@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Тошкент шаҳрида уй-жой ҳуқуқи масаласи халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилинди

 2019-10-02 11:43:00   |     Просмотров: 167

Бугун «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати офисида уй-жой ҳуқуқи соҳасида одил судловни таъминлаш масаласига бағишланган экспертлик муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хорижий ва маҳаллий экспертлар, депутатлар, суд корпуси, академик ҳамжамият вакиллари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирок этишди.

Жумладан, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуард Стипрайс, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер, Юристлар халқаро комиссияси маслаҳатчиси Тимур Шакиров ҳамда бошқа халқаро ва миллий экспертлар ўз фикрларини билдиришди.

Тадбир «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Юристлар халқаро комиссияси (ЮХК), БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Экспертлик муҳокамасини ташкил этишдан асосий мақсад — соҳага оид илғор хориж тажрибасини таҳлил қилиш ва амалга тадбиқ этиш учун тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек, қонунчиликни келгусида янада такомиллаштиришга кўмаклашиш.

Муҳокамаларда таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларнинг асосий йўналишларидан бири сифатида ижтимоий уй-жойлар қурилишини кенгайтириш ҳисобланади. Жумладан, шаҳар ва қишлоқларда умумий яшаш майдони 3,5 миллион квадрат метрдан ортиқ бўлган намунавий ва кўп қаватли барпо этилди. Уй-жой қурилиши ҳажми 2010 йилга нисбатан 3,5 бараварга ошди.

2017 йилдан буён қишлоқ жойларида арзон уй-жой биноларининг янги типлари қурила бошланди. Алоҳида дастурлар асосида ёш оилалар ва аёллар уй-жой билан таъминланмоқда. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш учун турар-жой бинолари учун тўловларнинг фоиз ставкаси пасайтирилди. Турар-жой бинолари билан таъминланиш, шунингдек, қурилиш компанияларига солиқ, божхона ва бошқа имтиёзлар бериш орқали таъминланди.

Жумладан, пудратчи ташкилотларига “тайёр ҳолда топшириш” шартлари бўйича турар-жой бинолари, сув таъминоти объектлари ва йўлларни қуриш бўйича ишлар ҳажми бўйича давлат мақсадли жамғармаларига барча турдаги солиқларни ва мажбурий тўловларни тўлашдан озод қилинди.

Шу билан бирга, қурилишни ташкил этишда ва муҳтож оилаларни уй-жой билан таъминлашда бир қатор камчиликлар мавжуд бўлиб, уларга янги ёндашувларни ишлаб чиқиш зарур. Жумладан, намунавий лойиҳалар учун арзон уй-жой қуриш учун баъзан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ишлатилади. Хусусан, жорий йилда туман ҳокимликлари томонидан ушбу мақсадлар учун ажратилган 1065 гектар ер майдонининг қарийб 60 гектари айнан шу тоифага тўғри келади. Бундан ташқари, намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жой биноларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талаблари бузилганлиги, лойиҳалардан четга чиқиш, сифатсиз қурилиш-монтаж ишлари кузатилмоқда.

Бўлиб ўтган муҳокамалар давомида халқаро ҳуқуқнинг тегишли жиҳатлари ва уй-жой ҳуқуқи стандартлари, уй-жой низолари бўйича суд амалиёти, хорижий мамлакатларнинг бу борадаги тажрибаси муҳокама қилинди. Миллий ва халқаро экспертлар давра суҳбати давомида соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқдилар.

 

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати