойиҳадан 73 (20,0%) таси,  Наманган вилоятида 574 та лойиҳадан 7 (1,2%) таси, Самарқанд вилоятида 1036 та лойиҳадан 458 (44,2%) таси, Сирдарё вилоятида 404 лойиҳадан 154 (38,1%) таси, Сурхондарё вилоятида  194 та лойиҳадан 261 (29,9%) таси,  Тошкент вилоятида 725 та лойиҳадан  283 (39,0%) таси, Фарғона вилоятида 869 та лойиҳадан  244 (28,0%) таси, Хоразм вилоятида 442 та лойиҳадан 127 (28,7%) таси, Тошкент шаҳрида 149 та лойиҳадан 54 (36,2%) таси бўйича ташаббускор ёшлар ўз  ғоя ва фикрларидан қайтиб, кредит олишни рад этганлиги натижасида лойиҳаларни амалга ошириш тўхтатилган.

Ачинарлиси, ташаббускор ёшлар томонидан имтиёзли кредит олишни рад этиб, амалга оширилмаган лойиҳалар “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармасидан ҳақиқатда молиялаштирилган лойиҳалар сонидан бир неча баробарга кўпдир.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида манзилли рўйхатдаги 551 та лойиҳадан амалга оширилаётган лойиҳалар 75 (13,6%) та бўлса, рад этилгани 143 (26,0%) та, Андижон вилоятида 1292 та лойиҳадан амалга оширилаётган лойиҳалар 137 (10,6%) та бўлса, рад этилгани  259 (20,0%) та, Жиззах вилоятида 375 та лойиҳадан амалга оширилаётган 113(30,1%) та бўлса, рад этилгани 68 (18,1%)та, Қашқадарё вилоятида 875 та лойиҳадан амалга оширилаётган лойиҳалар 152 (17,4%) та бўлса, рад этилгани  304 (34,7%) та, Навоий вилоятида 364 та лойиҳадан амалга оширилаётган лойиҳалар 76 (20,8%) та бўлса, рад этилгани  73 (20,0%) та, Наманган вилоятида 574 та лойиҳадан амалга оширилаётган лойиҳалар 85 (14,8%) та бўлса, рад этилгани  7 (1,2%) та, Самарқанд вилоятида 1036 та лойиҳадан амалга оширилаётган лойиҳалар 161 (15,5%) та бўлса, рад этилгани 458 (44,2%) та, Сирдарё вилоятида 404 та лойиҳадан амалга оширилаётган лойиҳалар 56 (13,9%) та бўлса, рад этилгани 154 (38,1%) та, Сурхондарё вилоятида 874 та лойиҳадан амалга оширилаётган лойиҳалар 194 (22,2%) та бўлса, рад этилгани  261 (29,9%) та,Тошкент вилоятида 725 та лойиҳадан амалга оширилаётган лойиҳалар 162 (22,3%) та бўлса, рад этилгани 283 (39,0%) та, Фарғона вилоятида 869 та лойиҳадан амалга оширилаётган лойиҳалар 197 (22,7%) та бўлса, рад этилгани 244 (28,0%) та, Хоразм вилоятида 442 та лойиҳадан амалга оширилаётган лойиҳалар 136 (30,7%) та бўлса, рад этилгани  127 (28,7%) та,  Тошкент шаҳрида 149 та лойиҳадан амалга оширилаётган лойиҳалар 30 (20,1%) та бўлса, рад этилгани  54 (36,2%) тани ташкил этади.

Бундан ташқари, барча вилоятларда “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси ҳисобидан имтиёзли кредитлар олиш эвазига янги иш ўринлари яратишга умид боғлаган юзлаб ёш ташаббускорларнинг лойиҳалари белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, банкларга тақдим этиш учун тайёр ҳолатга келтириб қўйилган, лекин белгиланган банкларда ресурс мавжуд эмаслиги туфайли маблағ билан таъминланмаган.

Тасдиқланган манзилли рўйхатга киритилган лоийҳаларнинг кредит билан таъминланмаганлигининг энг асосий сабаби - бу “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармасида етарли маблағлар шакллантирилмаганлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан етарлича ва лозим даражада молиялаштирилмаганлигидир.

Юқоридаги ҳолатлар “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”нинг якунланишига қисқа муддат қолганлигини ҳисобга олиб, Давлат дастурининг 231-бандининг лозим даражада ва тўлиқ ижро этилмаслигига ҳамда келгуси йил учун манзилли рўйхат шакллантиришда ёш ташаббускорларнинг ишончига путур етишига олиб келади.