@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Тошкент шаҳрида Марказий Осиё Ёшлар конгресси бўлиб ўтди

 2019-09-23 14:30:00   |     Просмотров: 1393

Жорий йилнинг 19-21 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Марказий Осиё Ёшлари конгресси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Россия ва Германиядан ташриф буюрган 80 дан зиёд йигит-қизлар ва соҳа экспертлари иштирок этди. Асосий мавзу — “Рақамлашув, иқтисодиёт, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш: Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи учун истиқболлар”.


Конгресс “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Конрад Аденауэр жамғармасининг минтақавий ваколатхонаси техник кўмагида ташкил этилди.


Тадбир давомида иштирокчилар томонидан Марказий Осиё ёшлар ташкилотларида жамоатчилик дипломатиясини ривожлантириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, Ёшлар  ташкилотлари, ассоциациялар, бирлашмалар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва улар билан мулоқотни янада ривожлантириш, Ёшлар ташкилотларининг энг яхши тажриба ва амалиётлари, муваффақиятли лойиҳалар тўғрисида мунтазам равишда таништириб борадиган мунозара майдонини (“Тошкент ёшлар мунозара клуби”) ташкил этиш, шунингдек минтақада ижтимоий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.


Бундан ташқари, етакчи хорижий экспертлар, давлат органлари, ННТлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида алоҳида гуруҳларда муҳокамалар ташкил этилиб, рақамлашув жараёнлари ва унинг ривожида ёшларнинг ўрни, Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ривожи, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш каби масалалар бўйича ёшларнинг таклифлари ишлаб чиқилди.


Таъкидланганидек, бугунги кунда Марказий Осиё турли чақириқлар билан юзлашмоқда. Ёш минтақа демографияси Буюк Ипак йўли мамлакатлари келажаги учун катта салоҳиятга эга. Келажак учун муҳим бўлган демократия, иқтисодий фаровонлик, замонавий бошқарув ва экологик барқарорлик каби мавзулар кейинги авлод тақдири билан чамбарчас боғлиқдир. Бу борада Марказий Осиё давлатлари минтақавий ҳамкорлик масаласида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Германия ва Европа мамлакатлари Марказий Осиё давлатларининг ривожланиши ва барқарорлигида манфаатдор. Хорижий ва маҳаллий экспертлар муҳокамалар давомида мазкур масалаларда ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.


Хусусан, Германиянинг Тюрингия федерал ери собиқ Бош вазири, Конрад Аденауэр жамғармасининг марказий бошқарув аъзоси, “Governmental Affairs Magna Europe в Magna International” компанияси вице-президенти доктор Дитер Альтхаус, Қирғизистон Республикаси Жўқорғу Кенеши раиси ўринбосари Аида Касималиева, “Зеркало” Жамоатчилик тадқиқот маркази (Тожикистон) директори Кахрамон Бакозода, шунингдек Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё мамлакатларидаги стипендиатлари маъруза билан иштирок этишди.  


 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати