@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Жан Тодт: Элементар хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш йўл транспорт ҳодисалари сонини камида икки бараварга қисқартиради

 2019-09-19 12:52:00   |     Просмотров: 2164

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати офисида БМТнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича махсус вакили Жан Тодт ва ННТлар, хусусий сектор, ёшлар ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги учун масъул тузилмалар вакиллари билан қатор учрашувлар бўлиб ўтди.

БМТнинг махсус вакили бутун дунёда кузатилаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммоларига урғу қаратди. Йўл-транспорт ҳодисалари ҳар йили дунё бўйлаб 1,35 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлиб, 50 миллион кишининг турли даражадаги жароҳатланишига олиб келаяпти. Йўл-транспорт жароҳатлари болалар ва ёшлар ўлимининг асосий сабабидир. Бу муҳим ижтимоий ва иқтисодий оқибатларга олиб келади. Кўпгина мамлакатларда иқтисодий зарар ЯИМнинг 5 фоизига этади.

Жан Тодтнинг сўзларига кўра, муаммонинг асосий сабабларидан бири бу йўлда ҳайдовчилар томонидан содир этиладиган бир қатор элементар қоидабузарликлар: ҳаракат давомида тезликни ошириш, хавфсизлик камарларини тақмаслик, маст ҳолда автомобиль бошқариш, SMS-хабар юбориш ва телефон орқали мулоқот қилиш. Бундай вазиятларни бартараф этиш ва хавфсизликнинг оддий қоидаларига риоя қилиш йўл-транспорт ҳодисалари сонини камида икки баробар қисқартиради. Шу муносабат билан, ҳаракат иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузишнинг салбий оқибатлари тўғрисида кенг маълумот бериш орқали уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш муҳимдир.

Учрашув давомида масалага комплекс ёндашув муҳимлиги таъкидланди. Ушбу масаланинг миллий даражадаги жавобгарлиги ҳукуматга юклатилган, чунки уларда қонунчилик базасини ўзгартириш учун зарур воситалар мавжуд, аммо жамоатчилик гуруҳлари ва ёшлар ҳам жамиятнинг турли қатламларини йўллардаги қоидалар ва хавфсизликка риоя қилишга ундаш бўийча муҳим роль ўйнайди.

Маълумот учун: Жан Тодт махсус элчи сифатида БТМга аъзо давлатларга ташриф буюриб, манфаатдор томонлар билан йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларига қатъий сиёсий эътибор қаратиш, шунингдек кўпроқ саъй-ҳаракатлар ва тегишли молиялаштиришни рағбатлантириш мақсадида юқори даражадаги мулоқотлар ўтказади.

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати